Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида 30 октябрь – 27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган нуфузли «FIDE Жаҳон кубоги 2025» халқаро турнирида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдаров чемпион бўлиб юртимизга қайтиб келди.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, расмийлар, спортчининг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Синдаров Жавоҳир Санжарбековичга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонини бериш тўғрисида»ги Фармони ўқиб эшиттирилди.
Шахмат бўйича Жаҳон кубоги соҳиби бўлган шахматчимиз Президент совғаси — 3 хонали хонадон ва пул мукофоти, унинг мураббийи Роман Видоняк ҳам пул мукофоти билан тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо томонидан ижодкорларнинг шахматчимизнинг ғалабасига бағишланган шеърларини ўқиб эшиттирди.
Мутасаддилар шахматчини муносиб иштироки билан қутлаб, кейинги мусобақаларда омад тилашди.
Маълумот учун: Мусобақада дунёнинг 89 мамлакатидан 206 нафар кучли шахматчилар иштирок этди. Турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 2 000 000 АҚШ долларини ташкил этди.
Жаҳон кубоги ғолиб ва совриндорлари (1–3-ўрин) 2026 йилда бўлиб ўтадиган FIDE номзодлар турнирида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.











