Дунёда электрон сигарета чекувчи ўсмирлар сони катталарга нисбатан кўп — ЖССТ

    Саломатлик 15 декабр 2023 1081

    Мутахассислар 2050 йилгача сайёрамизда чекиш туфайли 450 миллион одам ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

    Кашандалик — олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатларининг биринчи сабаби. Мутахассислар 2050 йилгача сайёрамизда чекиш туфайли 450 миллион одам ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

    Хавотирланиш учун эса етарли асослар бор. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кечаги ҳисоботи бунга янада ойдинлик киритди.

    Унда қайд этилишича, дунё бўйича 13-15 ёшли болалар электрон сигаретлардан катталарга нисбатан кўпроқ фойдаланмоқда. Масалан, Канадада 2017 йилдан 2022 йилгача 16-19 ёшли ўсмирлар ўртасида бу турдаги маҳсулотни чекиш икки баравар кўпайган. Англияда эса сўнгги уч йил ичида электрон сигарета истеъмол қилувчи ёшлар сони уч баробар ошган.

    Қолаверса, ўтказилган тадқиқотлар орқали электрон сигаретадан фойдаланувчи йигит-қизларнинг кейинчалик оддий сигарета чекишга одатланиш эҳтимоли деярли уч баробар юқорилиги аниқланган.

    Хўш, нега бу иллат кўлами ортмоқда? Экспертлар фикрича, асосий муаммо бир-биридан жозибадор рекламалар кўпайиб, қонуний чекловлар тобора сусайиб бораётганида!

    Мисол учун, ҳозир ижтимоий тармоқлар орқали электрон сигареталарнинг 16 000 мингдан ортиқ таъмга эга турлари таклиф қилинмоқда. Ҳатто баъзи ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари харидоргирлигини ошириш учун машҳур мультфильмлар қаҳрамонларидан фойдаланишгача боряпти.

    Яна бир оғриқли нуқта: бугунги кунда атиги 34 давлатда электрон сигареталар сотуви тақиқлаган холос. Бироқ жаҳоннинг 88 мамлакатида бундай маҳсулотларни сотиш учун минимал ёш чегараси белгиланмаган. 74 давлатда эса бу борада умуман қоидалар мавжуд эмас.

    Ваҳоланки, электрон сигарета (вейп) чекиш одатий тамаки маҳсулотлари каби ўпка, юрак қон-томир, асаб тизими касалликларини келтириб чиқаради.

    Бир қатор металлар, шу жумладан қўрғошин, хром ва никель, шунингдек, баъзи электрон сигареталар аэрозолларида формальдегид миқдори оддий сигареталардагига тенг ёки ундан ҳам юқори.

    Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ҳукуматларни вояга етмаганлар ўртасида электрон сигарета истеъмолини чеклаш ва ёш авлодни никотинга қарамликдан асраш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирди.

    Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз қонунчилигига кўра, таркибида жозибадорликни оширишга қаратилган моддалар (ароматизаторлар, бўёқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари) бўлган электрон сигареталар, улар учун никотин ва никотинсиз суюқликларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва сотиш тақиқланади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates