Жиззах давлат педагогика университетида ижодий имтиҳонлар бошланди

    Абитуриентларнинг ота-оналари ва уларнинг яқинлари ҳам жараёнларни онлайн кузатиб бормоқда.

    2024/2025 ўқув йили қабулида касбий (ижодий) имтиҳони мавжуд бакалавриат таълим йўналишларига рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун имтиҳонлар республика бўйича 53 та олий таълим муассасасида ўтказилади.

    Бугундан Жиззах давлат педагогика университетида ҳам касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди. Абитуриентлар тасвирий санъат ҳамда мусиқа йўналиши бўйича касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишга келишган.

    — Бугун эрталабдан Жиззах давлат педагогика университетида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди. Таъкидлаш жоиз, бу йил университетга касбий(ижодий) имтиҳон топшириш учун 1966 нафар абитуриентлар ҳужжатларини тақдим этган. Университетда абитуриентларнинг имтиҳон топширишлари ва ота-оналар учун ҳам барча шароитлар яратилган. Ҳужжат тақдим этган абитуриентлар орасида ногиронлиги мавжуд абитуриентларимиз ҳам бор. Сўзлашишда ва нутқида нуқсони бор ёшларимизга сурдо таржимонлар орқали барча маълумотларни етказишга ҳаракат қилдик, — дейди қабул комиссияси масъул котиби С.Назарқосимов.

    Олийгоҳда имтиҳон жараёнларини адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида барча хоналарга кузатув камералари ўрнатилган. Абитуриентларнинг ота-оналари ва уларнинг яқинлари ҳам жараёнларни онлайн кузатиб боришмоқда.

    — Ғаллаорол туманидан неварамга далда бўлиш учун бирга келдим, — дейди Сорахон Тошпўлатова. Қаршиликларимизга қарамай неварам тасвирий санъат йўналишини танлади. Шу йўналиш бўйича таҳсил олди. Барча қатори мен ҳам неварамга омад тилайман. Биз кузатувчиларга яхши шароит яратилган. Салқин хоналарда ўтириб, мониторларда имтиҳон жараёнларини кузатиб турибмиз.

    Бугун эрта тонгдан шашт ва иштиёқ, ҳаяжон билан имтиҳонга ташриф буюрган абитуриентларни ЖДПУ қабул комиссияси аъзолари ҳамда университет раҳбарияти кутиб олди. Ота-оналари дўст-ёрлари, яқинлари даврасида имтиҳон олди ҳаяжонлари билан кўзлари порлаб турган ёшлар учун имтиҳон илк катта ҳаётга ташланган қадамдир.