Фрилансерлик ёшлар бандлигини таъминлашнинг янгича йўли(ми)?

    Фикр 17 май 2020 4665

    Бугун кўплаб ёшлар уйида ўтириб, интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматларни кўрсатмоқда.

    Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ушбу фаолият билан шуғулланувчиларнинг харажатлари 2-3 баробар ошиб кетмоқда.

    Президентимиз раислигида жорий йилнинг 22 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида асосий иш жойидан ажралиб қолган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни мавсумий ишларга жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилар экан, мутасаддиларга фрилансерлик каби фаолият турлари учун имтиёз ва преференциялар бе-риш, ёшларни интернетдан фойдаланиб, ақлий меҳнат орқали даромад топишга ўргатиш, соҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

    Айни пайтда белгиланган вазифаларни ҳал этиш ва йўлга қўйиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?

    Абдулазиз НАЗИРОВ, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳри кенгаши раиси:

    — Масалага ечим қидиришдан олдин соҳа ривожига тўсиқ бўлиб турган муаммоларни, уларнинг сабабларини ўрганишимиз керак. Бунинг учун М-фактор лойиҳаси билан ҳамкорликда уч кунлик онлайн форум ташкил қилдик. Унда маҳаллий ва хорижий экспертлар, ўз йўналишида муваффақиятга эришиб келаётган ҳамда фрилансерлар хизматларидан фойдаланаётган йигирмага яқин тадбиркорни таклиф этдик. Улар соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ўртага ташлаб, ечимига доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Айни пайтда фрилансерлик базасини шакллантиришни бошладик. Ҳозирча пойтахт ёшлари қамраб олиниб, 200 нафарга яқин фрилансер рўйхати тузилди.

    Ботир ОРИФЖОНОВ, тадбиркор:

    — Масофадан ишлаш ва пул топиш борасидаги энг долзарб масалалардан бири таълимдир. Дастурлаш бўйича таълим беришни йўлга қўйиш керак. Бунинг учун дастурлаш таълимини университет ўқув дастурига киритиб, мутахассис тайёр бўлишини тўрт йиллаб кутиш шарт эмас.

    Замон шиддат билан ривожланиб бораётган бир вақтда бу фақат вақт йўқотишга хизмат қилади. Фрилансерликни ўргатиш учун онлайн ёки офлайн марказларни очиш керак. Бу марказлар давлат томонидан қўллаб-қувватланса ва кенг кўламда ташкил қилинса, бир йилда тахминан 10 мингга яқин ёшни фрилансерликка ўргатиш имконияти бор. 18 ой ёки узоғи билан икки йил давом этадиган бу курслар олий таълим тизими- дан бир неча баробар тез ва самаралироқдир.

    Агар бу режа йўлга қўйилса, бир-икки йил ичида Ўзбекистон бозорига бирданига 10 мингга яқин мутахассис кириб келади. Улар ўзбек сегментида самарали ишлаш билан бир қаторда ўз хизматларини экспорт ҳам қила бошлайди. Айтайлик, дастурлаш тизимини яхши ўзлаштирган ёш мутахассис бир ойда ўртача беш миллион пул топа олади. Бунинг учун унга комьпютер ва интернет бўлса, етарли.

    Жамшид СОБИРОВ, www.hirelancer.uz фриланс биржаси муаллифларидан бири:

    — Мамлакатимизда фрилансерлик фаолияти олдиндан бор эди. Фақат турли сабаблар ва муаммолар борлиги учун соҳа бироз оқсаётганди. Айтиш керакки, фрилансерликда иш берувчи ва хизмат кўрсатувчиларга эҳтиёж жуда юқори.

    Фақат улар фойдаланувчилар ҳолида ишламоқда. Бу соҳа экотизимининг яхши эмаслиги талаб ва таклифни бирлаштирувчи марказлашган база йўқлигидандир балки.

    Шулардан келиб чиққан ҳолда жуда қисқа муддатда www.hirelancer.uz фриланс биржасини ишга туширдик. У орқали нафақат соҳа ривожланади, балки масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда мав- жуд қатор тўсиқлар бартараф этилиб, харажатларнинг 2-3 баробар ошиб кетишига барҳам берилади.

    Платформага кирган мутахассис ўзига тегишли бўлган соҳани танлайди ва иш берувчига ўзининг портфолиосини жўнатади. Иш берувчи унга синаш учун ишнинг бир қисмини бериб кўради. Фрилансер синовдан ўтса, ўзаро онлайн шартно- ма тузилади. Унга кўра, буюртмачи шу иш учун белгиланган нархдаги маблағни Uzcard, Pay me, Click каби тўлов тизимлари орқали платформа- га юклайди. Масофадан ишлаётган мутахассис барча топшириқни аъло даражада бажарса, маблағ ID рақам орқали унинг пластик картасига ўтказиб берилади. Бунда банк томонидан пул ўтказмасидан бир фоиз миқдорда солиқ ушлаб қолинади. Бу мутлақо хавфсиз ва кафолатли тизим бўлиб, айни пайтда ушланадиган солиқ миқдорини камайтириш, чет эллик иш берувчиларни ҳам жалб қилган ҳолда хорижий валюталарда ҳам тўлов қилиш имкониятини яратиш ҳамда платформани фойдаланувчиларга ўзбек тилида тақдим этиш масалалари устида иш олиб боряпмиз.

    Ҳусан МАМАСАИДОВ, “М-faktor” лойиҳаси асосчиларидан бири:

    — Фрилансерлик биржасининг онлайн тарзда ташкил этилиши нафақат соҳани жадал ривожлантиради, балки ортиқча маблағ тежалишига ҳам ёрдам беради. Биз агар фрилансерлар мулоқотини офлайн тарзда ташкил этмоқчи бўлсак, Сo-working марказлар яратиш, бинолар қуриш, моддий-техник базани йўлга қўйиш учун жуда катта маблағ кетади. Масофадан ишлаш платформаси соғлом рақобат яратиши билан иш берувчига ҳам, фрилансерга ҳам жуда қулайдир.

    Бунда фрилансерга ўз портфолиосини чиройли тарзда яратиш, ўз ишининг устаси бўлиш ва ишга масъулият билан ёндашиш етарли.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Соҳиба МУЛЛАЕВА ёзиб олди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates