Болалик инсон умрининг энг беғубор, орзу-умидларга тўла жўшқин ва ҳароратли пайти бўлиб, уларнинг кулгуси, кўзларидаги қувонч бутун оламни ёритадигандек, гўё. Зеро, дунёда бола кулгусидан ёқимлироқ овоз йўқ. Улар кулгуси бахтнинг жарангига ўхшайди. “Боланинг бегонаси бўлмайди”, “Бир болага етти маҳалла ота-она” каби ҳикматли сўз ва мақоллар неча асрлардан буён тилдан-тилга, дилдан-дилга ўтиб, яшаб келаётгани бежиз эмас.
Мамлакатимизда болаларга бўлган эътибор ҳам, муносабат ҳам ўзгача. Уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишга доир муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шунинг баробарида, болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкил этиляпти.
Хусусан, уларга мўлжалланган оромгоҳлар фаолиятини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилиб, соҳадаги бошқарув ягона тизим асосида йўлга қўйилди. Шу билан бирга, болаларни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Болалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, ёш авлодни жисмонан ва маънан соғлом қилиб вояга етказиш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан ишлар қилинди.
Болага ёшлигидан оилада ва жамиятда рисоладагидек тарбия берилмаса, улғайгач тўғри йўлга солиш қийин бўлади. Демак, уларга ғамхўрлик қилиш, доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоялаш, ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш – эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевордир.
Сўнгги йилларда болалар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялашга доир қатор қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ҳозир нафақат пойтахтимиз, балки юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, катта эътиборнинг гувоҳи бўласиз. Фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб қалбингиз фахр ва ғурурга тўлади. Болалар оромгоҳлари фаолиятини ягона тизим асосида йўлга қўйиш, уларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш ва бу каби дам олиш масканларига ёшларни жалб этиш қамровини кенгайтириш бўйича салмоқли ишлар қилиниб, мамлакатимизда кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишга катта эътибор қаратилиб, юртимизнинг барча гўшаларида таъмирталаб аҳволга келиб қолган кўплаб боғчалар реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Қанчадан-қанча янги боғча қад ростлади.
2017 йилда юртимизда 5211 боғча фаолият юритган бўлса, 2023 йилда улар сони 29 мингдан ошди. Шундан 13 мингдан ортиғини нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Бу саъй-ҳаракатлар орқали юртимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 72 фоизга етди.
Келгусида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайишига аминмиз. Нега десангиз, 2030 йилга қадар юртимизда қўшимча 2 мингта боғча қуриш мақсад қилинган. Энг муҳими, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча, шу жумладан, хусусий боғча харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Болаларни эрта ёшдан замонавий ахборот технологияларига ўргатиш мақсадида ҳар бир боғчани компьютер синфи билан таъминлаш борасида ҳам самарали ишлар амалга оширилади. Боғча ва мактабларни фильтрланган ичимлик сув ҳамда санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Юртимизда болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни доимо қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилаётгани бежис эмас. Сабаби болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз ворислари ҳисобланади. Бугун уларнинг етук инсон бўлиб етишиши учун зарур чора-тадбирларни кўрсак, эртага бу албатта, ўз натижасини бериши аниқ.
“Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Президент фармони ўз вақтида қабул қилингани билан яна катта аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нималардан иборат, унда қандай янгиликлар, имтиёзлар ўз ифодасини топган.
Агар ҳужжатнинг аҳамиятига эътибор қаратадиган бўлсак, фармон билан Солиқ кодексига мувофиқ санаторий-курорт, соғломлаштириш хизматларини, шунингдек, бюджет ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган жисмоний тарбия ва спортга доир хизматларни реализация қилиш бўйича айланмаларга қўшилган қиймат солиғи солинмаслиги белгиланмоқда. Шунингдек, спорт ва жисмоний тарбия соғломлаштириш мажмуалари, ўқув-машқ базалари ва болалар соғломлаштириш оромгоҳлари эгаллаган ерлар ер солиғидан озод этилади. Қолаверса, нотижорат ташкилотлар томонидан нотижорат фаолиятини амалга ошириш доирасида фойдаланиладиган объектлар мол-мулк солиғи бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Бу эзгу ишларнинг замирида эртамиз давомчилари бўлган барча ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, илмли қилиш, дунёдаги тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган авлодни вояга етказиш учун мустаҳкам пойдевор қўйиш мақсади мужассам.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Қонунчилик палатаси депутати