Тараққий этган давлатларнинг муваффақияти географик ҳудудининг қулайлиги ҳамда транспорт-коммуникация тизимининг қай даражада ривожлангани билан узвий боғлиқ. Бу борада, айниқса, денгиз ва океанга чиқиш йўлининг мавжудлиги жуда катта аҳамиятга эга. Шу боис юкларни экспорт ва импорт қилишда шаҳарлараро, давлатлараро ҳамда қитъалараро ташишда транспорт йўналишлари муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида, Шарқ билан Ғарбни, Шимол билан Жанубни боғлайдиган муҳим ҳудудда жойлашган. Бироқ, денгиз ва океан портларидан узоқда бўлган мамлакатлар сирасига киради. Минтақада экспорт ва импорт қилинадиган халқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш учун асосий транспорт тури — темир йўл ҳисобланади. Айни кунларда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 13 та йўналиш бўйича 19 та портга, улар орқали эса яна ўнлаб бошқа бандаргоҳларга юклар етказиб берилмоқда.
2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан 2018 — 2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш бўйича комплекс дастур қабул қилинган эди. Унда бир қатор халқаро транспорт йўлакларига, шунингдек, Покистон денгиз портларига чиқиш учун Трансафғон транспорт йўлагини қуриш бўйича эришилган келишувларни жадаллик билан ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турганлигини, у ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдан иборатлигини таъкидлар экан, шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этган эди.
Минтақа тараққиётининг муҳим йўлаги
“Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамларни ташладик. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади.”
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги бу фикрлар Тошкентда бўлиб ўтган Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўл қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон — Aфғонистон — Покистон уч томонлама ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши моҳиятида ҳам ўз ифодасини топди. Айни кезда ушбу тадбир уч давлат раҳбарлари томонидан 2020 йил 29 декабрда йирик халқаро молиявий тузилмаларга йўлланган ва Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўл қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш таклифи билдирилган қўшма мурожаатнинг яна бир амалий тасдиғи ҳисобланади.
Анжуманда иштирок этган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси вакиллари томонидан мазкур лойиҳанинг муҳимлиги қайд этилди, Ўзбекистоннинг бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланди. Маълумотларга қараганда, ушбу лойиҳага халқаро молия ташкилотлари 4,8 миллиард доллар миқдорида кредит ажратиши кутиляпти.
Йиғилишда Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари билан учрашувда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқишни ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳасини илгари суриш тўғрисидаги ташаббус ўз мамлакатида юксак баҳоланиб, қўллаб-қувватланаётганини қайд этган бўлса, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва Президент Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргарни Тошкент шаҳрида етакчи халқаро молиявий институтлар раҳбарлари иштирокида ўтган Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ биринчи йиғилишининг самарали якунларини юксак баҳолади.
— Бу — янги давр, янги босқич, XXI асрда мамлакатларимиз учун янги ва энг муҳим воқеа, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов. — Мен ушбу ютуқли ташаббусни ишончли тарзда асрнинг лойиҳаси деб аташим мумкин. Бу мамлакатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг принципиал жиҳатдан янги парадигмасини шакллантиради. Бугун биз муҳокама қилаётган темир йўл барқарор ривожланиш ва халқларимиз турмуш даражасини яхшилаш платформасига айланади.
Экспертларнинг қайд этишича, Трансафғон транспорт йўлагининг барпо этилиш ташаббуси нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиёни жахон хўжалик тизимига интеграциясини жадаллаштириб, уларни Ҳинд океанига олиб чиқади, балки Афғонистонда ҳам барқарор иқтисодиётнинг таъминланишига, хусусан, янги иш ўринлари яратилиши, электр энергия таъминотининг яхшиланиши, энг муҳими, одамларнинг иш билан таъминланишига,юклар транзитидан йирик даромадларнинг келишига хизмат қилади. Масалан, Осиё тараққиёт банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли фойдаланишга топширилиши натижасида 1,2 минг нафарга яқин киши ишга жойлаштирилди.
Бинобарин, Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда камида 2 миллиард долларга етказиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида кооперацияни кучайтиришга катта эътибор қаратиляпти. Пандемия оқибатларига қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли кўпайди, бизнес алоқалари фаоллашди. Икки мамлакат тадбиркорлари учун ноёб имкониятларга эга “Термиз” халқаро савдо маркази ташкил этилди. “Сурхон – Пули Ҳумри” йўналишида электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси доирасида ишни йўлга қўйиш чоралар кўриляпти.
Анжуманда шу каби масалаларга ҳам урғу берилди. Хусусан, Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юкларни ташиш харажатларини 30-35 фоизга, вақтини эса ўртача 15–16 кунга қисқартиришга имкон беради.
Қайд этиш жоиз, Жанубий Осиё мамлакатлари бозори Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари учун энг истиқболли ҳисобланади. Умумий 1,9 миллиард аҳолига ва 3,5 триллион доллар ялпи ички маҳсулотга эга бўлган бу минтақа дунёдаги энг тез ривожланаётган ҳудудлар сирасига киради. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга келиб Ҳиндистон ва Покистоннинг Афғонистон ҳамда МДҲ давлатлари билан умумий ташқи савдо айланмаси 26 миллиард долларга етиши кутиляпти.
Йиғилишда эътироф этилганидек, Покистоннинг Карачи, Қосим ва Гвадар денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган Транс-афғон йўлаги Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини кескин оширишга, юк ташиш учун муҳим оқимларни жалб қилишга ва Европа ва Осиёни қуруқлик магистрали орқали энг қисқа йўл билан боғлайдиган кўприк сифатида минтақанинг тарихий ролини тиклашга ёрдам беради.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи










