Франция компанияси томонидан халқаро дам олиш маскани барпо этилади

    “Чимён” мавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, илмий-тадқиқот, қурилиш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, ишга тушириш бўйича очиқ тендер ўтказилди. 

    “Белдерсой – Чимён – Нанай” халқаро мавсумий курортини қуриш ва експлуатация қилиш лойиҳа идораси” давлат унитар корхонаси томонидан “Чимён туристик зонасини қуриш” лойиҳаси доирасида эълон қилинган тендерда Франциянинг “Montagne yet Neige Développement” (МНД) компанияси ғолиб деб топилди.

    Маълумот учун, МНД тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳи бўлиб, 2004-йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда. Компания бутун дунё бўйлаб “Курчевел”, “Чамоних-Монт-Бланc”, “Роса Хутор”, “Молесон”, “Нарвик” ва бошқа 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.

    Таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳа доирасида мавсумий тоғ боғи ҳам ташкил этилади. Бу боғда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариш учун барча имкониятлар яратилади.

    Лойиҳада 2515 метр баландликка кўтариладиган 10 кишилик асосий канат йўли (максимал қуввати – 2000 киши/соат) ва 80 кишилик оралиқ маятник типидаги канат йўли (максимал қуввати – 800 киши/соат) қурилиши ҳам кўзда тутилган.

    Қайд этиш жоизки, ҳудуд зиёратчиларни 3309 метр баландликка олиб чиқадиган иншоотлар мавжуд бўлган Марказий Осиёдаги енг баланд нуқтага айланади.

    Шунингдек, Франция компанияси томонидан 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттраксионлар, умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган 11 та чанғи йўлаклари, меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар, 6000 та туристик маскан ҳам барпо этилади.

    Мазкур лойиҳа Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш, кенг, қулай шароитлар ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.