"Байрам тантаналарида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация иштирок этди", дея хабар берди Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.
ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва бошқа ўзбек футболининг фахрий юлдузлари, футбол жамоатчилиги вакиллари “Истиқлол” ўйингоҳида бўлиб ўтган Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Фарғона вилояти фахрийлар терма жамоалари иштирокидаги Дўстлик турнирида ҳам бўлди.
Ҳар бир ўйин бир тайм 25 дақиқадан иборат бўлган турнирнинг дастлабки учрашувида Ўзбекистон ва Тожикистон фахрийлар терма жамоалари майдонга чиқди. Одил Аҳмедов, Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов, Усмон Тошев каби таниқли ўзбек футболчилари фарғоналик мухлислар қаршисида ажойиб ўйин намойиш этиб, 1:0 ҳисобида устун келди. Ягона голга Одил Аҳмедов муаллифлик қилди.
Анвар Бердиев, Акмал Холматов, Мансур Саидов, Сергей Лебедев каби “Нефтчи”нинг яқин ўтмишдаги юлдузлари Абдусамад Дўрмонов устозлигида Қирғизистон фахрийлар терма жамоасига қарши майдонга чиқди. Анвар Бердиев ва Шерзод Раимжоновнинг чиройли голлари 2:0 ҳисобидаги вилоят жамоаси ғалабасини таъминлади.
Ўзбекистон ва Фарғона вилояти фахрийлар терма жамоалари ўртасидаги финал учрашуви 0:0 ҳисоби билан якунланди. Пенальтилар сериясида ғалаба Ўзбекистон терма жамоасига насиб этди: 4:2
Учинчи ўрин учун баҳсда тожикистонлик футболчилар Қирғизистон жамоаси устидан ишончли ғалаба қозонди: 3:0
Тадбир давомида футбол фахрийлари ва жонкуярларига кўкрак нишони ва эсдалик совғалари топширилди.
Эл суйган санъаткорларнинг чиқишлари байрамга янада кўтаринки кайфият бағишлади.