Доғистонда уюштирилган теракт оқибатида 15 нафардан ортиқ полициячи ҳалок бўлди

    Доғистонда (Россия Федерацияси) 15 дан ортиқ полициячи теракт қурбони бўлди, бир қанча тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлди, деди ҳудуд раҳбари Сергей Меликов.

    Меликовнинг қўшимча қилишича, бир неча тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Республикада 24, 25 ва 26 июнь мотам кунлари деб эълон қилинди.

    Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги жами олти нафар полициячи ҳалок бўлгани, яна 13 нафари яралангани ҳақида хабар берган эди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг РИА Новости агентлигига маълум қилишича, ҳужум оқибатида етти нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳалок бўлди. Миллий аксилтеррор қўмитаси маълумотларига кўра, қурбонлар орасида Рус православ черкови руҳонийси ҳам бор.

    Меликов таъкидлаганидек, республикадаги вазият давлат органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан назорат қилинмоқда.

    Якшанба куни кечқурун бир гуруҳ қуролланган одамлар Дербентдаги ибодатхона ва черковга қарата ўқ узди. Оқибатда биноларда ёнғин бошланди. Шу билан бир вақтда Махачқалъадаги йўл патрул хизмати постига ҳужум қилингани маълум бўлди. Бундан ташқари, яна бир ҳужум Сергокала қишлоғида содир бўлди. У ерда қуролланган шахслар полиция машинасига қарата ўқ узди, полиция ходимларидан бири яраланди.

    Республикада аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Тергов қўмитасининг Доғистон бўйича департаменти “Террор ҳужуми” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди.

    Миллий аксилтеррор қўмитаси беш нафар жангари зарарсизлантирилгани ҳақида маълум қилди: иккитаси Дербентда ва учтаси Махачқалъада. Меликовнинг сўзларига кўра, олти нафар жангари йўқ қилинди.

    Доғистоннинг Сергокалинский тумани раҳбари Магомед Омаров қўлга олингани, унинг ўғиллари терактларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида “РИА Новости”га республика ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба маълум қилди, деб хабар беради ria.ru.