Фақат экиш билан иш битмайди

    Ҳар сафар Қоракўлга борганимда, ёқимсиз шамоллар ва булутдай ёпирилиб келадиган чанг-тўзонларга ўзим ҳам кўп дуч келдим.

    Асосий қисми чўллардан иборат бўлган Бухоро вилоятида ҳам бундай табиат ҳодисалари кўп содир бўлмоқда. Ҳар сафар Қоракўлга борганимда, ёқимсиз шамоллар ва булутдай ёпирилиб келадиган чанг-тўзонларга ўзим ҳам кўп дуч келдим.

    Бу каби кўнгилсиз вазиятдан халос бўлиш учун Қоракўл туманида саксовул, юлғин сингари чўл ўсимликларини кўпайтириш орқали табиат мусаффолигини сақлаш ва ён-атрофни кўкаламзорлаштириш ишларига эътибор ­кучайтирилмоқда. Чунки бу ўсимликлар қум кўчишининг олдини олиб, ернинг устки қисмида шамол тезлигини камайтириш имконини беради.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қоп­ламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

    Мазкур қарорда Бухоро вилояти мисолида ҳам туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этиш ишларини изчил давом эттириб, иқлим ўзгаришлари оқибатларини юмшатишга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилган.

    Мутахассисларнинг қайд этишича, 3 йиллик саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 йиллик саксовулзорда эса 79 фоизга камаяркан. Буни қарангки, саксовул буталарининг еттинчи йилида ўша ҳудудда бу каби салбий ҳолатлар бутунлай тўхтаркан. Чунки саксовул ва юлғиннинг илдизи бақувват бўлиб, бир тупи 10 ­тоннагача қумни ­мустаҳкамлаб, кўчкиларга йўл бермас экан. Илдизи тупроққа чуқур кириб, узунлиги саккиз метргача етишидан маълумки, қумларни ­мустаҳкамлашда бу ўсимлик­лар беқиёс аҳамиятга эга.

    — Сўнгги йилларда ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Вилоятда “яшил қоплама” яратишга астойдил киришилган. Жорий йилда биргина Олот тумани чўл массивларида 40 минг гектардан зиёд ҳудудда экиш ишлари ­режалаштирилган бўлиб, бу ишларга 20 дан ортиқ техника жалб қилинган, — дейди Бухоро вилоят ҳокимининг матбуот котиби Олим Жўраев. — Ўтган йили Жондор тумани Қорақум чўлида 20 минг гектар, Шофиркон туманидаги Қизилқум чўлида 20 минг гектарда экиш ишлари амалга оширилган. Чўл массивларида бажарилган экиш ва ниҳол кўкартириш ишлари, аввало, аҳоли саломатлигини сақлаш ва экологик номутаносибликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Яқинда вилоят ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга молик йўлнинг 111-114 километрдаги қисми ҳамда Жондор ва Қоракўл туманларидан ўтувчи йўлнинг икки томонида 10 қатордан дарахт кўчатлари экилди. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир азалий удумларни ўзида жамлаган байрамга айланиб кетди. Аслида, яхши ниятда қилинадиган ишлар одамларни эзгуликка ундайди. Ерга қадалган ҳар бир ниҳол она табиат мусаффолигини ошириб, инсон умрини узайтиришга хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

    Айниқса, Президентимизнинг ўзимизнинг туманимиз, ўзимизнинг маҳалламизга эътибор қаратиб, ҳудудимизни обод қилиш ҳақида жон куйдириб гапиргани ҳар биримизни хайрли ишга ундайдиган эзгу даъват бўлди. Она замин бағрига қадалаётган ҳар бир кўчат кун келиб, одамлар саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини унутмаслигимиз лозим. Экилган ниҳоллар ҳавони чангдан тозалаб, кислород ишлаб чиқариши билан бирга, дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришларига ижобий таъсир этиб, келажак авлодларга яшилликка бурканган кўм-кўк маконни улашади.

    Бухоро вилояти ҳокими матбуот котиби берган маълумотларга кўра, магистраль йўл бўйидан 4 километр ҳудуд, 40 метр масофагача энликда фойдаланишга киритилиб, 5 қатордан манзарали ва 5 қатордан мевали, шунингдек, гужум, туя арча, саксовул каби кам сув талаб қиладиган дарахт ва бута кўчатлари экилган. Қарийб 50 гектар майдон ўзлаштирилиб, қақроқ ерда ўзига хос боғ яратилган.

    Танланган ҳудуд тошлоқ ва қақроқ ерлар бўлгани боис, аввало, махсус техникалар ёрдамида текисланиб, ўғитга тўйинтирилган экинбоп тупроқ тўкилган. Дарахт экилган ҳудудларга “Бухоросувтаъминот” МЧЖ томонидан томчилатиб суғориш тизими ўрнатилмоқда. Қисқа қилиб айтганда, фақат дарахт экиш учун эмас, унинг униб-ўсиши учун ҳам шароит ҳозирланган.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates