Эрон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилига 1 миллиард долларга етказилади

    Жорий йил 31майда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг (ҲК) 15-йиғилиши бўлиб ўтди.

    Тадбирга Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Эрон томонидан эса Эрон Ислом Республикаси саноат, конлар ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Саид Маҳдий Ниёзий ҳамраислик қилди. Унда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

    Йиғилиш кун тартиби доирасида инвестиция, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва саноат кооперацияси соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳар томонлама кўриб чиқилди.

    Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикаси қайд этилди: сўнгги уч йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Бу йўналишда муносабатларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, томонлар кимё саноати маҳсулотлари, асбоб-ускуналар, қурилиш материаллари, ипак, тўқимачилик, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

    Савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини имзолаш, Имтиёзли савдо битимини қабул қилишни жадаллаштириш, иккала давлатнинг ҳудудларида “Made in Iran” ва “Made in Uzbekistan” кўргазмаларини ўтказишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, икки томонлама савдодаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.

    Инвестициялар соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама этилди. Охирги беш йил ичида Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга кўпайиб, 420 тага этди. Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки мамлакатнинг йирик компанияларини жалб этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

    Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар соҳада ўзаро муносабатларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

    Йиғилиш якунлари бўйича музокаралар давомида эришилган барча икки томонлама келишувларни акс эттирган ҳамда Ўзбек-Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган Якуний баённома имзоланди.

    Кун тартиби доирасида, шунингдек, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни фаоллаштириш, Ўзбекистонда иш олиб бораётган эронлик инвесторларни қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида давра суҳбати ҳам ташкил этилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates