Унда биз учун ҳам олис, ҳам яқин бўлган Шинжондаги узумчилик тарихи ва уни ривиожлантириш тенденциялари ҳақида ҳикоя қилинади. Лекин мен ушбу фильмда биз ҳаётда кўпам эътибор беравермайдиган оддий одамларнинг ҳаёти, ўй-ташвишлари ва турмуш тарзини кўрдим.
Ўзбек журналисти Турфонда яшайдиган замондошларимиздан бирининг хонадонига кириб боради.
Уй эгаси билан содда, самимий суҳбат қуради.
Қизиқ-да, инсон қаерда яшамасин, у меҳнат қилади ва ана шу саъй-ҳаракати орқали ҳаёти ва турмушини безайди, умрини янада мазмунли қилади.
Фильмда документалистика ва публицистика элементлари жуда кўп.
Чунки муаллиф кўпчилик бизда қўл урмайдиган ўзбек суриштирув журналистикасининг даҳоларидан.
У оддий ёзмайди.
Олган мавзусига доир катта-кичик муаммога ҳар сафар оригинал ёндашади.
Теша тегмаган қочиримлар, бадиий топилмаларини-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Бу ўринда мухбирнинг сўз бойлигидан ташқари, фильмнинг умумий қурилиши, унинг таркибий қисмларида яққол кўзга ташланадиган ноёб тасвирларни ҳам қайд этиш ўринли.
Оператор объектлар ва айрим деталларни гоҳ қуш учадиган баландликдан туриб, гоҳ балиқ сузадиган сув остидан тавсирга шундай ракурсда кўрсатадики, сиз ана шу кадрларни томоша қилаётиб, ҳайратдан нафасингиз 1-2 сония тўхтаганини сезмай қоласиз.
Ўзи асл тележурналистиканинг сеҳри, оҳанграбоси ҳам шу бўлса керак.
Устоз журналист Муҳаммаджон Обидов ҳикоя қилар экан, “Шинжондаги бугун ўсаётган узумларнинг аждоди эҳтимол ўзимизнинг Фврғонадан бўлса керак”, деган ҳақли гипотезани илгари суради.
Фильмда ҳамма нарса бир ўқ атрофида ҳаракат қилаётгандек. Бу ўқ Турфондаги сув қадри эди. Турфон ер юзидаги денгиз сатҳидан энг чуқур жой. Шунинг учун у ҳамиша иссиқ. Ҳарорат ҳатто 62 даражага кўтарилгани айтилади. Бирин-кетин алмашган тасвирларда Тяньшан тоғларидан оқиб тушган жилғалар ер ости ариқлари орқали дала-боғларга келтирилаётгани акс эттирилган. XIV асрда эса Чингизхон авлодлари ана шу сув йўлини тўсиб қўйгани учун аҳоли шаҳарни ташлаб кетгани ва у вайронага айлангани ишончли далиллар билан кўрсатиб берилган.
Тақдимотда сўзга чиққан “Ўзбеккино” раиси Шуҳрат Ризаев, профессор Шерзодхон Қудратхўжа, академик Неъматилло Иброҳимов, шайх Абдулазиз Мансур, профессор Хуршид Дўстмуҳаммедов ҳужжатли публицистик фильм ижодкорлари эришган ютуқни таҳлилий изоҳлаб бердилар.
Дарвоқе, “Шинжон: Турфон мўжизалари” фильми қайсидир таниқли студияларда эмас, балки муаллиф ва бошловчи Муҳаммаджон Обидов бошчилигида “Фарғона ҳақиқати” газетаси ҳузуридаги “Кўнгил” ижодий гуруҳи томонидан таҳририят маблағига яратилган.
Тасвирчи Элёр Олимов учун бу биринчи йирик киноасар бўлса-да, воқеликнинг киши пайқамас нуқталарини топа олган ва тасмага муҳрлаган.
– Фильм биз учун янги йил арафасидаги қувончли воқеа бўлди ва у Ўзбекистон – Хитой давлат раҳбарлари қабул қилган икки мамлакат муносабатларидаги стратегик шериклик мақомининг амалий натажаларидан бири, дейиш мумкин, – деди тақдимотда иштирок этган Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь. – “Фарғона ҳақиқати” газетаси, журналист Муҳаммаджон Обидов нафақат Ўзбекистонда, балки Хитойда ҳам таниқли. Газета Хитойнинг камбағалликдан чиқариш тажрибаси ҳақида мақолалар танловини юксак даражада ўтказгани бизга маълум эди. Мана, энди у икки мамлакат халқлари муносабатларини мустаҳкамлашга чорловчи ажойиб фильмни совға қилди.
Мазкур фильм премьераси айнан журналистика университетида бўлиб ўтгани бежиз эмас. Чунки у бўлғуси журналистлар, ёш медиатадқиқотчилар учун ажойиб маҳорат дарси бўлди.
Фильм муаллифи, устоз журналист Муҳаммаджон Обидовни янги ижодий асар билан чин қалбдан табриклайман.
Беруний AЛИМОВ,
“Янги медиа” таълим маркази” ННТ директори,
филология фанлари доктори.