Ўзбекистоннинг U-17 ёшлар терма жамоаси Осиё чемпиони сифатида жаҳон чемпионатига йўл олмоқда. Жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоилов фикрича, улар жаҳон саҳнасида ҳам муносиб иштирок этишга тайёр.
FIFA U-17 жаҳон чемпионати жорий йилнинг 3–27 ноябрь кунлари Қатарда бўлиб ўтади. Ўзбекистон жамоаси мусобақага Осиё чемпиони сифатида етиб келмоқда.
Икки йил аввал Ўзбекистоннинг 17 ёшлилар терма жамоаси Индонезияда ўтган мусобақада чорак финалгача етиб бориб, бутун дунё эътиборини қозонган эди. Ўшанда жамоа плей-офф босқичида Англияни мағлуб этган, кейинчалик мусобақа финалига чиққан Францияга минимал ҳисобда ютқазганди.
Бу йилги чемпионат олдидан ҳам катта умидлар боғланмоқда. Ўзбекистон жамоаси шу йил апрель ойида Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлди.
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси жаҳон чемпионатидаги илк ўйинини 5 ноябрь куни Парагвайга қарши ўтказади. Шунингдек, жамоа Ирландия Республикаси ва Панама билан ҳам J гуруҳида баҳс олиб боради.
Мусобақа олдидан бош мураббий Исломбек Исмоилов Қатардаги мақсадлар, жамоа тайёргарлиги ва ёш футболчилар учун бу мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.
— Ўзбекистон жаҳон чемпионатига Осиё чемпиони сифатида йўл олмоқда. Бу ғалаба жамоангизга қай даражада ишонч берди ва Қатардаги асосий мақсадингиз нима?
— U-17 Осиё чемпионлигини қўлга киритиш — биз учун катта шараф. Бироқ бу билан бирга масъулият ҳам ортди. Бу ғалаба футболчиларимизга катта ишонч бағишлади, биз эса тайёргарликни янада кучайтирдик. Жаҳон чемпионатидаги асосий мақсадимиз — Ўзбекистон футболи тарихида янги саҳифа очиш, жамоавий ўйин, интизом ва ирода орқали салоҳиятимизни намоён этиш.
— Ўзбекистон 2023 йилда чорак финалгача етганди. Ўша тажрибадан нималар ўргандингиз?
— Ўтган сафар жамоани бошқарган мураббий Жамолиддин Раҳматуллаев билан кўп суҳбатлар ўтказдим. Улар қилган хатолар ва қай жиҳатларга кўпроқ эътибор берганини ўргандим. Биз хулосани фақат ўша мусобақадан эмас, ҳар бир ўйиндан чиқардик. Асосий сабоқ — босим остида тўғри қарор қабул қилиш ва ўйин назоратини сақлаш эди. Шу жиҳатларга тайёргарлик жараёнида алоҳида эътибор бердик. Ҳар бир футболчи нафақат техник, балки руҳий жиҳатдан ҳам тайёрланди. Эндиликда биз куч билан бирга ақл билан ҳам ўйнайдиган жамоамиз.
— Осиё мусобақалари билан жаҳон чемпионати ўртасида тактик жиҳатдан қандай фарқ бор?
— Асосий фарқ — ўйин суръати ва қарор қабул қилиш тезлигида. Европалик, африкалик ёки жанубий америкалик жамоаларга қарши ўйнаганда, ҳаракат ва фикр учун вақт жуда оз бўлади — рақиблар босимни анча юқори суръатда амалга оширади.
Шунинг учун машғулотларда тез қарор қабул қилиш ва майдонни ҳис этиш қобилиятини оширишга алоҳида эътибор бердик. Шу билан бирга, ўйин услубимизни янада динамик ва фаол қилдик — ҳужумда агрессив прессингга урғу бермоқдамиз.
— Жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлик қандай кечмоқда?
— Ўзбекистон футбол ассоциацияси тайёргарлик жараёнини жуда яхши ташкил қилди. Бир нечта халқаро ўртоқлик учрашувларида турли тактик ёндашувларни синаб кўрдик. Гуруҳдаги рақиблар — Парагвай, Ирландия ва Панама жамоаларини чуқур таҳлил қилдик, уларнинг кучли ва заиф жиҳатларини ўргандик. Шу асосда ҳар бир рақиб учун алоҳида ўйин модели ишлаб чиқдик. Энди биз бир услубга боғланиб қолмаган, рақибга мослаша оладиган ва ўз ўйинини ўтказа биладиган жамоамиз.
— Ёш футболчилар учун бу мусобақа катта синов. Уларнинг руҳий ва жисмоний тайёргарлиги қай даражада?
— Бу ёшдаги футболчилар катта мусобақаларда босимни кучли ҳис қилади. Шунинг учун биз уларга босимга дош беришни ўргатмоқдамиз. Жисмоний тайёргарлик билан бирга ҳар куни психологик машғулотлар ва жамоавий суҳбатлар ўтказамиз. Бу уларга ўйин пайтида салоҳиятини тўлиқ намоён этишга ёрдам беради. Шунингдек, тезлик ва барқарор темпни сақлаб туриш учун махсус жисмоний дастур ишлаб чиқилган.
— Ниҳоят, Ўзбекистон мухлисларига ва ёш футболчиларга нима дегингиз келади?
— Сизнинг ишончингиз билан биз Осиё чемпиони бўлдик, энди дуоларингиз билан жаҳон чемпионатига кетяпмиз. Руҳан ва маънан бизга таянч бўлинг, ишончингизни йўқотманг. Барча ёш футболчиларга айтаман: имконият берилса, уни қадрланг ва меҳнат билан асранг. Чунки иқтидор йўлни очади, аммо меҳнат сизни мақсадга етказади. Биз жаҳон чемпионатига фақат ғалаба учун эмас, балки Ўзбекистон номини шараф билан ҳимоя қилиш учун кетяпмиз.








