Айни кунда Давлат хизматлари марказлари орқали 170 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда. Аҳолини ортиқча оворагарчиликлардан халос этиш мақсадида — Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали жисмоний ва юридик шахсларга 300 дан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этилмоқда.
Нурафшон, Чирчиқ ва Оҳангарон шаҳар Давлат хизматлари марказларида биометрик паспорт ва шахсни тасдиқловчи ID-карта бериш жорий қилинган. Зангиота туманида эса ҳозирча ID-карта берилмоқда. 2022 йил якунига қадар босқичма-босқич барча Давлат хизматлари марказларида ушбу имкониятни яратиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, хизматлар экстерриториаллик тамойили асосида (рўйхатда турган жойингиздан қатъий назар) тақдим этилади. Бунда ID-карта олиш учун тўлов миқдори БҲМнинг 1 бараварига тенг, яъни айни дамда 300 минг сўм (аввал БҲМнинг 1,2 баравари бўлган).
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида Тошкент вилоятидаги Давлат хизматлари марказлари орқали 100 га яқин фуқароларга ID-карта берилди.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими









