ФИФА расмий саҳифасида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббий Исломбек Исмоилов ҳамда футболчи Азизбек Абдумўминов ҳақида мақола эълон қилинди.
Мақолада таъкидланганидек, Қатар-2025 U-17 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон термаси Парагвай устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва гуруҳдаги мусобақани ғолибона бошлади. Исмоиловнинг тактик «сюрпризи» — одатда марказий ярим ҳимоячи сифатида ўйнайдиган Абдумўминовни ҳужумчи позициясига жойлаштириш бўлди. Бу қарор ўзини тўлиқ оқлади: ёш футболчи икки бор гол урди ва «Ўйин қаҳрамони» деб топилди.
«Биз ҳар бир ўйинда икки мақсад билан майдонга тушамиз: мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилиш ва ҳар бир ўйинчидан энг яхши натижани олиш. Абдумўминов бу беллашувда бизнинг яширин қуролимиз бўлди. У ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эди,» — деди Исмоилов ФИФА мухбирига.
Мураббий ўз шогирдини интизом ва меҳнатсеварлик учун ҳам мақтади:
«У машғулотларда катта меҳнат қилди ва буни майдонда ҳам кўрсатди.»
Абдумўминовнинг аввалги натижалари унинг бу даражадаги чиқишини кўрсатмаганди — у аввалги 13 ўйинда бирор гол урмаган ва қитъа чемпионатида фақат бир марта асосий таркибда майдонга тушганди.
«У табиий ярим ҳимоячи, аммо турли позицияларда ўзини намоён эта олади. Шу сабаб у ҳужумда ҳам самарали ўйнай олади,» — деди Исмоилов.
Ўйин қаҳрамони бўлган Абдумўминов эса қувончини яширмади:
«Бу ҳисни сўз билан ифодалаш қийин. Мен шунчаки бахтиёрман. Бу жамоавий ғалаба — ҳар биримиз бор кучимиз билан ҳаракат қилдик. Мураббийлар ишончи учун жуда миннатдорман.»
Абдумўминов ўз позициясидаги ўзгариш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
«Менга янги вазифа берилди ва бу имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилдим. Ҳар бир дақиқада бор кучимни бердим. Ўйин қаҳрамони бўлганимдан жуда хурсандман.»
Исмоиловнинг Асилбек Алиевни (Осиё чемпионатида 4 гол урган сардор) захирада қолдириб, Абдумўминовни асосий таркибга қўйиши кўпчилик учун кутилмаган қарор бўлди. Аммо у бу ишончни тўлиқ оқлади ва Ўзбекистон учун янги мақсадлар белгилади:
«Биз бу ерга ғалаба учун келганмиз. Йўл осон бўлмайди, аммо бор кучимизни бериб, мамлакатимизни фахрли қилиб қайтишга интиламиз.»
Ўзини Криштиану Роналду ва Жуд Беллингҳем мухлиси деб биладиган Абдумўминов биринчи голидан кейин мураббийни қучоқлади, иккинчисини эса португал юлдузига хос услубда нишонлади.
ФИФА таъкидлашича, бу ғалаба Ўзбекистон термаси учун ишончли старт бўлди. Энди жамоа гуруҳдаги пешқадамлик учун Ирландия билан ҳал қилувчи беллашувга тайёрланмоқда.








