"Экологик из" "яшил иқтисодиёт" орқали ўчирилади

    Лойиҳа доирасида 2026 йилда йилига 100 минг дона экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланувчи самарадор ва тежамкор электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга завод ишга туширилиши режалаштирилган.

    Инсон ўз эҳтиёжи учун турли объектлар барпо этиш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, энергетика, сув ҳамда хомашё манбаларидан фойдаланиш жараёнида табиатга муайян даражада салбий таъсир кўрсатади. Бу таъсир, масалан, “углерод изи” ёки “сув изи” каби кўрсаткичлар орқали аниқланадиган “экологик из” сифатида намоён бўлади. Афсуски, бу кўп ҳолларда табиат ва атроф-муҳит учун зарарли оқибатлар келтириб чиқаради.

    Мазкур зарарни камайтириш учун иқтисодий фаолиятни мутаносиб ва барқарор ривожлантириш талаб этилади. Бунда қайта тикланувчи энергетика манбаларига эътибор қаратган ҳолда энергия ишлаб чиқаришни экологик жиҳатдан самарали йўлга қўйиш, сув ҳамда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндини қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, табиатни тиклаш ва муҳофаза қилиш стратегияларини ишлаб чиқиш катта аҳамият касб этади. Айни шу йўналишда иқтисодий жараёнлар “яшил” иқтисодиёт модели асосида такомиллаштирилиши керак. Яъни иқтисодиёт нафақат иқтисодий ўсишни назарда тутиш, балки иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни енгиллаштириш, табиий ресурсларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, сайёрамиздаги экологик мувозанатни сақлашни ҳам мақсад қилиб олиши лозим. Бу эса жамият, иқтисодиёт ва экология манфаатларини яхлит ҳолда кўриб чиқиб, уларни уйғунлаштиришни талаб этади.

    2025 йил юртимизда Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили деб эълон қилинди. Ўрта ва узоқ муддатда иқтисодиётни “яшиллаштириш”, ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилган муҳим ислоҳотлар бир неча йил аввал бошланган эди. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилди. 2021 йил августида 100 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси ишга туширилди.

    “Яшил” иқтисодиётга ўтиш чораларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт экилмоқда. 2023 йил июнида 500 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қурилиши бошланди ва шу ойдан бошлаб маҳсулотлар ишлаб чиқаришда экология ҳамда атроф-муҳитга таъсирни чеклаш бўйича талаблар асосида “яшил сертификат”лар тизими жорий этилди. Сентябрда давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканини таъкидлаб, бу йўналишда таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашга қаратилган яна кўплаб самарали чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

    ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИНИНГ ЎРНИ

    “Яшил” иқтисодиётга ўтишдаги муҳим вазифалар қаторига иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурсларни оқилона истеъмол қилиш ҳам киради.

    Қайта тикланувчи, “яшил”, муқобил энергетика деган атамалар қуёш, шамол, гидро энергетика манбалари билан ёнма-ён қўлланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш “яшил” энергия асосидир. Юртимизда йилнинг 320 куни қуёшли. Ҳисоб-китобларга кўра, мана шундай офтобли кунлар қуёш станцияларини қуриш орқали 600 миллиарддан ортиқ киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

    2019-2030 йилларга мўлжалланган “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясига мувофиқ, 2030 йилгача Ўзбекистонда иссиқхона газининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмасини 2010 йилдаги даражадан 35 фоиз камайтириш режалаштирилган. Шунингдек, қайта тикланувчи энергетика манбалари улушини электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроққа етказиш мақсад қилинган. Мазкур стратегия доирасида қуёш энергиясидан фойдаланиш 7 гигаваттгача, шамол энергиясидан эса 5 гигаваттгача оширилиши кутилмоқда. Бу 39,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бериб, атмосферага 15,9 миллион тонна иссиқхона гази чиқишини ва табиий газ сарфини сезиларли даражада камайтиради.

    Ушбу мақсадларга эришиш учун соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласи биринчи галдаги вазифалар сирасига киради. Боиси, юртимизда қуёш энергетикаси соҳасида юқори салоҳиятга эга мутахассислар етишмовчилиги муаммоси мавжуд.

    “Development of the targeted Educational program for Bachelors in Solar Energy in Uzbekistan” (DEBSEUz) лойиҳаси ана шу масалани ҳал қилишга қаратилган ташаббуслардан. Лойиҳа Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури доирасида “Олий таълим потенциалини ошириш” йўналишида 2023 йилда ўтказилган халқаро танловда ғолиб деб топилган. У Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Италиянинг Турин политехника университети, Эвора университети (Португалия), Мадрид политехника университети “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети, Жиззах политехника институти, Фарғона политехника институти, Андижон давлат университети, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга ошириб келинмоқда.

    Европа комиссияси томонидан молиялаштирилаётган ушбу лойиҳа якунида аккредитациядан ўтган 3 та олий таълим муассасасида қуёш энергияси тизимлари бўйича бакалавриат йўналиши ташкил этилади. Натижада қуёш энергияси тизимлари ва компонентларини ўрнатиш, бошқариш, эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича юқори салоҳиятга эга мутахассислар билан таъминлаган ҳолда давлатимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш суръатини оширишга улкан ҳисса қўшади.

    ИССИҚХОНА ГАЗИНИ КАМАЙТИРИШ ВА ТРАНСПОРТ ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

    “Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш йўналишлари орасида “яшил” транспорт катта аҳамият касб этади. Чунки транспорт тизими атроф-муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатиши, оқибатда инсон саломатлигига катта хавф туғдириши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, ҳаво ифлосланиши ҳар йили 7 миллионгача инсоннинг эрта ўлимига сабаб бўлади. Жаҳон энергияси истеъмоли ва иссиқхона газининг 20-25 фоизи бевосита транспортлар ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистонда ҳам автотранспорт атроф-муҳитга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри атмосферага автотранспортлар чиқараётган зарарли ташламалар борасида етакчи бўлиб турибди.

    Шу каби муаммолар барқарор транспорт тамойилларини жорий этишни долзарб вазифага айлантирди. Юртимизда барқарор транспорт тизимини ривожлантириш мақсадида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент кимё халқаро университети ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали билан биргаликда Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури доирасида “Sphere” лойиҳасини бошлади. Ушбу лойиҳага асосан, барқарор транспорт тизимлари йўналишида таълим ва тадқиқотни ривожлантиришга қаратилган. Унинг доирасида Ўзбекистондан иштирок этаётган олий таълим муассасаларида барқарор транспорт тизимлари бакалавриат таълим йўналишини ташкил этиш режалаштирилган. Инновацион ва янги технологиялардан фойдаланган комплекс ўқув дастурлари ишлаб чиқиш орқали Европа Иттифоқининг илғор тажрибаларини Ўзбекистон олий таълим муассасаларига жорий этиш белгиланган. 2024-2027 йилларга режалаштирилган лойиҳа доирасида 2024 йил мартида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида дастлабки учрашув бўлиб ўтди. Словения, Греция ва Испанияда ўтказилган тренинг ва йиғилишлар доирасида барқарор транспорт соҳасида янги билим ҳамда тажрибалар ўрганилди. Муҳими, таҳлиллар натижасида 70 дан ортиқ янги фан дастури ишлаб чиқила бошлади.

    Инсон фаолиятининг барча тури биомуҳитнинг ўзгаришига олиб келмоқда. Ушбу ўзгаришларнинг йўналиши ва миқёсини “экологик инқироз” сифатида баҳолаш мумкин. Мана шундай салбий таъсирни камайтириш учун ҳам “яшил” иқтисодиётга ўтиш ниҳоятда зарур.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети томонидан “Фойдаланишдан чиқарилган “Мерседес-Бенц Конекто” русумли дизель автобусларни электрификация қилиш орқали электробус прототипини яратиш” амалий лойиҳаси йўлга қўйилган. Лойиҳа Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган.

    Лойиҳа иқтисодий ўсиш ва ижтимоий ривожланишни таъминлайдиган илмий ҳамда технологик захираларни шакллантириш билан узвий боғлиқ. Ҳозир нефть маҳсулотлари захираси камайиши нарх ошишига сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, шаҳар транспорт тизимида йўловчиларни ташиш таннархи қимматлашишига ҳам олиб келади. Шаҳар транспорт тизимида ҳаракатланувчи автобусларни электрлаштириш бир қанча муаммолар ечимини беради. Аввало, нефть маҳсулотларига талаб камаяди. Шунингдек, атмосферага чиқинди газ ташланишининг олди олиниб, шаҳар экологияси яхшиланади.

    Яна бир аҳамиятли жиҳати, узоқ йиллар юртимизга импорт қилинган “Мерседес-Бенц Конекто” русумли автобуслар дизель двигатели билан жиҳозланган ва ҳозир улар ўз вазифасини ўтаб бўлган. Лекин автобуснинг бошқа қисмлари, шассиси яроқли ҳолатда. Лойиҳа доирасида завод томонидан ўрнатилган двигателларни электр двигателларга алмаштириш орқали автобусларнинг ишлаш муддати оширилади. Бу эса ресурслардан янада самарали фойдаланиш, харажатларни камайтириш ва умумий иқтисодий самарадорликни ошириш демакдир. Айнан мана шулар “яшил” иқтисодиётнинг муҳим талабларидан. Лойиҳа шаҳарлардаги экологик вазиятни яхшилаш ва йўловчиларга қулайликни ошириш имконини берувчи экологик тоза ҳамда самарали транспорт воситаси яратишга хизмат қилади.

    ЭКОЛОГИК ТОЗА МАҲСУЛОТЛАРНИНГ БОЗОРИ ЧАҚҚОН

    Анъанавий автомобиллар бензин ва газ каби ёнилғи билан ишлайди. Бу глобал исиш ва экологик муаммоларга олиб келади. Экомобиллар эса энергия тежаш билан бирга чиқинди газ ҳажмини сезиларли даражада камайтирадиган инновацион ечимдир. Маълумотларга кўра, жаҳондаги экологик тоза ускуналар бозори ҳар йили ўртача 30 фоиз, жаҳон ялпи ички маҳсулотига қўшаётган ҳиссаси 6-7 фоиз ортаётгани кузатилмоқда.

    Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети “Ecomobile Group” компанияси билан ҳамкорликда ушбу глобал тенденцияларга тўлиқ мос келувчи, “яшил” энергиядан фойдаланган ҳолда экологик тоза транспорт воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган экомобил лойиҳасини амалга оширмоқда. Бундан кўзланган мақсад нафақат автомобиллар атмосферага чиқарадиган зарарли газни камайтириш, балки энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашдан иборат. Лойиҳа доирасида 2026 йилда йилига 100 минг дона экологик тоза энергия манбаларидан фойдаланувчи самарадор ва тежамкор электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга завод ишга туширилиши режалаштирилган.

    Шунингдек, электромобиллар учун махсус қувватлаш ва аккумулятор алмаштириш станциялари ташкил этилади. Бу станциялар мазкур турдаги энергия тежамкор транспорт воситаларини бир неча дақиқада тўлиқ қувватлаш имконини беради.

    Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши — Ўзбекистонда электромобилларни монтаж қилиш цехларини очиш ва ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришдир. Бу иқтисодий ривожланишни жадаллаштириб, янги иш ўринларини яратишда ҳам муҳим.

    Экомобил лойиҳаси Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим ташаббусидир. Электр транспорт воситаларини жорий қилиш ва кенг миқёсда ишлаб чиқариш орқали мамлакатимиз энергия ресурсларини тежаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга сезиларли ҳисса қўшиш мумкин. Ушбу лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун барқарор транспорт ечимларини тақдим этади.

    Инсониятнинг иқтисодий фаолияти табиатга таъсир этиб, кўплаб экологик муаммоларга олиб келади. Бу муаммоларни бартараф этиш учун эса “яшил” иқтисодиётга ўтиш зарур. Мазкур иқтисодиёт модели табиат билан ҳамоҳангликни сақлаган ҳолда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган.

    Қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш, сув ва ер ресурсларини оқилона бошқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда экологик транспорт тизимларини жорий этиш орқали иқтисодиётни ривожлантириш имконияти яратилади.

    Ўзбекистондаги “DEBSEUz” ва “Sphere” каби лойиҳалар қуёш энергияси ва барқарор транспорт тизимларини ривожлантириш орқали янги имкониятлар эшигини очади. Бу ташаббуслар туфайли электромобиллар ва электрлаштирилган автобуслар каби экологик тоза технологиялар кенг жорий этилади.

    Табиат билан ҳамоҳанг иқтисодий фаолият табиатнинг сақланишини таъминлайди. Мана шу таъминот сабабли ҳам “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни бугун энг муҳим ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган илғор ташаббус сифатида қўллаб-қувватланмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар эса, албатта, натижасини беради.

    Олимжон ТЎЙЧИЕВ,

    техника фанлари доктори

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates