баннер
28 фев 2025
00:19

    Диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланади

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан ташаббус қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Мазкур Концепция лойиҳасини қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган.

    Мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлашда мустаҳкам замин бўлди. 2017 йилдан кейин фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга ошириш, конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича ишлар янгича мазмун касб этди.

    Давлат тарихий, диний, маданий аҳамиятга эга биноларни ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этмоқда. Зиёрат туризмини сифатли ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

    Ўзбекистон учун ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Натижада Саудия Арабистонига қарийб 800 минг мусулмонлар ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш учун боришди.

    Диний таълим тизими ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

    2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Илмий-амалий ёндашув асосида ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини ўрганиш, диний таассублар билан боғлиқ хавфларнинг мафкуравий асосларини тадқиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсата бошлади.

    Шу билан бирга, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклашга қаратилган ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда.

    Айни пайтда ташаббус қилинган ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилмоқда.

    Ҳужжатга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.

    Концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

    Концепциянинг қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, дунёвийликни турлича талқин қилинишини ҳамда бузилишининг олдини олишга, мамлакат аҳолисининг, айниқса ёшларнинг салоҳиятини юксалтиришга, кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг тотувлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Концепция лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Шунингдек, уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш борасида тегишли қарор қабул қилинди.

    Қонунчилик палатаси расмий сайтида эълон қилинади.

    No date selected
    феврал, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech