Эшитиш ва кўриш имконияти чекланган ҳамюртларимиз Умрага жўнатилди

    Кеча 40 нафар эшитиш ва кўриш имконияти чекланган ватандошларимиз Умра ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига етиб келди.

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси кўмагида юборилган зиёратчилар гуруҳи Жидда халқаро аэропортида Бош консулхона ходимлари томонидан кутиб олинди.

    Ватандошларимизнинг ўз ибодатларини мукаммал адо этишлари учун «Uzbekistan airways» АК, Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги, «Мармара» ширкати ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўн кунлик Умра зиёрати дастури ишлаб чиқилди.

    Шу ўринда таъкидлаш керакки, ушбу хайрли лойиҳа Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар самараси ҳамда улар доимо давлат ҳимоясида эканлигини тасдиқлайди.