Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

    Вазирлар Маҳкамасининг “Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

    Унга асосан, барча суғурта турлари бўйича суғурта полислари Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси билан биргаликда юритадиган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олиниши йўлга қўйилади ҳамда Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш амалга оширилади.

    Шунингдек, эндиликда:

    - суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда сотиш, расмийлаштириш, рўйхатга олиш ва суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи мижозлар ўртасида инсон омилисиз маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади.

    - 2022 йил 31 декабрга қадар тегишли вазирлик ва манфаатдор идоралар билан биргаликда барча суғурта полисларини рўйхатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи ягона ахборот тизими жорий қилинади ҳамда бу тизимнинг барча суғурта ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашуви амалга оширилади.

    - 2023 йил 1 мартга қадар ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз расмийлаштирилган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома (Европротокол)ни онлайн тарзда тўлдиришга ва кўриб чиқилишини амалга оширишга мўлжалланган ягона мобил илова ишга туширилади.

    - 2023 йил 1 июлга қадар ягона мобил илова орқали бошқа мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича суғурта даъволарига оид аризалар онлайн тарзда юборилиши ҳамда кўриб чиқилиши амалиётга жорий этилади.

    - бир ой муддатда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги тегишли “Call-марказ” хизмати ташкил этилади.

    - 2023 йил 1 июлга қадар илғор халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.