Мазкур «ақл жанги» иштирокчиларнинг мантиқий фикрлашини оширади, билимдонларни кейинги босқичга саралаш орқали рақобат ва рағбат билан тинимсиз ўрганиш, изланишга йўналтирувчи кўприк вазифасини бажаради. Айтиш керакки, мазкур ўйин ташкил этилганига кўп бўлмасидан қанчадан-қанча иқтидорли, билим эгаларини юзага чиқарди, илмталаб ёшларни ортидан эргаштирди.
Жумладан, зукко билимдонларни ўз бағрига жамлаган Фарғона давлат университетининг иқтидорли талаба-ёшлари «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда турли билимлар беллашувларида узлуксиз иштирок этиб, энг яхши натижаларни қўлга киритиб келмоқдалар.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу интеллектуал ўйин ривожи учун қаратган эътибори, заковатли ёшлар учун яратган шарт-шароитлари натижасида 2023 йилда ўқитувчилар ўртасида ўтказилган «Заковат» турнирининг республика босқичида «ФарДУ» жамоаси 3-ўринни эгаллаган бўлса, 2024 йилда 2-ўринга, Фарғона давлат университети академик лицейи эса 1-ўринга юксалди.
Эътироф этиш керакки, жорий йилнинг 16-20 декабрь кунлари олий таълим муассасаалари ўртасида ўтказилган «Интеллектуал олимпиада» турнирида спортнинг шашка баҳсларида физика-математика факультети 4-босқич талабаси Исмоилжон Исмоилов фахрли 1-ўринни эгаллади.
Бу ғалаба барчамиз учун қувончли хушхабар бўлди. Шунингдек, интеллектуал олимпиаданинг эрудит квартет турнирида эса Фарғона давлат университети жамоаси 1-ўринни қўлга киритиб, 100 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Энг қувонарлиси, яқинда эълон қилинган интеллектуал олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, Фарғона давлат университети умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади ва Президент совғаси — 1,5 миллиард сўм пул мукофоти соҳибига айланди. Бу ютуқлар якунланаётган йилнинг муваффақиятларга бой интиҳоси ва келаётган янги йилнинг омадли дебочасидир. Албатта, бу ғалабалар ортида олийгоҳ ректори бошчилигидаги жамоанинг тинимсиз меҳнатлари мужассам.
Бугун юракларида Ватан меҳри жўш ураётган, томирларида даҳолар қони гупириб оқаётган Янги Ўзбекистон фарзандлари келгусида албатта, ўзлигини, илмини бутун дунёга намоён этади, кучли интеллектуал пойдеворга эга бўлган қудратли давлатни барпо этади. Эртага улар орасида Фарғона давлат университетининг бахтли талабалари кўпчиликни ташкил қилишига шубҳамиз йўқ.
Дилобар Гафурова,
ФарДУ Ахборот хизмати