Учрашувда делегация вакилларига мамлакатимизда транспорт ва логистика соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган жадал ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
М.Омаров Ўзбекистон барқарор, ишончли ва хавфсиз транспорт тармоқлари инфратузилмасини яратишга инвестициялар жалб этиш бўйича Европа Иттифоқи ташаббусларида фаол иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди. Шу нуқтайи назардан минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш борасидаги лойиҳаларга алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Бу борада «Қизилўрда – Учқудуқ» темир йўл линияси лойиҳаси Ўзбекистон ва Қозоғистонга салмоқли иқтисодий фойда келтириши ҳамда минтақавий интеграция ва савдо алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшиши нуқтайи назаридан устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Айни пайтда Ўзбекистон ва Қозоғистон транспорт вазирликлари томонидан лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини молиялаштириш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ҳамда бошқа халқаро молия ташкилотларига таклифлар киритилганлиги айтиб ўтилди.
Делегация вакиллари Транскаспий халқаро транспорт йўлаги бўйича яратилган мувофиқлаштирувчи платформа Марказий Осиё ва Европани бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган ҳамкорликдаги муҳим қадам эканлигини таъкидлаб ўтди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.