Ҳазрат мақбараси обод манзилга айланади

    Мақбара атрофи очиқ, қаровсиз аҳволга келиб қолгани боис тарихий руҳга мос девор билан ўралади, мажмуага кираверишда дарвоза ўрнатилади. Атрофдаги 700-750 кв.м. майдонда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади.

    Авлиёлар хоки ётган табаррук қадамжоларга борганда инсоннинг руҳи енгил тортиб, кўнгилга майинлик, ўзгача таскин инади. Айниқса, ўтмиш ва бугун уйғун равишда юксак меъморий ечим асосида таъмирланган ёки қайта қад ростлаган, атрофи обод ва сўлим масканга айлантирилган зиёратгоҳлар кишига ҳаловат ва роҳат бахш этади.

    Имом Бухорий, Нақшбандий, Мотуридий, Термизийлар, Насафийлар, мақбаралари, Зангиота зиёратгоҳлари... Эҳ-ҳе, бу каби обод масканлар юртимизнинг ҳар бир ҳудуди – олис қишлоғу овулларида ҳам файзиёб руҳи билан зиёратчилар дилини чароғон этиб турибди.

    Касбим тақозоси сабаб ушбу табаррук манзилларни қайта ва қайта зиёрат этмоқ бахти насиб этганини ҳар гал ёд этсам, қалбим ифтихордан тўлиб-тошади. Аммо чароғбонларимизнинг пойқадами етган, хоки таскин топган тупроқ – обод манзилга айланган зиёратгоҳларга борганимда, улуғ бобокалонимиз ҳазрат Мир Алишер Навоий мангу қўним топган қадамжонинг бугунги ҳолати, тасвири ҳақида ўйлаб қоламан: – Қани энди шундай табаррук ва улуғ зотнинг хоки мамлакатимиз ҳудудида бўлганида эди, энг улуғвор, энг обод зиёратгоҳга айланарди... – Бу ўй фақат менинг хаёлларимни банд этмаган бўлса керак...

    Қўшни Афғонистондаги кечаги, бугунги ҳолатни таъриф этмасак-да, ундан барча юртдошларимиз хабардор. Афғонистондаги сиёсий танглик, ночор ижтимоий-иқтисодий аҳвол, низо ва урушлар сабаб давлат ободончиликка кам маблағ йўналтиради. Сирасини айтганда, урушлар ободончиликнинг насибасини қирқиб келади. Бироқ заҳматкаш халқ таҳликалар ичида яшаса-да, ҳазрат Навоийга талпинади. Чексиз меҳру муҳаббати билан ҳазратнинг осмон остида осойиш топиб турган мўъжаз мақбарасини зиёрат қилади, валий зотлар қаторида кўради ва ардоқлайди.

    Сўнгги йилларда қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларимиз тикланди ва анча жонланди. Афғонистон билан ҳам барча соҳаларда алоқаларни янгидан йўлга қўйиш, айниқса, қўшни мамлакатда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор давлат сифатида юрт раҳбарининг жаҳондаги юксак доираларда мустаҳкам сиёсий ирода билан азму шижоат кўрсатиши, дунё афкор-оммасига уруш чангалида қолган Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасида таклиф ва мулоҳазаларини баён қилиши икки қўшни юрт ўртасида ўзаро ишончнинг ортишига сабаб бўлди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи давомида Афғонистон орқали денгиз йўлагига чиқиш бўйича “аср қурилиши” лойиҳаси юзасидан икки мамлакат учун манфаатли режаларни келтириб ўтгани мустаҳкам ҳамкорликка аллақачон дадил қадамлар ташланганини кўрсатади.

    ...Ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таклифи билан афғонистонлик ижодкорлар, адабиётшунос олимлар, маданият ва жамоат фаолларидан иборат делегация мамлакатимизда бўлганди. Ҳафталик сафар давомида меҳмонларга йўлчилик қилдим. Ижодкор бўлганим боисми, суҳбатда илк туғилган савол ҳазрат Алишер Навоий ҳақида, унинг хоки қўйилган Ҳирот ҳақида бўлиб ўтганди: ҳар куни бу мавзуга бот-бот рўбарў келганмиз. Ўйлайманки, ҳар бир юртдошимизга учраган йўловчи Афғонистонданман деса, кўз ўнгимизга ҳазрат Навоий жонланади ва ўз-ўзидан буюгимиз ҳақида нимадир сўрашга чоғланамиз.

    Аслида ҳам халқларимиз ўртасида энг улкан кўприк Алишер Навоийдир. Биз ҳамиша ўзбек адабиётининг қуёши – Навоийга талпинамиз. Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз мангу қўним топган манзилни обод кўргимиз, руҳини шод этгимиз келади.

    Давлатимиз раҳбари жорий йил 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар билан танишди. Хусусан, буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

    Халқимиз учун, дунё аҳли учун таҳликали ўтган 2020 йилнинг сўнггида Президентимиз томонидан имзоланган “Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор юртимиз даҳосига юксак эҳтиром бўлди. Бу тарихий ҳужжатда Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш ва натижаси бўйича давлат раҳбарига таклиф киритиш вазифаси белгилаб берилган эди.

    Мазкур ҳужжат орқали юклатилган вазифани бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилди. Адабиётшунос олимлар, қурилиш соҳаси мутахассисларини ўзида жамлаган ишчи гуруҳ ўтган йилнинг сўнгги ойида Ҳирот шаҳрида бўлиб қайтди.

    Уч кун давом этган сафар Ҳирот вилояти ҳокими Абдул Воҳид Қаттолий билан музокаралардан бошланди. Тарихий шаҳар мутасаддилари билан улуғ бобокалонимиз мақбараси мажмуасида қурилиш-ободонлаштириш ишларини олиб бориш бўйича батафсил келишиб олинди.

    Вилоят ҳокими ҳамроҳлигида Алишер Навоий мақбараси бориб кўрилди, мажмуани қайта қуриш, мавжуд мақбарани таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш бўйича янги лойиҳа учун маълумотлар тўпланди. Айни дамда Алишер Навоий мақбарасининг ташқи деворлари эни ва бўйи 7,57 метрни, баландлиги – иморат томигача 4,57 метрни, гумбазгача 7,61 метрни ташкил қилади.

    Хўш, сўз мулкининг султони, буюк бобокалонимиз Алишер Навоий мақбара мажмуаси учун энди қандай лойиҳа таклиф этилмоқда?

    Ҳирот шаҳрига хизмат сафаридан сўнг йирик мутахассислар афғонистонлик ҳамкасблари билан биргаликда қад ростлаяжак мажмуани анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда таъмирлаш ва тиклаш лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра, мавжуд мақбара ўша давр руҳига мос равишда мутахассис-усталар ёрдамида мукаммал таъмирланади. Алишер Навоий қабрида ўрнатилган тошга битилган ёзув, унинг нақшлари, ҳажми обидага уйғун бўлмагани сабаб янгисига алмаштирилади.

    Мақбара атрофи очиқ, қаровсиз аҳволга келиб қолгани боис тарихий руҳга мос девор билан ўралади, мажмуага кираверишда дарвоза ўрнатилади. Атрофдаги 700-750 кв.м. майдонда ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади.

    Мажмуада зиёратчилар айланиши учун йўлаклар, ҳордиқ чиқаришлари учун декоратив ўриндиқлар ўрнатилади. Мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Навоийнинг ҳикматли сўзлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади. Барпо қилинадиган боғда ҳудуднинг табиий шароити инобатга олиниб, маҳаллий дарахтлар, жумладан, анор кўчатлари ўтқазилади. Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.

    Кириш қисмида саккиз бурчакли масжид ҳамда чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади. Мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилади. Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади.

    Ҳазрат Мир Алишер Навоийга аталган мазкур обида бобокалонимизнинг 580 йиллик юбилейига муносиб туҳфа бўлади. Буюк аждодимизниг кўнглида эзгулик боғи барқ урганини, нафақат шоир, тафаккуримиз чароғбони, балки давлат арбоби, илм-маърифат ва халқ ҳомийси сифатида улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширганини ифтихор билан ёд этамиз.

    Ўз даврида юртни обод, халқ кўнглини шод этган, неча асрлар ўтса-да, асарлари билан дунё аҳлини ҳайратга чулғаб келаётган буюк зотга эҳтиром кўрсатмоқ унинг ворисларига муносиб ишдир.

    Энди буюк бобокалонимиз хоки қўйилган замин обод манзилга айланади. Ҳиротда, улуғ қадамжода янги Ўзбекистоннинг нафаси уфуриб турадиган бўлади... Юқорида иқтисодиётимиз кўприги, Афғонистон, Покистон орқали денгиз портларига олиб чиқувчи йўл – “аср қурилиши” ҳақида сўз очгандик. Ҳазрат Навоийнинг хокини обод этиб, мажмуа барпо қилмоқдек хайрли ишда ҳам асрларнинг акси тушиб турибди...

    Фахриддин ҲАЙИТОВ,

    Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини

    ривожлантириш департаменти бош мутахассиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates