Эрк ва бахт тимсоли

    9 февраль – Мир Алишер Навоий туғилган кун

    Миллий адабиётимиздаги ушбу қутлуғ сана арафасида бобомизнинг муҳташам ҳайкали ва барҳаёт номи олдида биз ҳар йили ўзимизнинг амалга ошираётган ишларимиз, орзу-ниятларимиз бўйича маънавий ҳисобот берамиз. Бу – жўжуқ набираларнинг пири бадавлат бобоси билан савол-жавоб қилаётганига ўхшайди.

    Давлатимиз раҳбарининг эзгу ғояси ва ташаббуси билан адабиётимиз сорбонининг улуғвор ҳайкали қибла томонга юзлантириб қўйилган тарихий кунлардан буён биз нафақат таваллуд кунлари, балки йил давомида – ҳар кун, ҳар соат ул улуғ зотнинг бой ва бетимсол адабий меросига қайта-қайта мурожаат қилишга, ўқиб-англашга ва тарғиб этишга ўрганиб қолдик. Ҳазратнинг ўзлари “Ҳар кунунг ўлсин Наврўз” деганларидай, Навоий асарлари мутолааси бизнинг ҳар кунги маънавий Наврўзимиздир.

    Бу сертаҳлика ва хавотирларга тўлуғ дунёда тинчлик ва дўстлик, бани башар фарзандларининг бир-бирига оддий инсоний муносабатлари ҳам катта давлат саналади. Холбуки, Навоий бобомиз бир умр мана шу юксак одамийлик туйғуларини куйлаб ўтганлар.

    Буюк шоирнинг оламшумул маънавий обидаси саналмиш “Хамса”нинг “Садди Искандарий” достонида жумладан, шундай мисраларни ўқиймиз:

    Жаҳон ичра ғавғойи хайли башар,

    Низо узра солғай басе шўру шар.

    Агар бўлса баъзиға огоҳлиғ,

    Бўлиб лек кўпракка гумроҳлиғ...

    Кўриниб турибдики, Навоий бобо ҳам ўз замонида жаҳондаги нотинчлик ва ғавғолардан изтироб чеккан. Ўз асарлари ва ижтимоий фаолияти билан элу элатлар ва одамлар ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштиришга улкан ҳисса қўшган. Айни пайтда, шоирлар султонининг бу борада ўз қатъий хулосаси бор, яъниким, “Вале ҳар не иш қилғонинг беғараз, Топибдур бу оламда бир-бир эваз. Агар адл оламда тутмас вужуд, Пушаймонлиғ этмас бу оламда суд”, дебон дунёнинг меҳвари фақат яхшилик ва адолатдан иборат эканини алоҳида таъкидлаб ўтади.

    Янги Ўзбекистонимизда адабиёт, маънавият, илм-фан ва таълим-тарбияга давлат миқёсида бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки, муҳтарам Президентимизнинг ўзлари буюк адабиётимиз, хусусан, Навоий бобо ижодиётига чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдилар. Шу боис Навоий бобо бизнинг кундалик маънавий-ижтимоий ҳаётимизнинг бош қаҳрамонига айлангани ҳам айни ҳақиқатдир.

    Ўқиш-ўрганиш ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз саналади. Кейинги пайтда замоннинг шарофати билан ноширлик ишлари ва китобхонлик кенг ривожланмоқда. Бу яхши ҳолат, албатта. Лекин бир хавотирли урф ҳам пайдо бўляптики, Навоий ижодини жўнлаштириш, асл мазмундан чекиниб, ҳою ҳавас ва сохта обрў йўлида “хизмат” қилаётган табдилчиларнинг пойинтар-сойинтар ишларини ҳам айтиб ўтмоқ жойиз, деб ўйлаймиз. Булҳаваслик ҳунар эмас, албатта. Афсуски, ушбу ажабтовур ишга ўзимиз ҳам ҳисса қўшаётганимиз яна-да ажабланарлироқ...

    Замонавий ўзбек шоирлари, ўтиб кетган устозларимиз Навоий ижодига муттасил мурожаат қилиб келганлар. Ул шариф зотга бағишлаб ёзилган шеъру достонларнинг ўзи бир улкан куллиёт бўлади. Мисол учун, бу йил таваллудининг 120-санасига тарёргарлик кўраётганимиз – академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг қуйидаги сатрлари барчамизнинг юрагимиздан жой олган:

    Дурахшон юлдузлар сари ўкирган

    Бўйнида занжиру қалби озод шер,

    Инсоний муҳаббат меҳри-ла вафо,

    Эрк ва бахт тимсоли улуғ Алишер...

    Алишер Муштарий юлдузи каби

    Ўзбек осмонида балқиган чоғи

    Яна бир муҳтарам ўғил кўргандай

    Каттароқ очилди олам қучоғи.

    Устозимиз Абдулла Орипов эса, шогирдлик эҳтиромини шундай сатрлар билан изҳор этади:

    Бойқаро ирғишлаб истак отида,

    Дунёга боққанда мисли бола шер.

    Ҳирот дарвозасин бир қанотида

    Шеърий лашкарини тизган Алишер.

    Маълумки, Алишер Навоий замон эврилишлари ва тақдир тақозоси билан йигитлик даврининг икки-уч йилини Самарқанд шаҳрида ўтказган. Рўйи замин сайқали бўлмиш Самарқанд тупроғида муборак излари қолган.

    Бугунги кунда Навоий бобонинг юксак умумбашарий ғоялари ва оламшумул орзу-ниятлари айнан шу шаҳарда ҳам ўз рўёбини топмоқда. Туркий тилли давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтказилган Саммити бунинг яққол ифодасидир. Анжуман доирасида “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик муҳташам нашри амалга оширилиб, тақдимоти ўтказилди. Унда Навоий ижодига ҳам кенг ўрин берилган. Айниқса, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотга улуғ адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов муносиб кўрилгани ҳамда ҳурматли Президентимиз томонидан мукофот ушбу анжуманда Қирғиз Республикаси Президентига тантанали топширлгани жаҳоншумул воқеа бўлди.

    Сирожиддин САЙЙИД,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси