Дунё озиқ-овқат бозорида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

    2023/24 йиллардаги мавсумда жаҳон миқёсида шакар ишлаб чиқариш 175,5 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу ундан олдинги мавсумдагига нисбатан 2 фоиз кам.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари глобал озиқ-овқат бозори ривожланишидаги асосий йўналишларни таҳлил қилди.

    БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - FAOнинг прогнозига кўра, экстремал об-ҳаво шароити ва ортиб бораётган геосиёсий кескинлик глобал озиқ-овқат тизимига хавф туғдиради ҳамда савдо ва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги истиқболини ёмонлаштириши мумкин.

    2023/24 йиллар мавсумида дунё миқёсида 785,1 миллион тонна буғдой етиштирилиши кутиляпти. Гарчи етказиб бериш ҳажми етарли даражада сақланиб қолаётган бўлсада, бу ўтган мавсумдагига қараганда 2,2 фоиз кам.

    Буғдой етиштиришнинг прогноз қилинаётган қисқариши Австралия ва Россия Федерациясида 2022 йилдаги рекорд кўрсаткичлардан сўнг ҳосил миқдорининг камайиши, шунингдек, Канада ва Қозоғистонда йиғим-теримнинг прогноз қилинаётган қисқариши билан боғлиқ. Бироқ, Аргентина, Ҳиндистон ва АҚШда ишлаб чиқаришнинг ўсиши кутиляпти ва бу пасайишнинг ўрнини босади.

    Келаси мавсумда глобал мойли ўсимликларни етиштириш ўсишда давом этиши ва 666,7 миллион тонна – янги рекорд даражага етиши кутилмоқда. Бу эса аввалги мавсумдагига нисбатан 4 фоиз кўп. Соя (Бразилия, Аргентина) ва кунгабоқар уруғлари (Европа, Қора денгиз минтақаси) етиштириш бўйича юқори прогнозлар рапс етиштиришнинг кутилаётган қисқаришини қоплайди (Австралия, Канада).

    Жаҳон миқёсида шакар ишлаб чиқариш 175,5 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу 2022/23 йиллардагига нисбатан 2 фоиз кам. Эль-Ниньо ҳодисаси билан боғлиқ қуруқ об-ҳаво шароити туфайли асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатлар бўлган Таиланд ва Ҳиндистонда шакар ишлаб чиқаришнинг қисқариши кутилмоқда. Бразилия ва АҚШда ҳам шакар ишлаб чиқаришнинг пасайиши прогноз қилинаяпти.

    Дунёда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2023 йил охиригача 365 миллион тоннагача ортиши тахмин қилинаяпти. Бу 2022 йилдагига нисбатан 0,8 фоиз кўп.

    Осиёда гўшт ишлаб чиқаришнинг ортиши кутиляпти. Бу асосан Хитойда чўчқа гўшти ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан боғлиқ. Гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш Жанубий Америка, айниқса, Бразилия ва Океанияда ҳам кенгайиши мумкин.

    2023 йил охиригача сут ишлаб чиқариш 950 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу 2022 йилдагига қараганда 1,3 фоиз кўп.

    Жаҳонда сут ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинаётган ўсиши Осиёда, хусусан, Ҳиндистон ва Хитойда сут ишлаб чиқаришнинг кўпайиши билан боғлиқ. Шунингдек, Бразилияда ҳам соғин сигирлар сонининг кўпайиши ва сут маҳсулдорлигининг ошиши ҳисобига сут ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши кутиляпти.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates