Эҳтиёж юқори касбларга мутахассис тайёрлайдиган муҳит зарур

    Халқаро ҳамкорлик олий таълим муассасасининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб, жаҳон таълим тизимига интеграциялашувни таъминлаш, таълим, илмий, иқтисодий фаолият доирасини кенгайтириш учун замонавий шарт-шароит ва норматив базани яратишга муносиб хизмат қилмоқда.

    Андижон машинасозлик институти мисолида оладиган бўлсак, айни пайтда мазкур муассаса Туркия, Италия, Германия, Португалия, Бельгия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Россия, Беларусь сингари давлатлардаги 80 дан ортиқ олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатган. Айниқса, Беларусь ва Хитой Халқ Республикасининг қатор нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

    Институт 2018 йилда Шимолий Хитой технологиялар университети билан алмашинув дастурларини амалга ошириш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишлари олиб бориш ҳамда илмий лойиҳалар тайёрлаш бўйича меморандум имзолаган. Унга асосан, 2019 йилда машинасозлик технологияси, мехатроника ва робототехника, сунъий интеллектуал тизимлар ва электрон ахборот муҳандислиги таълим йўналишлари бўйича бакалавриатурада “2+2”, “3+1”, магистратурада “1+1” моделлари асосида қўшма таълим дастури йўлга қўйилди. Мазкур қўшма таълим дастури доирасида ўтган ўқув йилида уч нафар магистр ва ўн тўққиз нафар бакалавр тайёрланиб, уларга икки томонлама диплом берилди. Бундан ташқари, беш йил давомида биргаликда илмий соҳада ҳам давлат грантлари қўлга киритилди, электротехника ва робототехника йўналишлари бўйича самарали лойиҳалар амалга оширилди, институтнинг моддий-техник базаси яхшиланди.

    Келгусида университет билан ҳамкорликда Андижонда қуёш элементлари, сув ва шамол генераторларидан олинаётган электр энергиясини истеъмолга татбиқ қилиш жараёнида энергия самарадорлигини доимий равишда кўтариб бориш учун керак бўладиган махсус SVG қурилмасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

    Институтимиз, шунингдек, Пекин технологиялар университети ва Нанкин политехника институти билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган. Ўтган икки йил давомида кадрлар тайёрлаш салоҳиятини янада ошириш мақсадида илмий-педагогик ходимлар стажировка ўтади. Бундан ташқари, икки томонлама академик ҳаракатчанликни ривожлантириш мақсадида аспирантлар, магистрантлар ва талабалар алмашинуви, турли лойиҳалар амалга оширилди.

    Мисол учун, институт қошида Нанкин политехника институти билан ҳамкорликда Хитой тилини ўрганиш ва “Yong Li” техник марказлари ташкил этилиб, Luban устахонаси фаолияти йўлга қўйилди.

    Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бу каби ишлар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига халқаро меъёр ва талабларни жорий этишга хизмат қилмоқда. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш натижасида институтнинг илмий салоҳияти сўнгги 5 йилда 18 фоиздан 40 фоизга етказилди.

    Мамлакатимиз келажагини етук ёш авлод барпо этади. Демак, уларга дарс бераётган мутахассислар кучли салоҳиятга эга бўлиши керак. Бугун институтда фаолият олиб бораётган 300 дан ортиқ профессор-ўқитувчининг 19 нафари фан доктори, 92 нафари эса фан номзоди. Шунингдек, докторантурада 23 ихтисослик бўйича жами 156 нафар докторант, таянч докторант ва мақсадли изланувчилар илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

    Ўтган йили жами қиймати бир миллиард сўмликдан ортиқ учта давлат илмий техника дастури доирасидаги илмий лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу маблағ ҳисобига иккита илмий лаборатория ташкил этилди. 11 та патент, 83 та дастурий таъминот учун гувоҳнома олишга эришилди.

    Шунингдек, Президентимизнинг яқинда Андижон вилоятига ташрифида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида институт қошида Муҳандислар мактаби ташкил қилинадиган бўлди. Унинг ташкилий тузилмаси ва фаолиятини замонга мос равишда олиб борамиз ва етук кадрлар тайёрлашда унинг ўрнини оширамиз.

    Албатта, ислоҳотларнинг ижобий самаралари кишини қувонтиради, бироқ бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Чунки ҳали амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар талайгина.

    Маълумки, жорий йил 5 февраль куни ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятига ҳам тўхталар экан, ютуқлар билан бирга, камчилик ва муаммоларни ҳам кўрсатиб ўтди. Сўнгги етти йилда олий таълимга қамров кескин ошгани, соҳага хусусий сектор кириб келгани билан сифатга етарли даражада эътибор қаратилмаётгани танқид қилинди.

    Олий таълим муассасаларига мақом беришнинг аниқ мезонларини белгилаш, бакалавриат йўналишларини мақбуллаштириш, таълим дастурларини дунёдаги 300 та энг яхши олийгоҳ дастури асосида янгилаш вазифаси қўйилди.

    Хусусан, техника олий таълим муассасаларига 2024 йилда замонавий конструктор, технолог, архитектор, муҳандис, энергетик каби эҳтиёж юқори касблар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган муҳит яратиш масъулияти юкланди. Бинобарин, ҳар бир олий таълим муассасаси олдида улкан вазифа ва мажбуриятлар турибди. Нафақат таълим-тарбия сифатини ошириш, балки дунёнинг энг ривожланган таълим муассасалари тажрибасининг миллий ўқитиш тизимимиз қадриятларига хос жиҳатларини олиб такомиллаштириш замон талаби бўлиб қолмоқда.

    Бу борада илгари сурилган долзарб вазифалар ва уларнинг ижросини бажариш ҳамда салоҳиятимизни кўрсатиш бўйича жамоамиз билан биргаликда ўша кунданоқ қатъий йўлимизни белгилаб олдик. Ишонч билан айта оламизки, педагоглар, хусусан, институтимиз педагогик жамоаси ана шу вазифаларни сидқидилдан адо этиш учун бор билим ва имкониятини ишга солади.

    Умид ТУРДИАЛИЕВ,
    техника фанлари доктори

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 39-сонида (2024 йил 23 февраль) чоп этилган.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates