– Ҳазрат Навоий шариатнинг ҳаждан бошқа барча амалларини бажарган. У жуда бой одам бўлган, лекин шунга қарамай закот бермаган экан? Нега бермаган, деб ўйлайсиз?
– Закотнинг қоидаси маълум миқдордаги пул уйда турган бўлса, шундан берилади. Бу саҳобалар даврида ҳам кузатилган. Саҳобалар бой бўлишган, аммо катта эҳсон қилганликлари учун қўлларида закот берадиган миқдорда пул бўлмаган. Алишер Навоий ҳам шу даражада кўп эҳсон қилганки, закот беришга ҳожат қолмаган, деб ўйлайман.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ташкил этилган тадбир олимлар ва академия талабалари ўртасидаги шундай қизғин суҳбат, буюк мутафаккар ҳақидаги қизиқарли маърузалар асосида ўтди.
Юқоридаги савол муаллифи, атоқли адабиётшунос олим, Алишер Навоий номидаги Давлат музейи директор ўринбосари, филология фанлари номзоди Отабек Жўрабоевнинг “Алишер Навоий барча замонларнинг буюк инсони” мавзусидаги маърузаси тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, академияга келган меҳмонлар орасида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси, навоийшунос олима Мамлакат Латипова, Мудофаа вазирлигининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бўлим муҳаррири, катта лейтенант Исломжон Қўчқоров, тадқиқотчи Жамолиддин Абдуллаев буюк шоир даҳоси ҳақида завқ билан гапиришди.
“Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар” кафедраси мудири, сиёсий фанлар доктори Ф.Каримов, фалсафа фанлари номзоди Б.Валиев, сиёсий фанлари номзоди М.Назировлар талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Тадбир якунида ўтказилган “Билимдонлар баҳси” Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланди. Баҳс ғолибларига меҳмонлар ўзларининг совғалари – китобларни эсдалик учун таҳфа этишди. Устозлар буюк шоир меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш академия талабалари учун зарур ва аҳамиятли экани, бу каби учрашувлар ва баҳслар яна давом этишини таъкидлаб ўтишди.
Н.НАМОЗОВА,
С.Махсумова,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчилари