Фарғона вилояти Экология бошқармаси Марғилон шаҳар бўлимига шаҳар болалар шифохонаси ҳудудида дарахтлар кесилаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушди.
Мурожаат ўрганилганида шифохона ҳудудида техник ходим М.И. томонидан бир туп ўрмон фондига кирмайдиган кўп йиллик сасна дарахти ҳеч қандай рухсатномасиз кесилганлиги аниқланди.
Маълумот учун, 18 март куни шаҳар экология бўлими давлат инспекторлари томонидан дарахтларни кесмаслик тўғрисида огоҳлантириш хати берилган. Аммо ходим бунга амал қилмаган.
Дарахт кесилиши натижасида табиатга 36 миллион 500 минг сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, ҳуқуқбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 25 баравари — 8 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима белгиланди. М. И. қилмиши учун жами 45 миллион сўм тўлайдиган бўлди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 августдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 464-сон қарорига асосан ҳуқуқбузарга 100 туп дарахт кўчатини компенсация тарзида экиш ҳамда уларни камида 3 йил парвариш қилиш мажбурияти юклатилди.