Электромобилларни қувватлаш станциялари ўзимизда ишлаб чиқариляпти

    Жорий йилда юртимиз бўйлаб 21 мингдан ортиқ қувватлаш станциялари ўрнатилади.

    Қўшниларимиздан бири анча йиллардан бери электромобил бошқаради. Аниқроғи, шундай автомобиллар юртимизга кириб кела бошлаган дастлабки вақтлардаёқ қизиқиши сабаб харид қилган. Аммо нуқул шу автомобили ҳақида гап кетса, шаҳар ташқариси у ёқда турсин, ҳатто, пойтахтда ҳам электромобилларни қувватлаш станциялари саноқли экани, борлари эса доим банд бўлиши ёки ишламаслигидан нолиб қоларди.

    Бундай муаммо яқин йилларгача бўлгани “кўрга ҳассадек” ҳаммага маълум. Одамлар асосан шу сабаб электромобил харид қилишга шошилмади. Сотиб олганлар ҳам уни “кўз-кўз” учунгина ҳайдаб юргани, кўпроқ уйда “савлат тўкиб” тургани, узоқ йўлларга эса деярли фойдаланилмаганини эшитганмиз, кўрганмиз. Яъни, асримизнинг энг замонавий ва экологик тоза автомобилларидан бири бўлган электромобилларнинг 2016 йиллардан кейин Ўзбекистонга фаол кириб келиши қайсидир маънода кутилмаганда юз берди ва мамлакатда ҳали унга мос шароит яратилмаганди. Шу боис, кўпчиликни бирданига қизиқтирган, аммо харид қилишга иккилантирган электромобилларга фақат шаҳар учун мўлжалланган автомобил сифатида қарала бошлади. Чунки узоқ йўлга чиқилган тақдирда, уни қувватлантириш муаммоси кўндаланг туради.

    2019 йилдан юртимизда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ҳаракатлари бошланди. Бу нима дегани? Бу мамлакатда “яшил”, яъни экология учун зарарсиз технологияларни оммалаштириш ҳаракати. Юртимиз кўчаларида электромобиллар сонини ошириш вазифаси ҳам шунинг бир қисми эди. Чунки ушбу автомобиллар экологик тозалиги жиҳатидан атмосфера учун мутлақо зарарсиз бўлиб, бензин ва бошқа зарарли газларда ҳаракатланадиган транспорт воситаларидан кўра манфаатлироқ. Уларнинг фойдали томонлари ҳақида узоқ тўхталиш мумкин. Аммо биз кўтараётган мавзу бошқа.

    2020 йилдан кейин мамлакатимизга турли-туман электромобилларни импорт қилиш фаоллашиб кетди. Бу борада тадбиркорларга айрим енгилликлар берилгани ҳисобига, автосалонлар шундай турдаги транспорт воситаларига тўлди. Харидорларда танлов имконияти кенгайиб, сотиб олишга қизиқиш орта бошлади. Қолаверса, ундан аввалроқ саноқли олиб келинган электромобиллар юртимиз кўчаларида ҳаракатланиб, бизнинг шароитга мос келиши қайсидир маънода синовдан ўтганди. Энди одамлар, электромобиллар ҳақидаги нотўғри фараз ва тахминлардан қисман қутулиб, фойдаланишга бўлган ишончи ортди. Натижада кейинги йилларда юртимизда ушбу турдаги автолар сони 10 карра ошди. Ҳатто, Жиззахдаги заводда электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Ана энди юқоридаги масала — электромобилларни қувватлантириш станцияларига қайтсак. Ўтган йилги маълумотларга кўра, юртимизда электромобиллар сони 35 мингтага етган. Бугунги кунда бу рақамлар янада ошгани тайин. Хўш, уларни қувватлантириш станциялари-чи? Шу ҳақидаги статистик рақамларни излаганимда, узоқ қидиришга ҳожат бўлмади. Яқиндагина бу бўйича расмий маълумот эълон қилинган экан. Унда шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра Ўзбекистонда электромобил қувватлаш станциялари сони 1400 тага етгани келтирилган. Юртимиз бўйлаб ушбу станциялардан 92 минг киши фойдаланмоқда.

    Солиштирилганда, станциялар сони бир йил ичида 2,5 баробарга ошгани кўринади. Уларнинг 70 фоизи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига тўғри келади. Демак, бошқа ҳудудларда қувватлаш станцияларини ўрнатиш кўрсаткичи 30 фоизга етган. Агар бу борадаги ишлар 2020 йилдан кейин бошланганини инобатга олсак, натижа унчалик ёмон эмас. Ҳар ҳолда, электромобили бор танишларимиз узоқ вилоятларга бориш жараёнида йўлда зарядлаш станцияларидан фойдаланиш имконияти мавжудлигини таъкидлаяпти.

    Шаҳарда ҳам, ундан ташқарида ҳам ҳар қадамда бензин ёки газ қуйиш шаҳобчаларига дуч келамиз. Тўғри, улар бир неча ўн йиллар давомида пайдо бўлган ва ёнилғида ҳаракатланадиган тарнспорт воситаларининг кўплиги ҳам шунга заруратни юзага келтиради. Аммо энди ҳар қадамда электромобилларни зарядлаш станциялари ҳам бўлиши керак. Чунки ҳозир замон анча шиддаткор. Кейинги бир неча йилнинг ўзида электромобиллар сони ўн баробарга ошгани зарядлаш станцияларини шунга яраша кўпайтиришни тақозо этади. Бунинг учун ҳуқуқий асослар яратилиб, механизм жадал йўлга қўйилса бўлгани.

    Яхши хабарлардан бири шуки, жорий йилда юртимиз бўйлаб 21 548 та қувватлаш станцияларини ўрнатиш кўзда тутилган. Яъни, 2025 йил 1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак. Бу ўтган йили 1 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгиланди. Унда 2024-2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари назарда тутилган.

    Қувватлаш станциялари ўзимизда ишлаб чиқариляпти

    Қўшнимга ҳавас қилганим учунми, ўзим ҳам икки йил олдин электромобил харид қилдим. Очиғи, ҳалигача қувватлаш станциялари билан боғлиқ кичик муаммоларга дуч келаман. Яъни, мен фойдаланадиган киловаттдаги зарядлаш станциялари шаҳарнинг ҳамма нуқтасида ҳам мавжуд эмас ва, одатда, уйимдан бир неча километр узоқликдаги манзилга олиб бораман. Каттагина бинонинг ички “парковкаси”га ўндан зиёд қувватлаш станцияси ўрнатилган. Аммо куннинг қайси вақтида бормай, доим электромобиллар билан тўла бўлади. Жойни банд қилиш учун кимнингдир фойдаланиб бўлишини кутишимга тўғри келади.

    Шу боис, юқоридаги қарорни ўқиганимдаёқ, энди қувватлаш станциялари сони кўпайиши ва яқин манзилларда ҳам пайдо бўлишидан қувондим. Бошқа томондан эса, жараёнда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг йўл очилади. Бир муддат илгари ўзимиздаги айрим корхоналарда электромобилларни қувватлаш станциялари маҳаллий шароитда йиғилиши ҳақида эшитгандим. Суриштиргач, бундай қурилмаларни тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқараётган корхоналар ҳам борлигидан хабар топдим. Юртимиз бўйлаб ўрнатилган зарядлаш станцияларнинг ҳаммаси Хитойдан импорт қилинмаган экан, улар орасида ўзимизникилар бор.

    Бу ҳақида эшитишим билан фотограф шеригимни олиб маҳаллий корхоналардан бири томон йўл олдик. Ишхонамиздан унча узоқ бўлмаган манзил — Миробод туманида жойлашган “Toshelectroapparat” МЧЖ хорижий корхонасида бизни бўлим бошлиғи Умид Ахмадов кутиб олди. Бино ҳовлисига киришимиз билан суҳбатимиз бошланиб кетди. Кўринишидан анча йиллик корхона экани кўриниб турибди. Умид ака ҳам буни тасдиқлаб, корхона 80 йиллик тарихга эга эканини айтди. Тўрт мингдан ортиқ киши меҳнат қилади, асосан, электромонтаж қурилмалар, подстанциялар, станциялар, куч трансформаторлар, куёш панеллари, инверторлар, паст кучланишли электрдвигателлар учун частотани назорат қилиш мосламалари, кўча ёритгичлари ва электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилади. Умид ака гапини тамомламасидан “Қандай қилиб шундай эски корхонада энг замонавий қурилмалардан бири — қувватлаш станциялари ишлаб чиқарилади?”, деган саволни беришга бердиму, кейин тўсатдан шуни сўраганимга ҳижолат бўлиб қолдим.

    — Айнан бизники каби узоқ йиллик, катта қувватга эга корхоналаргина шундай қурилмаларни ишлаб чиқариш имкониятига эга, — деди босиқлик билан ҳамроҳимиз. — Бу йўналишдаги лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 майдаги тегишли қарори билан амалга оширилди. Корхона томонидан инвестиция киритилиб, 2019 йил биринчи ярмидан замонавий қувватлаш станцияларини ишлаб чиқариш бошланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион доллар бўлиб, йилига 1200—1500 та қувватлаш станцияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Биласиз, бундай қурилмаларни маҳаллий шароитда тайёрлаш бўйича аввал юртимизда тажриба бўлмаган, мутахассислар ҳам йўқ эди. Шу боис, жараёнда Хитой тажрибаси ўрганилиб, заводга хитойлик мутахассислар олиб келинди. Бизнинг кадрлар ҳам Хитойга бориб, реал иш жараёнларида малака ошириб қайтди. Шу тариқа, заводимизда электромобилларни қувватлаш станцияларини ишлаб чиқариш амалиёти йўлга қўйилди.

    Корхонанинг ишлаб чиқариш бўлимларига киришда замонавий дизенфекциялаш мосламаларидан ўтдик. Талаб анча юқори экан, ҳатто, фотографга аппарат чироғини ёқмаслик уқтирилди. Ишчи ходимлар ҳам махсус кийимларда. Қувватлаш станцияларини ишлаб чиқаришнинг бир нечта босқичлари билан танишдик. Дастлаб, олиб келинган темир хомашёсига лазерли станокларда махсус дастур ёрдамида ишлов берилиб, керакли шаклга келтирилади. Устки қисми тайёр бўлгач, ички қисми терилади ва барчаси йиғилади. Сўнг лаборатория текширувларидан ўтказилади. Қурилмалар учун зарур сифат сертификатлари олинган. Маҳсулот асосан буюртма асосида ишлаб чиқарилади. Ўтган йили 200 дан ортиқ қувватлаш станцияси мижозларга етказилган. Жорий йилда буюртмалар анча кўп — йил охиригача 15 мингта қурилмани етказиб бериш бўйича келишилган. Август ойларида биринчи партиядаги 5 мингта зарядлаш станцияси чиқарилади. Яъни, юқорида таъкидлаганимиздек, жорий йилда юртимиз бўйлаб қувватлаш станциялари сонини 21 мингдан зиёдга ошириш режаси шу каби корхоналарнинг ҳам иш самарадорлигини оширяпти. Маҳаллий қурилмаларга талаб ортган.

    Электромобилни уйда қувватлантирган маъқулми ёки...?!

    Заводда 3,5 киловаттдан 160 киловаттгача қувватдаги зарядлаш станциялари ишлаб чиқарилади. Оддий қилиб тушунтирганда, амалда мавжуд икки турдаги — тез қувватловчи ва секин қувватловчи станциялар тайёрланади. Жорий йилдан 240 киловатт қувватдаги қурилмаларни ишлаб чикариш режалаштирилган. Бу ҳам ана шу станцияларнинг бир тури.

    Маҳаллийлаштириш даражаси эса турлича. Мутахассиснинг айтишича, ҳозирги кунда заводда 3,5 киловаттдан 20 киловаттгача қувватли зарядлаш станциялари тўлиқ ўзларида ишлаб чиқарилади ва маҳаллийлаштириш кўрсаткичи 95 фоиз. 20 киловаттдан юқори қувватли станциялар эса 35 фоиз маҳаллийлаштирилган бўлиб, Хитойнниг “Teld” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади. Боиси, ушбу тардаги қурилмаларнинг ички қисми учун зарур хомашё материаллари ҳали ўзимизда мавжуд эмас ва асосан Хитойдан олиб келинади. Аммо яқин йилларда уни ҳам маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.

    Ниҳоят, Умид ака бизни юртимиз шароитида ишлаб чиқарилаётган қувватлаш станциялари билан таништирди. Қурилмаларнинг бежирим, ихчам ва ўзига хос ранглардаги кўриниши бирдан эътиборимни тортди. Чиндан, бозорда кўрсангиз, аниқ хориж маҳсулоти, деган тасаввурга борасиз. Чунки маҳсулот сира чет элникидан қолишмайди. Аммо харидор кўпроқ унинг сифати билан қизиқиши тайин. Менга қолса, ҳозир ўзимизда ишлаб чиқарилган, деса аввалгидек юзимни буриштирмайдиган бўлганман. Боиси, ички бозорда рақобатнинг ортиши маҳаллий саноатни сезиларли ривожлантирди. Энди тадбиркорлар сон учун эмас, сифат учун ишлаяпти.

    — Масалан, 240 киловаттли супер тез зарядловчи станцияларнинг кўриниши ихчам, габарид жиҳатидан кичикроқ ишланган, — тушунтирди Умид Ахмадов. — Тизимли блоки 10 та терминалдан иборат, бу бир вақтнинг ўзида 10 та электромобилни қувватлантириш мумкин, дегани. Электр ҳажми ва электромобилнинг аккумулятор қувватига қараб 20 дақиқадан 1 соатгача вақт оралиғида зарядлаб беради. Станцияларнинг хавфсизлик даражалари юқори текширувлардан ўтказилади. Умумий ишлаш ҳарорати минус 40 даражадан пилус 65 даражагача белгиланган. Бу ҳар қандай ноқулай ҳаво шароитида хавфсиз ишлайди, дегани. Қурилманинг ўзига 2 йилгача, фойдаланиш муддати учун эса 10 йилгача кафолат берилади. Кўпинча, мижозлар бундай станцияларни Хитойдан олиб келиш ўзимизникини сотиб олишдан кўра арзонга тушишини айтишади. Бу ерда гап маҳсулот сифатида. Ҳозир Хитойда зарядлаш станциялари ишлаб чиқарадиган минглаб корхона бор ва ишлаб чиқариш асосан уч турда — эконом, стандарт ва премиум классда бўлади. Афсуски, тадбиркорларимиз энг арзон қурилмаларни олиб келадида, 6 ой ўтмай ишдан чиқиб қолганини айтади. Сервис хизматидан фойдаланиш учун хитойликларни чақириши керак, бу эса кўп вақт ва катта харажат талаб қилади. Премиум класдаги маҳсулотларнинг нархлари эса хорижда ҳам арзон эмас. Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ана шу юқори тоифага киради. Худди шу сифатдаги Хитой маҳсулоти билан солиштирилса, бизда анча арзонроқ. Қолаверса, сифатга, ишлаб бериш муддатига, ҳужжатларига кафолат берилади.

    Асосийси, сервис хизматлари корхона мутахассисларининг ўзи томонидан энг тез фурсатларда кўрсатилади. Бу энг муҳим жиҳатлардан бири бўлиб, маҳаллий саноатни ривожлантиришдан кўзланган мақсадлардан бири ҳам шу экан. Қолаверса, маҳаллий бозорда рақобат ошиши тан нархнинг тушишига хизмат қилиши керак. Шунда бу йўналишдаги тадбиркорлар сони янада ортади.

    Заводда уй шароитида фойдаланишга мўлжалланган 7 киловаттли зарядлаш станциялари ҳам ишлаб чиқарилади. Габариди ихчам, пластик корпус ва битта пистолетли бежиримгина қурилмани девор ёки махсус устунларга ўрнатиш мумкин. Ҳатто, машина юкхонасига осонгина жойлаб олиш қулай. Бу дегани, қурилмадан исталган жой ва вақтда фойдаланиш мумкин, барча ҳимоя хавфсизликлари кўриб чиқилган. Қурилманинг ичидаги схемасидан тортиб, ташқи қисмларигача тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқариляпти. Оддий қилиб айтганда, тўлалигича ўзимизнинг маҳсулот!

    Яна шахсий қизиқишим устун келиб, бирданига нархини сўрадим. Расмий диллерлик дўконларида бу қурилма 4-5 миллион сўмга сотилар экан. Шундан биттасини хонадонингизга ўрнатиб қўйсангиз борми, қурилма бўш турган вақтлари қўшниларга ҳам фойдаланишга бериб, кичик бизнес қилиш мумкин. Электромобил тез зарядлаш қурилмасида ярим соат—1 соатга қувват олса, уй шароитида 7-8 соат туришига тўғри келади. Чунки станциянинг қуввати шуни талаб этади. Агар вақт бемалол бўлса, уйда қувватлантириш қулай, аммо ҳозир амал қилаётган электр энергия учун тўлов тарифлари билан бу унчалик фойдали эмас. Чунки электромобилни битта зарядлашнинг ўзида 200 киловаттли ижтимоий нормадан ошиб кетилади. Шу боис, бу борада ҳам мақбул ечимлар устида ишланяпти. Ўтган йили электромобилни уйда қувватлашни рағбатлантирадиган тунги тариф жорий қилиниши айтилганди.

    Маҳаллий қурилмани оммавий ўрнатиш бошланган

    Электромобил қувватлаш станцияларидан фойдаланганда, қурилманинг қаерда ишлаб чиқарилганига ҳеч эътибор бермас эканман. Аммо ёзувлар хитойча ёки инглизча эканига кўзим тушган. Нима учун ўша қурилмаларнинг айримлари анча вақтдан бери ишламай ётганини энди тушундим. Тадбиркор Хитойдан мутахассислар келиб, тузатиб беришини кутаётган бўлса керак. Шуларни ўйлаб, маҳаллий маҳсулот анча қулай экани, сифати ва сервис хизматини исталган вақтда талаб қилиб олиш имконияти борлиги ҳақида ўйладим.

    — Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2024 йил январь ойидан бошлаб, юртимиз бўйлаб ўзимизда ишлаб чиқарилган зарядлаш станцияларини оммавий тарзда ўрнатиш ишлари бошланган, — дейди Умид Ахмадов. — Бугунги кунгача Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шахри ва республикамизнинг барча вилоятларида жами 78 та кувватлаш қурилмалари ўрнатилган бўлиб, уларнинг асосий қисми алохида нимстанциялар ва энергиятежовчи трансформаторлар билан тармоққа уланган. Қувватлаш қурилмаларини масофадан бошқариш учун эса корхона мухандислари томонидан махсус мобил илова ва бошкариш тизими яратилган. Дастурий таъминот орқали станцияларнинг ишлаши, ҳолати кузатиб борилади. Техник хизмат кўрсатиш зарурати бўлса, муҳандис жойига бориб, қурилма ҳолатини текшириб, зарурий созлаш ишларини олиб боради.

    Маҳаллий зарядлаш станцияларидан фойдаланишнинг аҳоли учун ҳам қулайликлари бор. Улар Давлат солик қўмитасининг фискал чеклари операторининг ягона тизимида рўйхатга олинган, QR-кодлари асосида “Cashback” олиш имконияти яратилган.

    Булар ҳақида билгач, ўзимизнинг маҳаллий зарядлаш қурилмаларидан фойдаланишни мақсад қилдим. Махсус мобил иловани юклаб олиб, станциялар жойлашган манзилларни белгилаб қўйдим. Чунки мутахассиснинг айтишича, ушбу қурилмаларда электромобилни қувватлантириш нархлари ҳам нисбатан арзонроқ экан. Асосийси, электромобили бор одамларни энди қувватлаш станциялари муаммоси ўйлантирмайди, деган умиддаман. Ҳар ҳолда, талабга яраша таклиф беришга киришилган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 07.06.2025 йил, 115-сонида эълон қилинди)


    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates