Форумда мавзуга оид ғоялар кўтарилиб, фикр алмашилади. Бу тушунча мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа кўплаб соҳаларида қўлланади.
Одатда, форум расмий ва норасмий тарзда, асосан эркин форматда бўлиб, унда ҳар ким ўз фикрини билдириши мумкин.
Конференция — муайян мавзуни муҳокама қилиш учун ташкилот, мутахассис, таниқли инсонлар иштирокида ўтказиладиган тадбир. Конференцияда иштирокчилар учун тавсиялар берилиб, сўнгида қарор қабул қилинади. Халқаро конференциялар эса бу кўп томонлама дипломатик музокараларни қамраб олган тадбирдир.
Илмий контекстда конференция академик масалаларни муҳокама қиладиган, соҳадаги муаммоларга ечим берадиган ёки тадқиқотчи олимлар ўз ишларини тақдим этадиган йиғилиш саналади.
Конференция формат жиҳатидан каттароқ йиғилиш бўлиб, одатда у кенгроқ муҳитда бир неча кун давомида бўлиб ўтиши мумкин. Конференция бир қатор тадбирлар (форумлар, семинарлар, ҳисобот тақдимотлари, дебатлар)ни ўз ичига олиши мумкин.
Конгресс конференциядан миқёс нуқтаи назардан фарқ қилади. Конгресс янада кенгроқ, халқаро тушунча саналади. Конгресс доирасида кўплаб конференциялар бўлиб ўтиши мумкин.
Конгрессда иштирокчиларнинг чиқишлари маълум регламент қоидалар асосида ташкил қилинади. Илмий конгрессда илм-фан соҳасидаги мунозарали масалаларни муҳокама қилиш, ечим таклиф қилиш учун олимлар йиғилади.
Кўп ҳолатларда маълум соҳадаги конгресс йилига бир маротаба ўтказилиб, унда ютуқлар ва натижалар ёритилади.
Одатда, конгрессда соҳанинг етук лидерлари, таниқли инсонлар иштирок этиб, бир қатор таклиф қилинган музокараларни ўз ичига олади.
Симпозиум — маълум бир муаммога (тор мавзуга) бағишланган илмий конференция. Кўпинча у халқаро даражада ташкил этилади.
Семинар эса аниқ масаланинг муҳокамасига бағишланган ўқув-маърифий машғулотларнинг бир тури. Семинар муайян шахс (профессор илмий раҳбар, тютор) бошчилигидаги гуруҳ учрашуви.
Семинарда иштирокчилар маълум бир мавзуни ўрганиш учун иштирок этади. Унинг формати — маълум бир малакани ошириш учун ташкил қилинадиган амалий тадбир. Семинарлар турли ҳажмда бўлиши мумкин, лекин одатда улар нисбатан кичик гуруҳлар учун ташкил қилинади.
Сардор Усманов,
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари.