Давлат органи ёки ташкилотида штат қисқариши натижасида ходимлар ишдан бўшатилганда малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ ходимлар ишда қолдирилади.
Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлганда эса Меҳнат кодексининг 167-моддасига асосан қуйидаги ходимларга афзалликлар берилади:
— қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
— оиласида мустақил иш ҳақи олувчи бошқа ходимлар мавжуд бўлмаган шахсларга;
— мазкур иш берувчидаги узоқ муддатли иш стажига эга бўлган ходимларга;
— ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида меҳнат шартномасига кўра тегишли мутахассислик бўйича ўз малакасини ошираётган ходимларга ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган шахсларга ўқишни тамомлаганидан кейин мутахассислиги бўйича ишлаш шарти билан уч йил мобайнида;
— ушбу ташкилотда меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига учраган шахсларга;
— ногиронлиги бўлган шахсларга;
— 1941-1945-йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
— меҳнатдаги ютуқлари учун рағбатлантиришларга эга бўлган ва интизомий жазоларга эга бўлмаган ходимларга;
— атом объектларидаги авариялар оқибатида зарар кўрган шахсларга.
Шунингдек, ходим таклиф этилган ишни рад этса, иш берувчида бошқа иш бўлмаса, шундан сўнггина ходим ишдан бўшатилади.