ФИФА 11 декабрдан бошлаб жаҳон чемпионати ўйин чипталари эгаларини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тасодифий танлов босқичи учун ариза қабул қилишни бошлади. Ўзбекистон миллий жамоаси мухлислари ҳам ташкилот расмий сайтига кириб, ариза бериш жараёнида «My team Uzbekistan» бандини танлаб, Ўзбекистон учун ажратилган секторлар бўйича чипта учун сўров юборишлари талаб этилади.
Қайд этиш жоиз, чипта эгалари келаси йил феврал ойида ФИФА томонидан ўтказиладиган тасодифий танлов орқали аниқланади ва тўловлар аризада кўрсатилган карта маълумотлари асосида автоматик амалга оширилади. Аризалар бугун, 12 декабрдан 2026 йилнинг 13 январ кунига қадар ФИФА расмий сайтидаги махсус бўлим орқали амалга оширилади.
ЖЧ-2026 1-тури доирасида Ўзбекистон – Колумбия ўйини учун эълон қилинган чипталар нархи тоифасига қараб, 220дан 600 долларгача нархланган. Бу баҳс 17 июн куни Мексикада 83 минг томошабин сиғимига эга Мехико Ситидаги аренада бўлиб ўтади.

Барчанинг диққат марказида бўладиган Ўзбекистон – Португалия ўртасидаги баҳс учун чиқарилган чипталар нархи эса 265дан 700 долларгача белгиланган. Бу ўйин 23 июн куни АҚШнинг Хюстон шаҳридаги 72 минг сиғимга эга стадионда бўлиб ўтади.

Гуруҳдаги 3-тур ўйини доирасидаги Ўзбекистон ҳамда саралаш босқич плей-офф ғолиби (Янги Каледония / Ямайка/ Конго) ўртасидаги баҳс учун чипта нархи эса нисбатан арзон – 140дан бошланиб 450 долларгача. 27 июн кунги бу ўйин АҚШнинг Атланта шаҳридаги 75 минг томошабин сиғимига эга аренада бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, ноябр ойида АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат элчихоналари 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати чипталарини сотиб олганларга виза учун суҳбат белгилашда устуворлик беришини маълум қилганди.
Кўп ўтмай, АҚШ давлат котиби Марко Рубио чипта эгалари визага ариза берганидан кейин 6-8 ҳафта ичида суҳбатга кириши мумкин бўлишини тасдиқлаб, аммо чипта сотиб олиш – АҚШга виза олиш кафолатини бермаслигини айтиб ўтганди.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 11 июндан 19 июл кунига қадар АҚШ, Канада ва Мексикадаги жами 16та стадионда ўтказилади. Турнирда илк бор 48 жамоа, шу жумладан Ўзбекистон миллий жамоаси ҳам қатнашади.








