Қувонарлиси, ушбу ёшлар орасида Фарғона давлат университети талабаси Ҳайитбой Ҳасанов ҳам бор. Бугун унга олийгоҳдаги барча талабалар ҳавас билан қарамоқдалар ва тенгдошларига қаратилган эътибордан ўзгача куч олмоқдалар.
Талаба-ёшларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини тарбиялаб бориш, тенгдошдан-тенгдошга тамойили асосида «талабабай» ишлаш мақсадида бугун ФарДУда «Келажак бунёдкори» медали соҳиби Ҳайитбой Ҳасанов ва талаба-ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Учрашув аввалида университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов Ҳайитбой ва унинг ота-онасига Ватанга сидқидилдан хизмат учун, яхши тарбия, муносиб фарзанд етиштириб берганлари учун ўз миннатдорлигини билдирар экан, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир талабага қаратган эътиборини алоҳида эътироф этиб, давлат мукофоти соҳибини самимий муборакбод этди. Университет жамоаси ва кўп сонли талабалари номидан Ҳайитбойга табрик совғасини топширди.
Ҳайитбой ҳам ўз дил сўзларини тенгдошлари билан ўртоқлашар экан, Фарғона давлат университетида талабалар учун яратилган имкониятлар, янги ва замонавий ўқув бинолари, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини ичида улғаяётган бир ёш сифатида яна қайта талаба бўлишни орзу қилаётганини, ФарДУ бағрини тарк этишни асло истамаётганини яширмади.
Талаба-ёшлар даврасида ўз таассуротларини улашаётган Ҳайитбой ҳамон ҳаяжонда эди.Чунки у Муҳтарам Президентимизнинг табрикларини ёнларида туриб тинглаб, бугун ёшларга етказмоқда.
Саволлар, табриклар ва таклифлар талабалар даврасини қиздириб юборди. Сўх элининг фарзанди бўлган Ҳайитбой ҳозиржавоблик билан талабаларнинг барча саволларига батафсил жавоб бериб борди.
Учрашувда иштирок этаётган унинг онаси – Дилором опа эса ёшлар тўғрисида қалби фахр ва ифтихорга тўлиб, бахтли талабалар суҳбатини завқ билан тинглаб ўтирар экан, дилдан шукроналар келтирди.