Шу сабабли ноннинг битта ушоғи ерга тушса, олиб кўзимизга суртамиз. Асосийси, нонни ҳам, бошқа барча қадри олтиндан зиёда неъматларни ҳам бизга Аллоҳнинг қудрату карами билан табиат инъом этади. Айни жиҳат ҳисобга олинса, табиатни кўз қорачағимиздек асраб-авайлашимиз кераклиги, экология ва атроф-муҳит муҳофаза қилиш масаласи дунё сиқёсида нечоғлик долзарб глобал масала эканлиги ойдинлашади.
Бугунги кунда юртимизда ҳам экологияни асраш, унинг инсоният учун ҳаёт-мамот масаласи эканлигини юртдошларимизнинг онгу шуурига сингдириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Тошкент вилояти Экология бошқармаси инспекторлари томонидан вилоятнинг 22 та туман ва шаҳар ҳудудларида фуқароларга белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик ва уни ёқмаслик тўғрисида тушунтириш ишлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Бироқ, шунга қарамай, ўтказилаётган экологик назорат тадбирлари давомида фуқаролар томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланмоқда. Таҳлилларга кўра,
2024 йилнинг шу даврига қадар чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ 2 699 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва жарима чоралари кўрилган.
Шунингдек, 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида чиқиндиларни ёқиш билан боғлиқ 1806 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, жарима чоралари кўрилган. Ушбу ҳолатлардан етарлича хулоса олмаган 2 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан эса қатъий жазо чораси қўлланилган.
Суҳбатимиз давомида Тошкент вилояти экология бошқармаси матбуот хизмати раҳбари фуқароларнинг баъзан айтишга уяладиган даражада чиқинларни йўл четларига, яъни, жамоат жойларига ташлаётганлигини айтганда, рости кўнглимиз хира бўлди.
– Фуқаролардан белгиланмаган жойларга чиқинди ташламасликларини ва уни ёқмасликларини сўраймиз. Зеро, бу каби ҳуқуқбузарликлар учун қонунда тегишли тартибда чора кўрилишини эслатиб ўтамиз, – дейди Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Лобар Жалилова.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4845-сонли қарорида ҳудудларда санитар тозалаш хизматларини давлат-хусусий шерикчилик лойиҳаси асосида хусусий секторларга бириктириш вазифаси белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятидаги
9 та туман ва шаҳарлар тегишли тартибда инвестиция киритиш мажбурияти билан давлат-хусусий шерикчилик лойиҳалари асосида хусусий корхоналарга бириктирилган.
Бундан ташқари Тошкент вилоятининг Бекобод ва Оҳангарон шаҳарларида санитар тозалаш тегишли белгиланган тартибда муқобил хизмат кўрсатувчи корхоналарга бириктирилган.
– Ҳозирги кунда Тошкент вилоятидаги шаҳар ва туманларда 3 та давлат-хусусий шерикчилик, 14 та альтернатив корхоналар ҳамда “Тоза ҳудуд” ДУК филиали томонидан санитар тозалаш хизматлари амалга оширилмоқда. Хизматларнинг қамров даражаси 89 фоизни ташкил этади. Тошкент вилояти ҳудудида 34 та маиший чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар мавжуд бўлиб, улар томонидан 2024 йил 3-чорак ҳолатига 65 814 тонна маиший чиқиндилар қайта ишланган, – дейди Лобар Жалилова.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
2 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 787-сонли қарори ижросини таминлаш мақсадида корхона ва ташкилотларга ҳудудида чиқинди қутилари ўрнатиши лозимлиги тўғрисида
1 655 та мажбурий кўрсатма хатлари тарқатилиб, ҳозирги кунда 1 385 дона чиқинди қутилари ўрнатилган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, экология ва атроф-муҳитни ўз уйимиздек муҳофаза қилишни кундалик бурчимизга айлантиришимиз зарур. Айниқса, ёши улуғларимиздан ўз ўгитлари, панд-насиҳатлари билан ёш авлодга бу борада тушунчалар беришини сўраган бўлар эдик.
Зулхумор АКБАРОВА