Юртимизда ишлаб чиқариш соҳасидаги янгиланишлар, йирик корхоналар бунёд этилиши иқтисодиёт ривожланишига хизмат қилади. Мамлакатимиз қудратини оширади. Одамларни ишли қилади. Меҳнатга муносабатни ўзгартиради. Бу, ўз навбатида, шу тизимда фаолият юритишга қодир малакали мутахассисларга талабни кучайтиради.
Президентимиз раислигида жорий йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда атрофлича фикр юритилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Уларнинг ривожланиши маҳсулот салмоғи, сифати, энг асосийси, малакали кадрлар салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Агар ҳар йили юртимизда ўртача 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилишини инобатга олсак, бу 150 минг атрофида иш ўрни яратилишига асос бўлади. Хўш, уларда меҳнат қиладиган мутахассисларнинг ҳаммаси ҳам етарли кўникмага эгами? Президентимиз йиғилишда бу масала хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. “Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Кадрлар салоҳияти биргина олий таълим муассасаси берадиган билим билан чегараланиб қолмайди. Шунинг учун давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантириш учун янги ташаббусларни илгари сурди. Техника йўналишида ўқитиш ва илмий тадқиқот жараёнлари илғор тажрибалар асосида тўлиқ ўзгариши таъкидланди. Бу тизимдаги 36 та олий таълим муассасаси ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолиши, улар дуал таълим тизимига тўлиқ ўтиши белгиланди. Ҳар бир ҳудудда камида биттадан техника университети бўлиши қайд этилди.
Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мисолида айтадиган бўлсак, Қашқадарё вилоятидаги йирик саноат корхоналари – “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва Деҳқонобод калий заводидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган 5 та лойиҳа бажарилмоқда. “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ билан ҳамкорликда “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби очилди. “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили йўлга қўйилди.
Етук кадр бўлиб етишиш учун ўқийдиган пайт келди
Жорий йил 10 декабрь куни Президентимизнинг “Қарши давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ҳам юқоридаги вазифалар ижроси йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Унга мувофиқ, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали негизида Қарши давлат техника университети ташкил этилди.
Университетнинг асосий вазифаларидан бири муҳандислик, геология, ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт, энергетика, ахборот технологиялари ва дастурлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда ирригация тизимлари ва агротехнологиялар соҳалари бўйича замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга муҳандис кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан иборат. Бундан ташқари, таълим жараёнига илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилган. Бир сўз билан айтганда, меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар етказиб бериш, бунинг учун барча имкониятларни яратиш ва татбиқ этиш талаб этилади.
Меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлардан воз кечиш вақти келди. Олий таълим муассасалари ўз таълим йўналишларини ишлаб чиқариш соҳасидаги талаблардан келиб чиқиб белгилаши лозим. Сабаби, тизимда хусусий таълим ташкилотлари фаолияти ҳам ривожланиб бораётгани рақобат муҳитини кенгайтирмоқда. Ота-оналар, ёшларнинг дунёқараши ўзгаряпти. Диплом учун эмас, мутахассис бўлиб етишиш учун ўқийдиган пайт келди.
Қарорда малака талаблари ва фаннинг ўқув дастурлари иш берувчилар таклифлари ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари дастурлари асосида халқаро таълим стандартларига мослаштирилган ҳолда таълим жараёнига жорий этилишини таъминлаш белгилангани бежиз эмас. Бугун биз дунёга юз тутяпмиз, демак, олийгоҳларимиз тайёрлаган кадрлар ҳам хорижий ускуналарни бемалол бошқара оладиган, юқори талабларга жавоб бера оладиган даражада тажрибага эга бўлиши лозим. Бу тажрибага эга бўлишнинг тамал тоши университет базасида бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Таълим кластери – мутахассислар “фабрика”си
Фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган хайрли ишлар изчиллик билан давом этмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори таълим ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлади. Қарорга кўра, талабаларнинг нуфузли корхоналарда амалиёт ўташи, профессор-ўқитувчиларнинг эса ўз билим ва малакасини ошириши учун имконият эшиклари очилди. Хўш, унинг амалий натижалари нималарда кўринди?
Институтимиз мисолида эътироф этишимиз мумкинки, қарор талабларидан келиб чиқиб, вилоятдаги нефть-газ кимёси соҳасига ихтисослашган йирик корхоналар билан ҳамкорлик кенг йўлга қўйилди. Бу ҳамкорлик самараси ўлароқ, талабаларнинг амалиётини ташкил этиш билан боғлиқ кўплаб муаммолар ечилди. Яъни талабалар учун транспорт, махсус кийимлар, лабораториялардан фойдаланиш, корхона томонидан мутахассис бириктириш имкониятлари яратилди. Ишлаб чиқариш соҳаси илғор мутахассислари олий таълим муассасаларида дарс ўтмоқда. Иқтидорли профессор-ўқитувчилар ва талабаларни саралаш мақсадида турли танловлар жорий қилинди.
2023-2024 йиллар давомида институт талабаларидан 700 нафарининг амалиёти таълим кластери таркибидаги корхоналарда ташкил этилди. Ишлаб чиқариш корхоналари таклифлари асосида нефть ва газ иши, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда бошқариш, кимёвий технология, нефть, нефть ва газни қайта ишлаш технологияси каби таълим йўналишлари, юқори молекулали бирикмалар кимёвий технологияси, нефть-газ саноати машиналари ва жиҳозлари мутахассислиги бўйича 10 дан ортиқ янги фан киритилди ва фан дастурлари такомиллаштирилди.
Корхоналарнинг малакали ходимларидан 20 нафари ўқув жараёнига жалб этилди, институт профессор-ўқитувчиларидан 28 нафарининг ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкаси ташкил қилинди. Кластер корхоналари томонидан иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалиёт ва стипендия бўйича танловлар жорий этилди. Натижада институт талабаларидан 20 нафари “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ва 5 нафари “Uzbekistan GTL” МЖЧ жорий этган стипендия танловлари ғолиби бўлди. 69 талаба иш билан таъминланди. Институт профессор-ўқитувчиларидан 4 нафари “Uzbekistan GTL” компанияси томонидан ўтказилган “Энг фидойи устоз” танлови ғолиби сифатида эътироф этилди.
Илғор муҳандислик мактаби истиқболи
Газ-кимё ва энергетика илғор муҳандислик мактаби ташкил этилиши соҳада кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларнинг муҳим тизимига айланди.
Бўлажак муҳандис, албатта, лаборатория кўриши керак. Агар у маърузаларда олаётган билимларини лабораторияда қўллаб кўрмас экан, эртага амалий машғулотларида фаол иштирок эта олмайди. Ахир аудиторияда олинган билим амалиётда мустаҳкамланади. Демак, агар талаба мана шу жараёнлардан ўтмаса, эртага, ишлаб чиқаришга борганида, яхши мутахассис сифатида ишлай олмайди. Ҳозир 1-босқич магистрларидан 23 нафари илғор муҳандислик мактабига танлов асосида олинган бўлиб, нефть ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология бўйича мутахассислар тайёрланади.
Бу мактабнинг асосий мақсади саноат ҳамкорлари эҳтиёжлари ва атроф-муҳит талабларини ҳисобга олган ҳолда нафақат юқори технологияли ва кўп тармоқли технологияларни ўзлаштиришга қодир бўлган, балки креатив фикрлайдиган, муҳандис-тадқиқотчи малакасига эга янги авлод кадрларини тайёрлашга қаратилган. Ана шу мақсаддан келиб чиқиб, мактабнинг ўқув-услубий таъминоти жаҳондаги етакчи 300 университет, жумладан, Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Дрезден техника университети (Германия), Томск техника университети (Россия), Беларусь миллий техника университетининг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар, илғор педагогик технологиялар асосида шакллантирилди.
Магистрлар дастлабки йилда корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади. Ўқув дастурига “Tannarx muhandisligi”, “Qiyoslash muhandisligi” махсус модуллари киритилди.
Иккинчи йилда эса янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнлар корхоналарда синовдан ўтказилади. Янги технологиялар ва илмий-техник ечимлар яратилади ҳамда жорий этилади.
Таълимнинг ҳам институтда, ҳам корхонада олиб борилаётгани магистрлар учун амалиёт имкониятларини оширяпти ва кўпроқ маълумотга эга бўлишларига имкон яратяпти. Қолаверса, улар илмий тадқиқот ишларини бевосита заводнинг ўзидаги лабораторияларда олиб боряпти. 2024-2025 ўқув йилида 23 магистр, 6 нафар ёш олим ва докторант илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, корхонанинг илмий технологик муаммолари бўйича жами 3 миллиард сўмлик 3 та илмий лойиҳа бажарилиши режалаштирилди.
2025-2026 йилларда 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинади, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилади. Шўртан газ-кимё мажмуаси ва институт олимлари ҳаммуаллифлигида 2 та илмий ихтирога талабнома топширилади. 10 дан ортиқ мавзуда илмий технологик муаммоларнинг муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилади.
Талабага енгиллик
Бугун қай бир соҳани олманг, ривожланишни, тараққиётни, ўзгаришни, янгиланишларни кўрасиз. Рақамлаштириш куннинг муҳим мавзусига айланиб улгурди. Президентимизнинг “Қарши давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида таълим хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида университет ўқув-услубий бўлинма ҳамда деканатлар штатларини мақбуллаштириш ҳисобидан Регистратор офиси фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди. Ушбу тизимнинг вазифаси нима ва қандай афзалликларга эга?
Кейинги йилларда ёшлар учун имкониятлар майдони тобора кенгайиб бормоқда. Олий таълим муассасалари моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти, талабанинг дарсдан бўш вақтида ишлашига рухсат берилди, шартнома асосида ижара хонадонларида яшаётган талабаларнинг ижара пулларининг ярми давлат томонидан қоплаб бериляпти.
Регистратор офиси фаолиятининг асосий мақсади талабага енгиллик қилиш, унинг муаммоларини бир жойнинг ўзида, марказлашган тизим орқали ҳал этишдан иборат. Бу ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликка барҳам беради. Масалан, талабалар ўқишини тиклаш, кўчириш, тўлов-шартнома, стипендия масалалари – ҳаммаси шу ернинг ўзида ҳал қилинади. Бир сўз билан айтганда, офиснинг вазифаси талабаларга хизмат кўрсатишга қаратилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий низом лойиҳасида Регистратор офиси олий таълим ташкилотларининг талабаликка қабул, ўқув жараёни ва талабаларга хизмат кўрсатиш, академик фаолиятни ташкил этиш ҳамда таълим жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш каби вазифаларни амалга оширувчи таркибий тузилма экани белгиланган. Бу, ўз навбатида, соҳада бюрократик тўсиқлар юзага келишининг олдини олишга ва таҳлилий маълумотларни шакллантириш, қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштиришга ёрдам беради.
Дарс жадваллари шу пайтгача ҳар бир деканатнинг ўзида алоҳида-алоҳида юритилган эди. Энди улар Регистратор офисида марказлашган ҳолда тузилади. Бу ўқитувчиларнинг дарс соатларини тўғри тақсимлаш, фаолиятини назорат қилиш имкониятини яратади. Бундан ташқари, факультетлардаги декан ўринбосари штатлари қисқартирилиб, уларнинг кўплаб вазифалари янги тизим ходимлари зиммасига юклатилди.
Бугун “талабага енгиллик” деган ибора кўп қўлланилади. Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосини ҳам ана шундай хайрли ишлар, мақсадлар ташкил этади. Регистратор офисининг муҳим вазифаси талабанинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишдан иборат. Мақсад шуки, ёшлар ҳужжатбозликка ортиқча вақт сарфламай, фойдали машғулотлар билан шуғуллансин.
Янги тизим, янги имкониятлар
“Қарши давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Фан, олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция кучайтирилади. Хорижий нуфузли университетлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилади. Жаҳон таълим тизимининг илғор тажрибалари ўзлаштирилади. Халқ хўжалиги ва саноат учун зарур бўлган таълим йўналишлари очилади. Илмий тадқиқот ишларининг мавзуси кенгаяди. Янги авлод дарсликлари яратилади.
Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси иқтидорли ёшларнинг ва ёш олимларнинг ўз салоҳиятини янада кенг намоён этиши, ўз устида ишлаши, илмий тадқиқот ишларини изчил амалга ошириши учун катта имкониятлар яратади. Натижада юртимиз иқтисодиёти тобора ривожланади. Ёшларнинг ўз билими, маҳоратига ишончи, қатъияти ортади. Профессор-ўқитувчиларнинг масъулияти, янгиликларни ўзлаштириш ва таълим тизимида жорий этишга интилиши янада кучаяди. Бугунги ўзгаришлардан кутилгани ҳам аслида ана шулардан иборат.
Орифжон БОЗОРОВ,
физика-математика фанлари номзоди, доцент