Фойдаланишга киритилган ерлар – аҳоли фойдасига хизмат қилмоқда

    Мўл ҳосилга кирган полиз ва боғларни кўрганда, мана шундай гўзал манзара ўрнида бир вақтлар қуп-қуруқ дашт бўлгани ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.

    Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли бугун аграр тармоқда салмоқли ўзгаришлар бўй кўрсатмоқда.

    Президентимиз раислигида бундан икки йил олдин – 2021 йил 8 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилган, мазкур масалалар ечимида ўзлаштирилмаган ерлар асосий омил экани таъкидланиб, қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик учун ижарага бериш тартибини жорий қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган эди.

    Ўз номидан ҳам маълумки, ўзлаштирилмаган ерлар ҳеч қандай иқтисодий самара бермайди. Агар у ўзлаштирилса, албатта, катта самара беради. Биринчидан, ишсиз юртдошларимиз бандлиги таъминланади, иккинчидан, ўзлаштирилган ерда етиштирилган маҳсулот ҳам минглаб оилаларга даромад келтиради, ҳам бозорларимиз тўкинлигига хизмат қилади, иқтисодиётимизга яхшигина наф келтиради. Буни ерларни ижарага бериш тартиби йўлга қўйилганига бор-йўғи икки йил бўлганига қарамай, катта натижаларга эришаётган миришкорлар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Навоий вилоятида ҳудуднинг табиий иқлим шароити, тупроқ таркибини эътиборга олган ҳолда бошланган бу борадаги ишлар бугун ўзининг ижобий самараси билан кўрган кўзни қувонтирмоқда.

    Масалан, Хатирчи туманидаги бўш ерлар ўзлаштирилиб, мевали боғлар барпо этилди. Чунончи, “Хатирчи келажаги сари” фермер хўжалигига қарашли дала майдонида ердан унумли фойдаланиш мақсадида қатор ораларига полиз ва дуккакли экинлар экилиб, бугунги кунда мўл ҳосил бермоқда.

    — Боғдорчилик, умуман, деҳқончилик яхши касб, меҳнатингизга яраша фойда кўраверасиз, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Мақсуд Исматов. — Ерни ташаббускор аҳолига беришдек самарали тизимнинг йўлга қўйилганидан бугун кўпчилик манфаатдор. Зеро, ушбу тизим минглаб оилаларни иш ва даромад билан таъминламоқда. Икки йил аввал каттагина ерни ижарага олиб, ток ва олма кўчатларини эккан эдик. Бу йил ҳосилдан умидимиз катта. Вақт ва ердан унумли фойдаланиш учун қатор ораларига полиз ва дуккакли экинлар экканмиз. 170 гектарга тарвуз экилган. Ҳосили кутганимиздан ҳам яхши. 20 минг тонна маҳсулот олишни режа қилганман.

    Нарх-наво барқарорлиги, арзончиликни таъминлашда биринчи муҳим жиҳат — бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади. Таклифни кўпайтириш учун маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, ердан унумли фойдаланиш заруратини пайдо қилади.

    Фермер ҳам шу мақсадда ерни ўзлаштириш жараёнида 18 та тик қудуқ қазиб, қақраган ерга оби-ҳаёт чиқарди. Ҳовузлар қазилиб, кафолатли сув таъминоти тизими яратилди. Ҳовузларда тўпланган сув зарур минерал ўғитлар билан тўйинтирилиб, сўнг томчилатиб суғориш тизими орқали экинларга йўналтирилади.

    Йиллар давомида фойдаланилмаган ерларни ўзлаштириш, тик қудуқлар қазиш, экин майдонларига томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш орқали ердан ризқ-рўз ундирилмоқда. Мана шундай ёндашув орқали бир-бирига занжир халқаларидек узвий боғлиқ бўлган янги иш ўринлари яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби муаммоларга комплекс ечим топиляпти.

    “Хатирчи келажаги сари” фермер хўжалигида 200 та мавсумий ва 20 та доимий иш ўрни яратилган. Шунингдек, наманганлик ўттизга яқин оила вакиллари билан тажриба алмашилмоқда.

    — Иш бошлашимиздан олдин мазкур фермер хўжалигига қарашли ерда экин унишига, очиғи, бироз шубҳалангандик, — дейди наманганлик Деҳқонбой Дастуршохов. — Лекин меҳнатдан қочмасанг, ҳосил ҳам, даромад ҳам яхши бўлар экан. Тупроқни мўл ҳосил берадиган соғлом ҳолатга келтириш катта меҳнат талаб қилади. Шунга яраша роҳати ҳам бор, албатта. Шу ерда ишлаб, оиламни боқяпман, кам-кўстимни тўлдиряпман.

    Инсон астойдил меҳнат қилса, интилса, бийдай чўлни ҳам ям-яшил боғга айлантира оларкан. Зеро, бир вақтлар тошлоқ, сув чиқиши, экин униши қийин дея қаралган ерлар бугун барака манбаига айланган.

    Фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш, аҳолига ижарага бериш, умуман, ер муносабатларини тартибга солишда Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётир. Ушбу ҳужжат ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.

    Меҳнатга иштиёқ ва ҳавас бўлса, инсон нафақат ўз оиласи, балки атрофидагиларнинг ҳам турмушини фаровон қилишга ҳисса қўшади. Қуруқ ерни ўзлаштириб, мўл ҳосил етиштирганлар айни пайтда маҳсулотларини бозорларимизга пешма-пеш етказиш баробарида, экспортга ҳам йўналтираётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

    Термиз туманидаги Солиобод маҳалласида истиқомат қилувчи Ёқуб Жўраевнинг асл касби — учувчи. Шу билан бирга, деҳқончиликда ҳам катта тажриба орттирган.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, аҳолига ер майдонлари ижарага берилди. Аҳолининг даромад топишига қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Ёқуб Жўраев ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиб, аукцион орқали бир гектар ер майдонини ўзлаштирди. Бугун ана шу ерда парваришланган қовун- тарвузнинг эртапишар навлари пишиб етилган. Полиз маҳсулотлари етиштиришнинг ҳам ўзига яраша ҳадиси бор. Бир палакда камида олти-еттитагача етишган қовун-тарвуз ҳосилидан чамалаш мумкинки, хирмоннинг чўғи баланд.

    — Аукцион орқали ер олган эдик, — дейди Ёқуб ака. — Бугун оилавий тадбиркорликни яхши йўлга қўйганмиз. Тўғриси, бошида иккиландик, ҳосил кутилгандек бўлмаса, харажатларимиз бесамар кетишидан қўрқдик. Аммо давлат томонидан имконият яратилдими, ундан самарали фойдаланиш керак. Шунга яраша меҳнат қилдик. Бугун ҳосилимиз кутилганидан ҳам аъло. Март ойида ерга қадалган уруғ ҳосилга кириб, бозорга етказиб бериляпти. Олдинда тўйлар кўп, фарзандларим учун алоҳида уй-жой қилишим керак. Барча харажатларни мана шу ердан олинадиган даромад ҳисобига қоплаймиз. Меҳнатдан қочмасангиз, ҳар қандай ер яхши ҳосил манбаи бўла оларкан. Баъзан ерни ўзлаштириб, ундан фойдалана олмаганлар ҳақида эшитиб қоламан. Демак, улар ерга бор меҳрини бера олмаган.

    Кези келганида таъкидлаш жоиз, Солиобод маҳалласининг асосий ўсиш нуқтаси, яъни драйвери — деҳқончилик. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, 2022 йилда 151 та лотга жойлаштирилган 30,2 гектар ер майдони аукцион орқали фуқароларга ажратиб берилди. Ана шу ер майдонларида Ёқуб ака каби миришкорлар мўл ҳосил етиштириб, шунга яраша яхшигина даромад олмоқда.

    Инсон яшаши, ризқ топиши, турмушини фаровон қилиши учун зарур бўлган ернинг ҳар қаричи олтинга тенг. Ундан самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш баробарида, фаровонлигимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилади.

    Феруза ЖЎРАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates