Фин мўъжизаси ёхуд ишонч ва очиқликка асосланган таълим тизими

    Кўзим билан кўриб, бевосита гувоҳи бўлмагунимча, Финляндиянинг дунё эътироф этаётган ўқитиш тизими ҳақидаги тасаввурим нотугал эди.

    Тахминан бундай: “Финларнинг таълим тизими кучли эканига шубҳам бор. “Фин таълим тизими” деган бренд дунёни нотўғри ҳайратга солаётган бўлиши мумкин. Уларнинг мактабларидаги ўта соддалаштирилган ва ихчамлаштирилган фан дастурлари билан кучли ўқитиш тизимини йўлга қўйиш мумкин эмас. Уйга вазифа ва ўқувчиларнинг кундалик ўзлаштиришини баҳолаш каби таълим тизимимиздаги ўта муҳим деб қаралувчи воситаларга нисбатан финларнинг батамом тескари муносабатини, билмадим, қандай оқлашади. Ўқувчининг дарс пайтида ўта эркин бўлиши, ҳатто дам олишига ҳам имконият берилишини тушуна олмайман. Халқаро баҳолаш тадқиқотларида Финляндия таълим тизимининг юқори натижа кўрсатаётганини дунё мамлакатларида ўқитиш сифатини баҳолашга қаратилган мазкур лойиҳа фин таълим тизими андозасига асослангани билан изоҳлаш тўғри бўлади. Қолаверса, халқаро баҳолаш тадқиқотларини ҳам мукаммал, камчиликлардан холи деб бўлмайди.

    Халқаро баҳолаш дастурлари дунё мамлакатлари таълим тизимига бир хил методика билан ёндашади ва ўқитиш сифатини бир хил меъёр асосида баҳолайди. Назаримда, PISA, PIRLS каби халқаро баҳолаш дастурлари дунё мамлакатлари таълим тизимини бир хил стандартга солиб қўяди, деган мулоҳаза нотўғри бўлмаса керак. Чунки аксар мамлакатларнинг (жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам) таълим мазмунига қўйилаётган талаблар халқаро баҳолаш дастурлари мезонларига мувофиқлаштириляпти. Умуман, ўқувчиларнинг билим даражасига халқаро баҳолаш тадқиқотларида назарда тутилган талаблар мутлақ тўғри экани тасдиқланганми? Бизнингча, таълим мазмунини халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS, EGRA ва ҳоказо)да назарда тутилган талаб ва мезонларга мослаштириши дунё мамлакатлари ўқитиш тизимини ягона стандартга солиб қўяди ва бу янгича ёндашувлар, ўсиш, ўзгариш ва янгиланиш жараёнларига салбий таъсир қилади. Финларнинг мактаб таълимини кўнгилочар машғулотга айлантиргани, ўқувчиларга қийнамасдан билим бериши таълим олиш жараёни ҳақидаги тушунчаларимизга мос келмайди. Кучли меҳнат ва онгли машаққатсиз сифатли таълим олиш мумкин эмас. Шундай экан, финлар қандай қилиб мазкур ҳақиқатларга қарши ўлароқ энг кучли ва барқарор таълим тизимини яратиши мумкин. Умуман, қайси мамлакатда таълим сифати яхши эканини қандайдир халқаро баҳолаш тадқиқотларининг тасдиқланмаган мезонлари асосига таяниб тўғри деб топиш керак эмас.

    Бизнингча, шу мамлакатларда яратилган кашфиётлар ҳамда ихтиролар сони ва сифати, халқаро Нобель мукофоти совриндорларининг сони билан баҳолаш тўғри бўлади. Ушбу баҳолаш тизимида ҳам айрим жиҳатларни эътиборга олиш лозим. Бу борада АҚШ етакчилик қилиши мумкин, аммо бунда кучли иқтидор эгаларининг бу мамлакатга “оқиши” билан боғлиқ факторлар баҳолаш жараёнининг холислигига путур етказади”.

    Финляндияга сафаримизнинг илк кунлариданоқ мазкур мамлакат, унинг халқи ва таълим тизими борасидаги тасаввуримиз ўзгара бошлади. Фин ёшларининг юриш-туриши, яшаш тарзини ТВ, интернет ва бошқа манбалар орқали билвосита кузатишларим натижасида уларнинг салоҳиятига нисбатан мендаги иштибоҳ йўқола бошлади. Миллий менталитетга асосланган қарашларим юриш-туриши, шаклу шамойилида Ғарб маданиятига хос ўта эркин яшаш тарзини ихтиёр қилган; тарбиясида, қарашларида оммавий маданиятга хос элементлар кўриниб турган жиҳатлар фин ёшларининг салоҳиятини тан олишимга халал бераётган эди. Аммо келиб, бевосита кузатиб амин бўлдимки, ўша характерида индивидуализм бўртиб турган фин ёшлари ўқишга, ўрганишга, таълим олиш масаласига келганда ўта масъулиятли ёндашар экан. Юқори даражадаги маданият, эҳтиромга асосланган ижтимоий муносабатларни кўриб, бу халққа нисбатан ҳурматим ошди. Фаровон турмуш тарзи ва барча масалаларнинг мантиқ ва интеллектга асосланган ҳолда ҳал қилинганини кўриб, финларнинг давлатчилик ва бошқарув тизимига ҳавас қилдим. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг максимал самарадорлигини таъминлаш учун, аввало, ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак, деган хулосага келдим.

    Финларда “Биргина касб мавжуд, бу ўқитувчилик, қолган ҳамма касблар унинг ҳосиласидир” деган тўғри қараш мавжуд. Шундан бўлса керак, Финляндияда ўқитувчилар мавқеи жуда юқори. Педагоглар учун яхши маош, кенг имконият ва ваколатлар таклиф қилинган, давлат ва халқ томонидан катта ишонч билдирилган. Жамиятда муаллимлик ҳар қандай шаклдаги назоратдан холи касб. Ўқитувчиларнинг фаолиятига аралашиш, ишининг натижаларини мониторинг қилиш, турли рейтинг шакллари билан даражалаш мумкин эмас. Назорат билан боғлиқ бу каби элементлардан финлар ўтган асрнинг 90-йилларида хайрлашган. Умуман, жамиятда ўқитувчига бўлган маънавий ва моддий эътиборни кучайтириш билан давлат ёшларда мазкур касбни эгаллашга нисбатан қизиқиш ва рағбатни оширишга эриша олган.

    Педагогик олий таълимга танлов жараёни жуда катта конкурс асосида амалга оширилади. 40 нафар номзоддан 1 нафари педагогик олий таълим йўналиши талабаси бўла олади. Ўқитувчилик касбига саралаш жараёнида умумий ўрта таълим муассасаларидаги натижалар эътиборга олинмайди. Бу жараён икки босқичдан иборат: биринчи босқич талабгорнинг интеллектини аниқлашга йўналтирилган тест синови; иккинчи босқич номзоднинг ўқитувчилик касбига лаёқатини аниқлашга қаратилган 5 босқичли суҳбат (интервью)дан иборат. Интервьюнинг ҳар бир босқичи 5 дақиқадан давом этади ва бу босқич саралаш жараёнининг энг муҳим қисмидир. Ўқитувчилик касбига саралаш жараёни мазкур касбга туғма мойиллиги, қобилияти ва иқтидори борларни аниқлашга йўналтирилган. Номзоднинг билими, салоҳияти бирламчи эмас, айнан касбий талабларга феъл-атвори мувофиқлиги масаласи муҳим. Финляндиядаги ўқитувчилик касбига саралаш жараёнининг мазкур босқичи Абдулла Авлонийнинг “Ўқитувчилар тайёрланмайди, улар туғма бўлади” деган фикри тўғри эканини тасдиқлайди.

    Бу мамлакатда жамият, шу жумладан, таълим тизими ҳам кучли ишонч ва очиқлик асосига қурилган. Ўқитувчилар таълим сифати ва самарадорлигига масъул этиб белгиландими, демак, уларга ишонч билдирилади ва фаолиятини ҳар қандай шаклда назорат қилишга ишончсизлик деб қаралади. Назаримда, айнан мана шу ишонч ўзаро ижтимоий муносабатларнинг таянчи сифатида жамиятнинг соғлом ривожланишини таъминлаган. Ишонч билдирилгани учун ҳам одамлар бир-бирини алдамайди; давлат хизматчилари ўз ишига масъулият билан муносабатда бўлади; жамиятда шунчаки оғзаки сўз ҳам ҳужжат даражасида қабул қилинади. Ишонч — финларга хос жуда улуғ қадрият ва ҳеч бир фин уни йўқотишни истамайди.

    Мамлакатда фойдали қазилма бойликлар кам. Шунинг учун финлар инсон капиталини ривожлантиришга катта эътибор қаратади. Ушбу сабаб ва омиллар натижасида фин таълим тизими мунтазам ривожланмоқда. Сафаримиз давомида турли таълим муассасаларидаги учрашувлар чоғида фин мутахассислари мамлакатнинг таълимий ислоҳот ва экспериментлар мунтазам синовдан ўтказиладиган “таълимий полигон” эканини эътироф этди. Дарҳақиқат, финлар таълимий экспериментлардан мутлақо чўчимайди, илмий ва амалий асослари муайян даражада тасдиқланган ёки прогнозлаштирилган ҳар қандай инновацияларни дарҳол таълим тизимига татбиқ этади. Бунинг натижасида фин таълим тизими доимий равишда ривожланмоқда, ўзгаришларга учрамоқда.

    Финляндияда таълимнинг марказида таълим олувчи шахс туради. Бошқа ҳар қандай омил унинг ҳар томонлама уйғун ривожланишига йўналтирилган. Тўғрисини айтиш керак, сафаримиз давомида финларнинг фан дастурлари бизникидан анча содда эканига гувоҳ бўлдик. Тасаввур қилишингиз учун қиёс келтираман: бизда 3-синфга таклиф қилинадиган материаллар финларда 5-синф ўқувчиларига тақдим этилади. Бу борада бирга сафар қилган ҳамкасбларимиз турли фикрларни билдирди. Бундай содда ва ихчамлаштирилган таълим мазмуни билан етакчи бўлиш мумкин эмас, деганлар ҳам бўлди. Аммо тан олишга мажбурмиз: финлар таълимда етакчилар қаторида эканини исботлаб қўйди.

    Бизда ҳам фан дастурларининг мазмуни ва унинг таълим олувчиларга мувофиқлиги, мослиги масаласи миллий таълим тизимимизнинг жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган концептуал ва фундаментал масалаларидан биридир. Афсуски, биз ўқувчиларга уларнинг ёши ва физиологик хусусиятлари, интеллектуал салоҳиятига мос бўлмаган таълим мазмунини таклиф қиляпмиз. Ўз ёшига нисбатан мураккаблик қиладиган фан мазмуни ўқувчиларнинг таълимдан безишига ва ўзига нисбатан ишончнинг сўнишига сабаб бўлиши мумкин. Мураккаблик, англай олмаслик натижасида ўқувчи руҳан синади.

    Умуман, фин таълим тизимида бу масалага жиддий эътибор қаратилади ва улар ўқувчининг ёшига нисбатан бирмунча соддароқ фан мазмуни билан таълим беришни маъқул кўришади. Бу борадаги саволларимизга фин мутахассислари “Таълим олувчига берилаётган юклама ҳажми унинг ёшидан нафақат юқори, ҳатто унга баробар бўлмаслиги керак. Чунки ҳар бир ўқувчининг иқтидори, лаёқати ҳар хил. Ўқувчи қилаётган ишидан кўнгли тўлса, яхши ўзлаштираётганини англаса, таълим олиш жараёни ортиқча қийнамаса, шундагина уларга сифатли таълим бериш мумкин. Бунинг учун уларнинг ёш хусусиятларига мос минимум талаблар даражасидаги фан мазмунини уларга таклиф қилиш керак”, деб жавоб беришди.

    Фин таълим мазмуни нафақат соддалиги, яъни ўқувчиларнинг ёш хусусиятларига мослиги билан, балки мактабда берилаётган таълимнинг ҳаётий аҳамияти юқори экани билан ҳам ажралиб туради. Финлар ўқувчи олган билим, кўникма ва малака уларнинг ҳаётида керак бўлишига, асқотишига жиддий эътибор қаратади, таълим мазмунини шу мезондан келиб чиққан ҳолда белгилашади. Уларда “Нимани ўқитиш керак?” деган саволнинг ёнида, албатта, “Нима учун ўқитиш керак?” деган савол ҳам бўлади. Иккинчи саволнинг жавоби биринчи саволнинг жавобини келтириб чиқаради ва унга нисбатан бирламчидир. Кейингина учинчи савол пайдо бўлади: “Қандай ўқитиш керак?”. Мана шу учта саволнинг ўзаро мувофиқлиги, мослиги фин таълимининг муваффақиятини таъминлаган. Шу нуқтаи назардан, миллий таълим тизимимизга назар ташлайдиган бўлсак, юқоридаги ҳар бир саволнинг жавобида қолдиқли жиҳатлар мавжудлигини кўрамиз. Фанларни ўқитишда назарий маълумотларга керагидан ортиқ ўрин ажратилиши, унинг ҳаётий аҳамияти ва амалий зарурати каби жиҳатларга эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ кўринади.

    Сафаримиз давомида Финляндия мактабгача таълим муассасаларига ҳам бордик. Фин боғчалари 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни қабул қилади. Гуруҳларда тарбияланувчилар сони 15 нафардан оширилмайди. Ҳар 7 нафар (1–3 ёшлилар учун эса ҳар 3-5 нафар) бола учун битта тарбиячи-педагог штати ажратилади. Фин боғчаларининг таълимий ва тарбиявий дастури болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш, мустақиллигини таъминлаш, табиатшунослик борасидаги илк қарашларини шакллантиришга йўналтирилган. Тарбияланувчилар ҳар куни табиат қўйнига, яъни ўрмонга олиб чиқилади. Ўғил-қизлар ўсимликлар дунёси, кўллар, литосфера жинслари билан бевосита таништирилади. Болаларда табиатга нисбатан ҳурмат, дастлабки экологик тарбия элементларининг шаклланишига жиддий эътибор қаратилади. Умуман, тарбия ва маданиятнинг дастлабки тушунчалари боғчаларда берилади.

    Фин боғчаларининг яна бир ўзига хос жиҳати уларнинг қариялар уйлари билан ёнма-ён жойлашувида кўзга ташланади (ҳатто баъзилари бир бинода жойлашган). Жамиятнинг энг тажрибали инсонлари билан энди ижтимоийлашаётган қатламнинг бир жойда бўлиши икки тоифа учун ҳам фойдали ва аҳамиятли ҳисобланади. Фин таълим тизимигагина хос мазкур ҳолат менга халқимизнинг “Қариси бор уйнинг париси бор” деган мақолини эслатди. Назаримда, финлар ушбу тажриба орқали ҳар бир фин боласининг кексалар қуршови, меҳри ва оғушида вояга етишини таъминлай олган. Қаровсиз қолган кексаларнинг болалар боғчасида “набиралари” қуршовида бўлиши эса уларнинг жамиятга янада мустаҳкамроқ боғланишини, ўзини ёлғиз ҳис қилмаслигини таъминлайди. Умуман, фин тажрибасига хос мазкур ҳолат жуда кўп манфаатли томонлари билан ажралиб туради. Ушбу тажрибанинг ижтимоий, таълимий, тарбиявий ва руҳий жиҳатлари, менинг назаримда, алоҳида тадқиқот ишлари учун асос бўла олади.

    Финляндия, асосан, мактаб таълими билан дунё эътирофига сазовор бўлган. Сафаримиз давомида бир нечта фин мактаблари фаолияти билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдик. Фин мактаблари умумий ўрта таълимнинг икки босқичини назарда тутади: бошланғич таълим 1–6-синфлар; юқори босқич 7–9-синфлар. Шунингдек, 10-синф ҳам мавжуд бўлиб, бу босқичда ўқувчилар ўз билимидаги бўшлиқларни тўлдириш ва келажакдаги касбий фаолияти бўйича бир тўхтамга келиш имкониятига эга бўлади.

    Мамлакатда ўқувчилар ҳеч қандай депсинишларсиз таълимга адаптация қилинади. Уларнинг сифатли таълим олиши учун фин мактабларида биз тасаввур қилгандан кўра кўпроқ имконият яратилган. Болаларнинг мактабга қатнаши учун махсус автобуслар йўлга қўйилган ва ўқувчилар бепул овқат билан таъминланади. Финлар энди ўсиб келаётган организмнинг сифатли ва фойдали егуликлар билан таъминланиши интеллектуал салоҳиятнинг ошишига хизмат қилади ва бусиз сифатли таълимни амалга ошириш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Уларда уйдаги яшаш шароити мактабга кўчирилган ва бунга сифатли таълим бериш жараёни қўшилган. Шу жиҳатдан, мактаблар ўқувчиларга уйдагидан кўра, мафтункорроқ ва яхши таассуротларни тақдим қилади. Биз борган мактабларга киришда икки хил юриш таклиф қилинди: пойабзални ечиб, пайпоқчан ёки оёқ кийим устидан бахила (полиэтилен ғилоф) кийган ҳолда юриш. Дарҳақиқат, мактаб биносида кўпгина ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ҳам пойабзалсиз юрганига гувоҳ бўлдик. Табиийки, бино ичи шунга мос ҳолда озода ва иссиқ эди.

    Фин мактабларида етти тамойилга амал қилинади. Улар: тенглик, пул йиғими йўқлиги, индивидуаллик, амалийлик, ишонч, кўнгиллилик, мустақиллик. Албатта, бу тамойилларнинг ҳар бири ўз тавсифи ва аҳамиятига эга.

    Финляндия йўлларида бирор марта ҳам тирбандликни кўрмадик, аммо кутубхоналарга боришимиз билан тирбандликка дуч келдик. Гўё барча фин ёшлари кутубхонада эди. Бу зиё масканларида ўқиш, ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун барча шароит яратилган. Ошхоналарга ҳар бир кутубхонанинг ажралмас қисми сифатида қаралади. Ҳар бир қаватда емакхона мавжуд бўлиб, бу ўқиш учун келган китобхонларни ортиқча овора қилмаслик, вақтини тежаш мақсадида ташкил қилинган. Илмий тадқиқот билан шуғулланадиганлар учун тадқиқот натижаларини турли нашрларда чоп этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар кутубхона ходимлари томонидан ҳал этилади. Тадқиқотчи фақат иши билан шуғуллансин, деган қараш фин кутубхоналарига хос ноёб жиҳатлардан экан.

    Умуман, Финляндия ўзининг нафақат табиати, балки таълим жараёнини ташкил қилиш борасидаги ўзига хослиги билан ҳам бизни ҳайратлантирди. Бу мамлакатнинг таълимига хос жуда кўплаб ўзига хосликлар мавжуд ва мамлакатимиз ўқитувчилари ҳамда таълим мутасаддиларини улар билан яқиндан таништириш лозим деб ўйлаймиз.

    Сафаримиз давом этмоқда.

    Умид ХЎЖАМҚУЛОВ,

    педагогика фанлари доктори,

    (“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 6 май, 88-сони)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates