Ушбу мобил қурилма йўлларда таъмирлаш ишларини бажариш, махсус тадбирлар ўтказиш, пиёдалар ўтиш хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа ишларни бажаришда транспорт ҳаракатини вақтинчалик тартибга солишга мўлжалланган.
Мобил светофор қуёш панели, аккумулятор, оптик светодиодли светофор, тизимни бошқариш ва назорат қилиш электрон блокларидан иборат. Буларнинг барчаси ҳаракатланувчи аравачага ўрнатилган.
Электр энергия манбаи бўлган 50 Вт.ли қуёш фотоэлектрик панел кучланишИ 12 В ва ток кучи 70 А/соатли аккумулятор орқали светофорни туну кун бардавом ишлашини таъминлайди. Светофор қизил ва яшил ёнувчи икки секциядан, 8 та ёритиш чироқларидан иборат.
Ушбу кўчма светофор қуёш панеллари ёрдамида ўзини ўзи бемалол таъминлай олади. Қуёшсиз ҳолатда ҳам аккумуляторлар орқали 14 соатгача ишлаши мумкин.
Айтиш керакки, хорижда ишлаб чиқарилаётган светофорларнинг нархи мамлакатимизга олиб келиш харажатлари билан ўртача 1000 АҚШ долларига тўғри келади. Республикамизда эса светофорларга талаб жуда юқори. Масалан, биргина умумтаълим мактаблари учун 10 мингдан ортиқ бундай қурилмаларга эҳтиёж бор.
Таклиф этилаётган импорт ўрнини босувчи мобил, фотоэлектрик, автоном светофорни тайёрланиш таннархи эса хорижда ишлаб чиқарилган светофор нархига нисбатан 55 фоиз арзон. .
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, буюртмачиларнинг талаби ва ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиққан ҳолда светофорнинг конструкцияси, функцияси, чироқларнинг ёниш вақтлари ва интервалларини ўзгартириш ёки масофадан бошқариш тизимига ўтказиш мумкин.









