Тадбирда Туркия Ташқи ишлари вазирлиги, ТУРКСОЙ ташкилоти, Анқара шаҳри ва туманлари ҳокимликлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, навоийшунос ва тилшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда нутқ сўзлаган элчи Алишер Аъзамхўжаев буюк бобомиз Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилишида ҳисса қўшганлар, жумладан, Кечиўрен тумани ҳокимлиги ҳамда Башкент университети Алишер Навоий тадқиқот маркази раҳбари Абдураҳмон Гўзалга алоҳида миннатдорлик билдирди. Алишер Навоий сиймосининг Ўзбекистон халқи учун нақадар муҳимлигини қайд этган дипломат сўнгги йилларда мамлакатимизда буюк бобомизнинг хотирасини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида таъкидлади.
"Бугунги кунга қадар Москва, Душанбе, Остона, Токио, Минск, Шанхай, Сеул ва Боку шаҳарларида Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилган. Бинобарин, Анқарада буюк аждодимизнинг улуғвор ҳайкалининг очилиши нафақат бизлар учун, балки Туркиядаги барча биродарларимиз, ҳаттоки бутун туркий дунёдаги қардошларимиз учун катта шараф эканига чин дилдан ишонаман", - деди элчи.
Тадбир давомида Алишер Навоий рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқиб берилди.