Ўзбекистон U-17 бугун Панамага қарши майдонга тушади

    Қатарда бўлиб ўтаётган U-17 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бугун, 11 ноябрь куни, гуруҳ босқичининг 3-турида Панама жамоасига қарши баҳс олиб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:30 да старт олади.

    Ўйин олдидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов мазкур турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган жамоа вакиллари билан учрашди.

    Учрашув давомида турнирда муносиб иштирок этиш ҳамда жамоа аъзоларининг руҳий ҳамда жисмоний тайёргарлиги, уларга яратилган шароитлар билан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

    Шу билан бир қаторда, учрашувда жамоа аъзоларига кўп сонли футбол мухлислари ҳамда ассоциация томонидан юксак ишонч билдирилаётгани, Осиё кубогида бўлгани сингари терма жамоа бу гал ҳам мусобақада муносиб иштирок этишлари зарурлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

    Шунингдек, Исломбек Исмоилов жамоа мусобақада бор имкониятини ишга солиши, футболчилар ҳам турнир даражасини ҳис қилиб турганини қайд этди.

    Мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва келгуси учрашувларга тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашилди.

    Тиббий штабга футболчиларнинг соғлиги, тикланиши ва витаминизациялаш жараёни, шунингдек, футболчиларга юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатишни давом эттириш ҳақида масъулларга кўрсатма берилди.