Фармацевтика: аввал ва ҳозир

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бир йилда дунёда антибиотик нотўғри истеъмол қилингани туфайли 700 минг одам ҳаётдан кўз юмади. Бу жуда катта рақам. Ўзбекистонда бундай статистика ҳозирча юритилмайди. Лекин, айтиш мумкинки, биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Шу боис, дорихонадан бетартиб, рецептсиз дори берилиши инсонга зиён келтириши мумкин.

    Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, халқимизни рози қилиш мақсадида бирламчи тиббиёт тизими фаолиятини тубдан юксалтириш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, ҳудудларда ихтисослаштирилган тиббий хизматларни йўлга қўйиш билан боғлиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар янгича мазмун касб этяпти.

    Тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш жараёнини юқори самарали дори-дармонсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аҳолининг унга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш эса фармацевтика саноатининг қай даражада ривожлангани билан боғлиқ. Юртимизда бу соҳада ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.

    Куни кеча Президентимиз Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида “Jurabek laboratories” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона 48 милллион флакон инфузион эритмалар, 480 миллион дона ампула, 60 миллион дона қуруқ антибиотиклар, 20 миллион дона лиофилизация қилинган дори шаклларини ишлаб чиқариш қувватига эга.

    Бу ерда GLP лабораторияси мавжудлиги, халқаро GMP стандарти жорий этилганининг ўзи ҳам ишлаб чиқарилаётган дорилар сифати ва самарадорлигига кафолат бера олади. Айни пайтда корхона томонидан 300 дан зиёд турдаги дори воситалари давлат рўйхатидан ўтказилган, 15 дан ортиқ хорижий давлатларга экспорт қилиняпти.

    Бугунги пандемия даврида жуда муҳим бўлган ремдесивир, фавипиравир, гепарин, эноксапарин каби дорилар ҳам ишлаб чиқарилиб, амалиётда қўлланилганда ўз самарадорлигини кўрсатяпти. Яқин кунлардан бошлаб корхонада коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Корхонанинг бундай имкониятга эгалиги дори-дармонларнинг талаб даражасида сифатли ишлаб чиқарилишида муҳим омил саналади.

    ОРТГА НАЗАР

    Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимизда бор-йўғи 2 та фармацевтика корхонаси фаолият юритган. Маҳаллий илмий-текшириш институтлари билан ҳамкорликда 20 га яқин дори ишлаб чиқарилган.

    Дори-дармон ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, унинг сифатини назорат қилиш, экспорт-импортини амалга ошириш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш каби ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, соҳада фаолият юритувчи олимларга эътиборнинг йўқлиги, ғоя ва лойиҳаларга пул ажратилмагани ўз-ўзидан соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатган. Тармоқда замонавий дорилар яратилмаган ёки яратилгани ҳам ишлаб чиқаришга татбиқ этилмаган. Чунки инфратузилма, халқаро сифат сертификатини бера оладиган лабораториялар яқин-яқингача йўқ эди. Тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари ҳам бир нави фаолият олиб борарди.

    Бу ўз-ўзидан аҳолининг дори-дармон ва тиббий воситалар билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмасди. Дейлик, шифохонага тушган беморнинг яқинлари дори излаб сарсон-саргардон бўлган, камёб дориларни топа олмай, четга буюртма берган ҳолатларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Айрим дорихоналарда сифат лицензияси бўлмаган, яроқлилик муддати аниқ кўрсатилмаган ёки ўтиб кетган дори-дармонлар сотилгани ҳам бор гап. Бу табиийки, соҳадаги ишлар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилганидан далолат беради.

    КЕЙИНГИ ЙИЛЛАРДА СОҲАГА КАТТА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛДИ

    Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда фармацевтика соҳасига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида тизимдаги корхоналар сони кескин ошди. Бугунга келиб юртимизда 220 га яқин фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар турли дорилар билан бирга, тиббий буюмлар — боғлов материаллари, шприц, система, тиббий қўлқоп кабилар ҳам ишлаб чиқаради.

    Дори сифатини халқаро андозалар даражасига олиб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унга соҳадаги ишларни, хусусан, илмий текшириш фаолиятини мувофиқлаштириш, рўйхатга олиш, сертификатлаш ваколатлари берилди. Шунингдек, учта илмий-тадқиқот институти агентликка бириктирилди.

    ДУНЁ ТИББИЁТИДА НЕЧТА ДОРИ ҚЎЛЛАНИЛАДИ, ЎЗБЕКИСТОНДА-ЧИ?

    Фармацевтика соҳасида савдо номи ва халқаро патентланмаган ном деган икки тушунча мавжуд. Дорининг халқаро патентланмаган номи деганда, ЖССТ ташкилоти томонидан дори таркибидаги фаол дори моддаси (субстанцияси)нинг қисқартирилган номини бериш орқали дорини идентификация қилиш тушунилади.

    Содда қилиб айтганда, дори тиббий амалиётда савдо номи (aspirin) ёки кимёвий номи (ацетилсалицил кислота) билан қўлланади. Бир хил таркиб ва шаклдаги дори препаратлари, дейлик, Германия, Ҳиндистон ёки Ўзбекистондаги корхоналар томонидан турлича савдо номлари остида ишлаб чиқарилган ва уларнинг таъсири бир хил бўлгани ҳолда, нархи фарқ қилади.

    — Дейлик, деклофенак натрий Ўзбекистонда 30 та фирма томонидан тасдиқланган ва давлат рўйхатидан ўтган. У ҳар хил савдо номи остида ишлаб чиқарилади, — дейди Муҳаббат Иброҳимова. — “Вольтарен”, “Дикло”, “Диклоберл”, “Диклофенак” — бир хил таъсирга эга дорилар. Лекин ҳар хил корхона томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Ўзбекистонда дори ва тиббий буюмларнинг давлат реестрида 10 мингга яқин дори-дармоннинг савдо номи қайд этилган. Шундан халқаро патентланган номдагиси 600-1000 тани ташкил этади. Бутун дунёда 100 мингдан ортиқ номдаги дори бор. Лекин бизда ҳар бир касалликка қарши дори қайд этилган. Бир жиҳатдан бу яхши. Чунки дори етишмовчилиги бўлмайди. Аммо препарат асл бўлса, самарадорлиги юқорироқ, қайта ишлаб чиқарилаётган бўлса, фойдаси камроқ бўлади. Рецептга дорининг халқаро патентланмаган номи ёзилиши талаби баъзи даволовчи шифокорларнинг аниқ савдо номидаги айнан бир фирма маҳсулотини беморга тайинлаши, дорихоналарнинг эса атай қиммат дорини беморга сотишининг олдини олишга қаратилган. Бу, ўз навбатида, беморга имкони ва ҳамёнига қараб иш кўриш учун шароит яратади. Қиммат дори туфайли тегишли муолажаларни охиригача етказмаслигининг олдини олади.

    Юртимизда орфан касалликлар учун дори ва тиббий буюмлар рўйхати тасдиқланган. Орфан — бу кам учрайдиган касаллик дегани. Яъни 10 минг аҳолида иккита шундай ҳолат бўлса, бу орфан касаллик ҳисобланади. Талаб унчалик кўп бўлмагани боис, қонунда бу касаллик учун қўлланадиган дориларни мамлакатимизга давлат рўйхатидан ўтказмасдан, божхонада расмийлаштирмасдан туриб ҳам олиб киришга рухсат берилади.

    ҚАНЧА АҲОЛИГА БИТТА ДОРИХОНА БЎЛИШИ КЕРАК?

    Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунида “Давлат асосий дори воситалари, шунингдек, тиббий буюмлар олиниши имкониятини ва уларнинг сифатини кафолатлайди”, деб қайд этилган.

    Мамлакатимизда фармацевтика тараққий этиб бораётган соҳа ҳисобланади. Соҳага тегишли ташкилотларнинг бир қисми дори ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчилардир. Бундан ташқари, юртимизда 600 дан ортиқ улгуржи ташкилот фаолият юритади.

    Мамлакатимизда 14 мингга яқин дорихона мавжуд. Дорихоналар тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 2000 дан ортиқ дорихона бўлиб, баъзи мавзеларда 30 тадан 60 тагача дорихона фаолият юритади. Дорихоналар кўплигининг яхши жиҳати ҳам бор. Бу рақобатни кучайтиради, нархлар тушишига сабаб бўлади. Чунки аҳолини, биринчи навбатда, дори-дармон ва тиббий воситаларнинг нархи ўйлантиради. Четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланган ҳолда амалга оширилади. Бу жуда яхши. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор.

    — Дунёда дори-дармонлар рецепт билан ва рецептсиз бериладиган гуруҳга бўлинади, — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова. — Рецепт билан бериладиган дори шифокор ёзиб берган расмий тавсия билан сотилиши керак. Бизда эса, дорихонага кираётган одамларнинг аксарияти рецептсиз эканини кўриш мумкин. Касал одам кўпинча шифокорга мурожаат қилмайди. Мурожаат қилган тақдирда ҳам у оддий қоғозга дорининг савдо номини ёзади. Иккинчи турдаги беморлар шифокорга мурожаат этмасдан тўғридан-тўғри дорихонага боради. Нима учун? Чунки ҳар қадамда дорихона бор. “Бошим оғрияпти, қон босимим ошяпти”, деб мурожаат қилган мижозга вазифасига кирмаса-да, фармацевт ўз маҳсулотини тавсия этади. Агар бемор даволаш муассасасига бориб, малакали шифокорга учраса ва тиббий кўрикдан ўтса, аниқ ташхисдан сўнг 5-10 та дори эмас, балки битта дори тавсия этилар, балки умуман дорига зарурат бўлмас. Эҳтимол, бу бошқа муолажа талаб қилар ва дорихонага эҳтиёж қолмайди. Агар бу тартиб қаттиқ ишласа, дорихоналарга кираётган беморлар сони камаяди.

    Мутахассислар таҳлилига кўра, мамлакатимизда ўртача икки минг аҳоли битта дорихона тўғри келади. Лекин ҳудудлар кесимида бу турлича. Масалан, Тошкентда бир минг бир юз кишига битта, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида деярли уч минг аҳолига битта дорихона тўғри келади.

    Европада 2500 одамга битта дорихона очилиши белгиланган. Соғлиқни сақлаш тизими жуда яхши ишлайдиган Данияда 17 минг аҳолига битта дорихона хизмат кўрсатади. Дори-дармонга соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим бўлаги сифатида қаралади ва давлат томонидан жуда қаттиқ назорат қилинади.

    — Юртимизда дорихоналар кўплиги, бир томондан, солиқ бўйича қандайдир фойда келтираётгандир, аммо ижтимоий нуқтаи назардан бу фойдадан кўра кўпроқ зарар, — дейди Муҳаббат Иброҳимова. — Зарар нимадан иборат? Агар бемор дорини унга аниқ тайинланган рецепт асосида истеъмол қилмаса, касаллик чўзилиши ёки оғир аҳволга келиши мумкин. Биргина мисол, Ўзбекистонда антибиотик жуда кўп ишлатилади. Одамларда, агар шамолласам, албатта, антибиотик ичишим шарт, деган тушунча шаклланган. Аммо антибиотик вирусга қарши препарат эмас. Антибиотик бактерия ёки муайян касалликнинг асоратини тузатиши мумкин. Уни кўп ва давомли истеъмол қилиш инфекциянинг дориларга чидамлилигини оширади. Кейинчалик дори фойда бермайди. Ундан кучлироғини тавсия этишга тўғри келади. Дори таъсири сусайиши натижасида оддий шамоллаш ҳам оғир асоратларга олиб келиши мумкин.

    Давлатимиз раҳбари ўтган йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида тиббиёт ходимлари билан учрашувда бирламчи вазифа сифатида аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш, умуман, тиббий маданиятни ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бу бежиз эмас. Зеро, инсон саломатлиги кўп жиҳатдан унинг тиббий маданияти ва малакасига боғлиқ. Ҳар қандай касалликни даволашга тиббий маданият ва малака билан ёндашиш, турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган даволаш усули ҳам муҳим саналади. Шу маънода, истеъмол қилаётган доримизнинг қанчалик самарали ва хавфсиз эканлигини назорат қилиш, умуман, дориларга ружу қўймаслик, истеъмол қилишдан аввал уларнинг сифатини ўрганишни ҳам тақозо этади.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бир йилда дунёда антибиотик нотўғри истеъмол қилингани туфайли 700 минг одам ҳаётдан кўз юмади. Бу жуда катта рақам. Ўзбекистонда бундай статистика ҳозирча юритилмайди. Лекин, айтиш мумкинки, биз ҳам бундан мустасно эмасмиз. Шу боис, дорихонадан бетартиб, рецептсиз дори берилиши инсонга зиён келтириши мумкин.

    Президентимиз раислигида ўтган йил 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилиши борасида вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари “Бундан буён, бепул тиббий ёрдам учун йўлланмани ҳамда бепул тарқатиладиган дориларга рецептни ҳам оилавий шифокор беради”, деб таъкидлади. Бу, ўз навбатида, тиббиёт соҳасининг бирламчи тизимини ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш билан бирга фармацевтика тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган катта эътибордир.

    Ривожланган мамлакатларда тиббий суғурта тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Айни пайтда юртимизда Сирдарё вилоятида бу янгилик пилот лойиҳа сифатида амалиётга татбиқ этилмоқда. Бемор бирламчи тизимга мурожаат қилганда шифокор махсус код билан электрон рецепт ёзади. Бемор ҳақидаги барча маълумотлар унинг электрон тиббиёт дафтарида қайд этилган бўлади. Тиббий дафтарда, табиийки, бемор олдин қандай касалликка чалингани, қандай дорилар қабул қилгани — ҳаммаси ёзилган бўлади. Шифокор ташхис қўйгач, бемор яшаш жойига яқин дорихонага бириктирилади. Унга тавсия этилган дори номи ўша дорихонанинг электрон рўйхатига юборилади. Дорихона эса зудлик билан шу дорини олиб келади.

    — Германия тажрибасини ўрганганимизда, аҳоли дори қидириб юрмаслигига гувоҳ бўлдик, — дейди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров. — Дорихонага мурожаат қилинадиган бўлса, аптека ходими рецептни кўриб, “Мана, иккита дорингиз бор экан, қолганини тушдан кейин олишингиз мумкин”, дейди. Шундан сўнг мижоз дори излаб ҳеч қаерга бормайди. Дорихоналар бир кунда тўрт ёки беш марта улгуржи корхоналарга буюртма беради. Эрталаб бўлмаган дори қисқа вақтда келтирилади. Ҳудудлардаги кам сонли дорихоналар ўз аҳолисига сифатли ва тез хизмат кўрсатади. Рецепт асосида мижозлар эҳтиёжини таъминлаш тизими жуда яхши ва тез ишлайди. Бизда эса баъзан биргина дори учун кўплаб дорихонага кириб чиқамиз. Германия тажрибасида тизим ҳам, давлат ҳам бир-бирига ишонади. Бу ерда суғурта тизимининг афзаллигини кўриш мумкин.

    Мутахассислар фикрича, кўп дори ичилгандан кейин 30 фоиз ҳолатда ножўя таъсир пайдо бўлади. Ножўя таъсирни тузатиш учун яна дори ичиш керак. Бу ҳам сотувчига пул келтирувчи ва инсон соғлиғини ёмонлаштирувчи занжир бўлади. Чет элда рецепт билан бериладиган дори-дармонни ҳеч ким рецептсиз ололмайди. Дорихона қаттиқ назорат қилинади. Шифокор ишига масъулият билан ёндашади. Бизда ҳам мана шундай тизим яратилиши бўйича иш олиб борилмоқда.

    АҲОЛИНИНГ МАҲАЛЛИЙ ДОРИЛАРГА ИШОНЧИ НЕГА ПАСТ?

    — Бунинг сабаблари кўп, — дейди агентлик ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи. — Ўзбекистонда фармацевтика ҳали ёш, энди ривожланаётган соҳа. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори маҳсулотлари, асосан, генерик, яъни қайта ишлаб чиқилган дорилар. Масаланинг иқтисодий жиҳати ҳам бор. Ишлаб чиқарувчилар, дейлик, Хитой ёки Ҳиндистондан субстанция — таъсир қилувчи моддалар олиб келади, субстанция турли ҳолат ва нархда бўлади. Барча фармацевтик талабларга мос келгани ҳолда сифат жиҳатидан ўта тозаланган, тозаланган ва камроқ тозаланган турга бўлинади. Ундан дори тайёрлашда фойдаланилади. Кимёвий таҳлиллар бўйича у барча талабларга жавоб беради, таркибида ҳақиқатан ҳам таъсир қилувчи модда бор. Лекин одам организмига кирганидан кейин баъзисининг самарадорлиги пастроқ бўлади. Бу — дастлабки сабаб. Кейинги сабаб эса реклама билан боғлиқ. Бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам дори-дармон савдоси кўп жиҳатдан рекламага боғлиқ. Реклама қанча кўп қилинса, дори истеъмоли шунча кўп бўлади. Расмий реклама билан бирга норасмий, самарадорлиги пастроқ дори воситаларини тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

    Аммо бу маҳаллий дориларнинг барчаси самарасиз, дегани эмас. Юртимизда сифат назорати қатъий олиб борилади. Янги дорини рўйхатга олиш жараёнида жуда кўп ҳужжат талаб қилинади. Унинг сифати, дори ишлаб чиқаришда қўлланаётган хомашё, ишлаб чиқариш технологияси, клиник текширувлар қандай ўтгани ва натижаси, қайси турдош дорилардан афзаллиги кабилар ўрганилиб, ижобий баҳо олса, тиббиётда фойдаланишга рухсат этилади.

    Айни пайтда юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори-дармон нафақат ички эҳтиёжни қондирмоқда, балки экспорт ҳам қилиняпти. Ўтган йили 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда экспорт ҳажми кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Экспорт қилинадиган мамлакатлар сони йигирматага етди. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тайёрлаётган дориларнинг самарадорлигидан далолат беради.

    — Айни пайтда бутун дунёда дори сифатига эътибор кучайтирилган. Биз ҳам шундай талабларни жорий қиляпмиз, — дейди Алишер Темиров. — Бу талаб қатъийлиги охир-оқибат маҳсулотларимизнинг сифати ва экспорт салоҳияти ошишига сабаб бўлади.

    Мисол учун, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган битта дорини Қозоғистонда рўйхатдан ўтказиш учун у ердан инспекция вакиллари келиб корхонадаги шарт-шароит, сифат менежменти тизими қандай йўлга қўйилганини кўздан кечиради. Бу билан чет давлатдан келган мутахассислар нафақат бир корхонага баҳо беради, балки мамлакатимизда жорий қилинган сифат тизими ҳақида ҳам хулоса чиқаради.

    — Ҳозирча дорининг ножўя таъсири мониторинги юритилмаяпти, — дейди Муҳаббат Иброҳимова. — Эътибор берган бўлсангиз, чет эл дорисидаги йўриқнома 4-5 варақдан иборат. МДҲ давлатлари ва бизда ишлаб чиқарилган дориларда эса камроқ. Агар йўриқномада дорининг ножўя таъсири ҳақида кўпроқ маълумот ёзилган бўлса, истеъмолчида қўрқув пайдо бўлади. Европада эса ривожланган фармацевтик фирмалар томонидан дори қанча кўп ўрганилган, барча маълумотлар батафсил ёзилганига қараб унга ишонч кўпроқ бўлади. Агар дорининг ножўя таъсири сезилса, шифокор, истеъмолчи ва дорихона вакили соғлиқни сақлаш тизимига ёзма равишда хабар беради. Тизимнинг алоҳида ваколатга эга тузилмаси бу дорини қўллашни давом эттириш ёки умуман тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилади.

    Европа мамлакатлари соғлиқни сақлаш вазирликларига бир йилда тахминан 25-30 минг марта шундай хабар келиб тушар экан. Дорининг самарасизлиги ҳақидаги хабарни ким ёзганига эътибор берилмайди. Дорининг номи ва ишлаб чиқарувчига эътибор қаратилади ва бу катта огоҳлантириш, деб қабул қилинади. Самарасиз дорини қўллаш тўхтатилади. Бу ҳам бир механизм. Тасаввур қилинг, Европа фармацевтика бозори — сифатли дорилар айланадиган ишончли бозор. Шунда ҳам аҳоли дорининг хусусиятларига бефарқ эмас. Бизнинг бозоримизда ҳам сифатли, самарадор ва безарар дори айланиши учун жамоатчилик назоратини кучайтириш керак.

    Одатда фармацевтикада асл дори патенти муддати 20-25 йил. Шу даврда ҳеч қайси бошқа ташкилот шу ном, шу технология ва шу таркиб билан дори чиқаришга ҳақли эмас. Патент муддати тугаганидан сўнг асл препаратнинг эгаси ўз ишини давом эттириб, бу дори таркибига нимадир янгилик киритади ва у яна кейинги йигирма йилга патент олиши мумкин. Ёки фармацевтика фаолияти тўғрисида лицензияси ва дори ишлаб чиқаришга хоҳиши бўлган корхонага бу дорини қайта ишлаб чиқаришга рухсат беради. Бу генерик ишлаб чиқариш бўлади. Ўзбекистонда 95 фоиздан ортиқ айланаётган дорилар генерикдир. Чунки қайта ишланган дорининг нархи арзон. Нима учун арзон? Асл дори яратишга жуда катта харажат кетади. Бу маблағ янги дорининг нархига қўшилади. Генерик 20 йилдан кейин одамлар ўрганган дори бўлади ва нархи табиий паст бўлади. Шу сабаб генериклар кўпроқ истеъмол қилинади. Истеъмол қилиниши ҳам фармацевтика бозорида ҳар хил. Масалан, АҚШ ва Японияда 95 фоиздан ортиқ асл препаратлар айланади. МДҲ давлатларида эса кўпроқ генерик дорилар устувор.

    Аҳолининг тиббий маданияти, яъни бу соҳадаги хабардорлиги, билими дори-дармонлардан фойдаланиш, саломатлигини тиклашда катта аҳамиятга эга. Хасталикка чалинганда ёки яқин кишисига тиббиёт воситаларини ўз билганича эмас, бевосита мутахассис кўриги ва ташхисидан сўнг, расмий рецептлар орқали дорихоналардан харид қилиш ана шу жараённинг оқилона йўли. Хулоса қилиб айтганда, фармацевтика саноати, дорихоналар ва аҳоли ўртасидаги ишонч, ўзаро тушуниш энг катта бойлик деб таърифланган соғлиғимизни асраш ва тиклашда катта самара бериши шубҳасиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА тайёрлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates