Унда партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши масъул ходимлари, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, шу йил 27 октябрда ўтказилган сайлов натижаларига кўра халқ депутатлари Самарқанд вилояти ҳамда туман (шаҳар) кенгашларига ХДПдан сайланган депутатлар ҳамда партия фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида Халқ демократик партияси фаолиятини ривожлантириш, дастурий мақсадлари мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, ғояларни оммалаштириш ва ҳаётга татбиқ қилиш бўйича зарур тавсия ва тушунчалар берилди.
- Бу галги сайлов натижаларига кўра партиямизнинг 10 нафар аъзоси халқ депутатлари вилоят кенгашига, 85 нафари туман ва шаҳар кенгашларига депутат этиб сайланди, - дейди ХДПнинг вилоят кенгаши раиси Бадриддин Насриев. – Бугунги тадбиримиздан мақсад депутатларнинг халқ фаровонлиги, одамларнинг эртанги келажаги, бахтли ҳаёти учун масъулиятини ошириш, бу борада ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олишлари, жойлардаги муаммоларни бартараф этиш учун тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари жўнатиб, унинг ижросини таъминланишини назорат қилишда нималарга эътибор бериш зарурлигини билдиришдан иборат.
Тадбирда депутатлик мақомининг нима эканлиги ва унинг қандай вазифалари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари мавжудлиги ҳақида сўз юритилди.
- Сайловчиларнинг ижтимоий манфаатларидан келиб чиқадиган мурожаат, талаб ва таклифлари ижобий ҳал этилмаса, муаммоларга ўз вақтида ечим топилмаса, депутатга ишонч камаяди, - деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Марям Ниёзова. - Тўғри, бундай ҳолатда фақат депутатни айблаб бўлмайди. Чунки сайловчи кўтараётган масалани ижобий ҳал этишга ижро этувчи ҳокимият ҳамиша қодир эмас. Аммо депутат ҳамиша халқ томонида бўлиши, ўзининг ваколатини аҳолига кўпроқ тушунтириши, қайси масала қай даражада ҳал бўлишини уқтириши, халқнинг сиёсий фаоллиги баробарида уларнинг сиёсий савиясини ҳам ошириб бориши зарур.