Юнусобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шоира Абдусаттарованинг маълум қилишича, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тиббий муассаса томонидан (мурожаат қилган ёки даволанган жойдаги) расмийлаштирилади.
Бунинг учун фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, шунингдек, сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилиши каби ҳолатлар асос бўлади.
Масалан, фуқаро юқоридаги ҳолатлар қайд этилганда, ҳудудий оилавий поликлиника (оилавий шифокор пункти)га электрон регистратура орқали мурожаат қилади. Агар саломатлиги бирламчи тиббиёт муассасасига чиқиш имконини бермаса, оилавий шифокорни уйига чақиради.
Бунинг учун оилавий шифокор беморни шахсан кўрикдан ўтказиб, 025-шаклдаги маълумотномани тўлдиради ва тегишли электрон базага меҳнатга лаёқатсизлик варақасини киритиб, бўлим бошлиғига онлайн режимда юборади.
Масъул, ўз навбатида, ҳужжатнинг асослигига ишонч ҳосил қилгач, уни тасдиқлайди. Бу ҳақдаги маълумот беморнинг ишхонасида ҳам электрон база орқали кўриниб туради.