Шу йил 26 май куни давлатимиз раҳбари раислигида маҳаллий саноатни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишда таъкидланишича, ҳозир мамлакатимизда тўқимачилик, мебелсозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида 1 миллионга яқин аҳоли ишлаяпти. Умуман, бугун саноатдаги маҳаллийлаштириш янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий барқарорликка хизмат қиляпти.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 41 та лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар орқали умумий қиймати 445,5 миллиард сўмлик маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бизнес субъектлари томонидан тиббиётда қўлланиладиган табиий мазлар, стевия доривор ўсимлигини қайта ишлаш ва қадоқлаш, қурилиш материаллари, декоратив ойна, автомобиль мойлари, оловга чидамли ғишт, сув иншоотлари учун эҳтиёт қисмлар, қамишдан плитка, аграр соҳага мўлжалланган минерал ўғитлар, электротехника ҳамда чарм маҳсулотлари каби қатор импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турлари ўзлаштирилиши режалаштирилган. Айни пайтда ушбу йўналишларда ¬амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу эса вилоят саноатидаги ички эҳтиёжни қондириш ва импортга бўлган эҳтиёжни камайтиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Сурхон воҳасининг имкониятларидан кенг фойдаланиш учун қўшни давлатлар билан чегарадош ва чекка ҳудудларда янги корхоналар қурилмоқда. Бунга Термиз тумани Айритом маҳалласидаги базальт хомашёсидан минерал вата ишлаб чиқариш лойиҳасини мисол қилиш мумкин. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 26 миллион доллар бўлиб, корхона йилига 30 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу йил давомида 345 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот бозорга чиқарилади дегани. Қувонарлиси, корхонада 320 киши учун иш ўрни яратилади.
— Корхонамизни қуришда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ҳамкорликда иш юритмоқда, — дейди корхона иш бошқарувчиси Маҳмуд Холматов. — Лойиҳа Хитой, Туркия ва Таиланд давлатларининг юқори самарадорликка асосланган замонавий технологиялари билан жиҳозланяпти. Ҳозир барча маҳсулот ишлаб чиқариш босқичларини монтаж қилиш ишлари ўз поёнига етмоқда. Яна икки-уч ойда бу ишларни якунига етказиб, корхонани фойдаланишга топширамиз.
Олтинсой туманидаги Вахшивор тоғларида 60 гектар ер самарали ўзлаштирилмоқда. Ана шу ҳудуддан қазиб олинаётган базальт ва голомит тошлари қайта ишлаш учун саноат корхонасига етказиб берилмоқда.
Корхонага олиб келинган тошлар махсус технологиялар ёрдамида майдаланиб, юқори ҳароратда эритилади. Натижада жаҳон стандартларига мос минерал вата ва қурилишда кенг қўлланиладиган турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Бу маҳсулотлар иссиқлик ва совуқни сақлаши, шовқинни камайтириш ¬хусусияти билан ҳам ажралиб туради. Шу жиҳатдан улар қурилиш соҳасида экологик тоза ва самарали ечим сифатида юқори баҳоланмоқда. Яна бир гап, корхонада хорижлик малакали мутахассислар ҳам фаолият юритмоқда.
— Ҳозир ушбу корхонада базальт хом¬ашёсидан қурилиш материали ишлаб чиқариш учун технологик жараёнларни монтаж қиляпмиз, — дейди хитойлик мутахассис Саду Жоу. — Бугунги кунгача ўзим ишлаётган жамоа билан бирга катта қозонни ўрнатиб, ишлашга тайёр қилиб қўйдик. Корхона учун замонавий, энергия тежамкор қозон танланган. Бу ишлаб чиқаришда сифат ва самарадорликни оширади. Айтиш керакки, бу ерда ишлаш менга ёқди. Чунки аҳил, қувноқ, юқори малакали мутахассислар жамоасида ишлаш доим ёқимли.
Ушбу лойиҳа ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада ошириб, экспорт ҳажми кўпайишига хизмат қилади. Қолаверса, корхона йирик солиқ тўловчига айланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа сабаб маҳаллий бюджетга солиқ тушуми 20 миллиард сўмгача кўпаяди.
Термиз эркин иқтисодий зонасида импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқарадиган қатор истиқболли лойиҳалар режалаштирилган. Жумладан, Президентимиз 2024 йилнинг 22 ноябрь куни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказган эди. Мазкур йиғилишида масъуллар олдига ҳудудда иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида қатор вазифалар қўйилганди.
Эркин иқтисодий зонадаги йирик бизнес субъекти йилига 17 миллион долларлик импорт ўрнини босадиган қурилиш жиҳозлари ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, бешта ¬давлатга 4 миллион долларлик 4,5 минг тонна тайёр маҳсулот экспорт қилинади.
Қурилиш объектларининг муҳим компоненти бўлган ойна маҳсулотлари илгари Сурхондарёга четдан импорт қилинар эди. Деновлик тадбиркор 1 миллион 250 минг долларга тенг маблағ эвазига ойнага ишлов бериш корхонасини ташкил этди. Корхонада ойна мижоз таклифига кўра турли ўлчам ва шаклга келтирилади.
— Денов туманида ҳам саноатни маҳаллийлаштириш доирасида самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда, — дейди тадбиркор А.Ҳалимов. — Қувонарлиси, корхонамиз ¬сабаб ишсиз ва рўзғор тебратиш учун хорижга кетишга мажбур бўлган фуқаролар энди маҳалласида, оиласидан олис кетмай меҳнат қиляпти. Бу янги Ўзбекистондаги янгиланишлар оддий одамлар ҳаётида қанчалик ижобий ўзгариш ясаганига яққол мисолдир.
Эҳтиёж юқорилиги боис, Термиз шаҳрида ҳам ойна ишлаб чиқариш ва унга ишлов бериш корхонаси фаолият юритмоқда. Натижада ойна импортининг ҳажми анча қисқарди.
— Ушбу лойиҳанинг қиймати 3 миллион долларни ташкил этади, — дейди корхона менежери Турдимурод Каримов. — Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 30 миллион квадрат метрни ташкил этади. Бугунги кунда турли ўлчам ва рангдаги 20 турдан ортиқ ойна маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Бу ўз-ўзидан -Сурхондарёнинг иқтисодий ўсишига ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиляпти.
Термиз шаҳри саноатлашган ҳудудга айланди. Ҳозир бу ерда талаб ва таклиф, ички ва хориж бозорларининг динамикаси муттасил ўрганилади, таҳлил қилинади. Шу туфайли бозорбоп товар ишлаб чиқариш ғояси илгари сурилади. Ғоя ижобати билан муҳим бўлганидек, бугунги кунда қурилишда зарур материал ҳисобланган полистиролли ва минерал ватали сэндвич панеллар Термизда кенг миқёсда ишлаб чиқариляпти.
— Сэндвич панеллари илгари Сурхондарёга импорт қилинарди. Ҳозир бундай маҳсулотларни ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз, — дейди корхона оператори Норбек ¬Аҳмедов. — Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион долларни ташкил қилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 790 минг квадрат метр.
Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳудудларда замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналарни ишга тушириб, мавжуд қувватларни модернизация қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда саноат корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш борасида Сурхондарёда самарали ишлар бажарилмоқда. Хусусан, Жарқўрғон туманида ҳам ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини юксалтиришга алоҳида эътибор бериляпти. Бунинг амалий ифодаларидан бири автоклаб усулда газо¬блок қурилиш маҳсулотини ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Умумий қиймати 35 миллиард сўм бўлган объект томонидан бугун вилоятимиздаги барча қурилиш иншоотларига зарур маҳсулот турлари етказиб берилмоқда.
Музработ туманида эса тадбиркор қамишни майдалаб, йилига 150 минг куб метр ёғоч қириндили плита ишлаб чиқармоқда. Ушбу лойиҳа сабаб 110 дан ортиқ иш ўрни яратилган.
— Азалдан ота-боболаримиз қамишдан уй-рўзғор буюмларини тайёрлаган. Аммо саноат кириб келгач, бундай буюмларга эҳтиёж йўқ деган қараш шаклланди. Бугун даврнинг ўзи олдимизга шу каби табиий бойликлардан самарали фойдаланиш заруратини қўймоқда. Технологик тараққиёт қамишдан ҳам замонавий ва юқори стандарт талабларига жавоб берадиган қурилиш хомашёси тайёрлаш имконини берди. Музработ тумани Амударёга яқин. Дарё соҳилида қамиш кўп ўсади. Шу пайтгача қамишга кераксиз ўсимлик деб қараганмиз. Одамлар ёзда уни ёқиб юбориб бўлса ҳам йўқотишга уринарди. Бугун эса бундай фикр, қарашлар умуман ўзгарди. Туманимизда ташкил этилган корхона фикримиз исботи. Бу корхона туманимизнинг юзлаб ёшларини иш билан таъминлади, — дейди музработлик журналист Абдусалом Йўлдошев.
Мазкур корхонада майдаланган қамишдан “Қамиш қириндили” ва “Ёғоч қириндили” плиталари ишлаб чиқарилмоқда. Лойиҳа учун 19 миллион доллар сармоя киритилган. Шундан 7 миллион доллари хорижий инвестициядир. Шу маблағ эвазига корхона замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.
— Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи ички бозорга, 70 фоизи экспортга йўналтирилади. Ишлаб чиқариш линияси тўла қувватда ишласа, йилига 2 миллион 500 минг долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилиши ва бу орқали 2 миллион долларлик импортни камайтиришга эришилади, — дейди корхона бош муҳандиси Аббос Набиев. — Кейинги йилда корхонамиз томонидан маҳаллий бюджетга қўшимча 3,3 миллиард сўм солиқ ва бошқа йиғимлар тушиши кутилмоқда. Йиллик соф даромад салмоғи эса 15 миллиарддан кўп бўлиши режа қилинган.
Сурхондарёнинг шаҳару қишлоқларида энг илғор технологиялар билан жиҳозланган тармоқлар барпо этилмоқда. Натижада ички бозор талаби тўлиқ таъминланиб, аҳоли эҳтиёжидан ортган маҳсулотлар хориж бозорига чиқарилмоқда. Бир вилоят, туман, ҳудуд кесимида саноат ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг бундай юқори суръатлар билан ўсишида эса янги корхоналарнинг ишга туширилиши, мавжудларида модернизация, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ишларининг амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









