Ўзбекистон Президенти Олий Мажлиси ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатини ҳамкасбларимиз билан биргаликда катта қизиқиш билан кузатдик.
Таъкидлаш жоизки, Тараққиёт стратегиясининг биринчи мақсади – маҳалла институти фаолиятининг самардорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш борасидаги ишлар бугун ҳар бир оилада ўз аксини топмоқда. Буни ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш, давлат органлари билан тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳалладан давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари”ни қўллаб-қувватлаш, ҳоким ёрдамчиси институтининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш каби бир қатор муҳим жиҳатларда кўриш мумкин.
Албатта олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали ва халқчил бўлишида давлат энг аввало қатъиятли, адолат ва садоқатни фаолиятининг бош мезони сифатида кўрадиган салоҳиятли кадрларга таянади.
Давлатимиз раҳбари ушбу йўналишдаги ислоҳотларни бирма-бир эълон қилар экан, энг аввало кадрларни танлаш, уларни адолатли тизим орқали жой-жойига қўйиш масаласини қайд этиб ўтди.
Мурожаатномада бундан буён давлат лавозимларига фақат танлов асосида ишга қабул қилиниши яна бир бор таъкидланди.
Тараққий этган давлатлар томонидан намуна сифатида олинган давлат фуқаролик хизмати соҳасида бошқарувнинг замонавий тизимини жорий этиш борасидаги ислоҳотлар негизидаги асосий вазифалардан бири “очиқ мустақил танлов асосида кадрларни танлаб олиш” эканини кўришимиз мумкин. Бунда энг иқтидорли, компетенциялари юқори бўлган ходимлар меритократия тамойили асосида бўш иш ўринларига ишга қабул қилинади.
Қайд этиш жоизки, барча ислоҳотларимиз замини ва кўзгуси бу — маҳалла. Жамиятимиздаги барча жараёнлар маҳалла ҳаётида ўз ифодаси ва амалий ечимини топади. Маҳалла — тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир.
Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида таъкидлаганидек, бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади. 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилади. Ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги ҳам билдирилди.
Шу билан бирга, маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиши, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб молмулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қоладиган бўлди. Бу эса ўз навбатида, маҳалладаги қатор муаммоларга самарали ечим бўлади.
Мурожаатномада яна бир муҳим жиҳат, Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уйжойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш лозимлигига эътибор қаратилди. Қувонарлиси, аҳоли учун янги уйжойлар қуриш ҳажми 1,5 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади. Бу борада икки йил олдин бошланган имтиёзли шартлар асосида ипотека кредитлари бериш давом эттирилади. Келгуси йилдан Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади.
Президентимиз қайд этганидек, Дастур доирасида, биринчи навбатда турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уйжойлар барпо этилади.
Бир сўз билан айтганда, давлат фуқаролик хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этилиши, маҳаллага берилаётган имтиёз ва эътибор келгусида аҳолининг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини самарали ҳал этишга хизмат қилади.
Одилжон АТАУЛЛАЕВ,
Нурафшон шаҳар “Чиғириқ”
маҳалла фуқаролар йиғини
ҳоким ёрдамчиси