Республикамизда 2676 та фойдали қазилма кони мавжуд бўлиб, улардан рухсатнома асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 мингдан зиёд фойдали қазилма қазиб олинган.
Айниқса, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ривожланяпти. Президентимизнинг 2018 йил ноябрдаги тегишли қарори билан тадбиркорликнинг бир тури сифатида мазкур фаолиятнинг ҳам ҳуқуқий асослари яратилди. 2019–2023 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти учун 300 дан зиёд рухсатнома расмийлаштирилиб, тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлиги таъминланган.
Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон кузатиляпти. Ўтган бир йилда қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш билан боғлиқ 100 дан зиёд ҳолат аниқланган.
Соҳада ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб бориши мазкур қилмишларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришни тақозо этмоқда.
Шунинг учун ҳам Жиноят кодексида фойдали қазилмаларни қонунга хилоф равишда қазиб олиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этганлик учун, шунингдек фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутадиган нормалар мустаҳкамланяпти.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек ер бериш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш юзасидан ички ишлар органларига зарур ваколатлар бериляпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.