Афсуски, унинг қувончи узоққа чўзилмади. Тўғриси, унга нисбатан мутасаддиларнинг «ишсизларни ишга жойлаштирдик», қабилида иш тутилганидан жуда оғринди.
Чунки, ишсиз инсоннинг ўзига ва қобилиятига бўлган умиди сўнади. Таъкидлашича, ҳатто 3 ой ҳам ишламабди. 2021 йилнинг 9 декабридан туман фавқулодда вазиятлар бўлимини 8-ҳарбийлаштирилган ёнғин қутқарув қисмининг навбатчи диспетчери вазифасига киришган бўлса, 2022 йилнинг 1 мартидан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Бироқ негадир Кармана туман Фавқулодда вазиятлар бўлими фуқаро Шоҳруҳ Ёдгоровга меҳнат дафтарчасини қайтариб бермайди. Мурожаати ҳам бефойда. Олти ой деганда қўлига меҳнат дафтарчасини олди. Шунда фуқаро меҳнат муносабатларидаги адолатсизликка чек қўйиш учун Навоий шаҳар адлия бўлимидан ҳуқуқий ёрдам сўради.
Навоий шаҳар адлия бўлими фуқаро Шоҳруҳ Ёдгоров манфаатига жавобгар Навоий вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига нисбатан иш ҳаққи ва маънавий зарар ундириш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди. Суд эса фуқарога 6 ой давомида меҳнат дафтарчаси бермаган Кармана тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимидан мажбурий прогул туфайли даъвогар фойдасига 10 млн 868 сўм миқдорда компенсация пуллари ва 1 млн сўм маънавий зарар ундиришни қаноатлантирди.
Тўғриси, суд ишида Навоий вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг меҳнат муносабатларига масъул ходимлари иштирок этмади. Бироқ, фуқаро ҳақиқат қарор топганидан мамнун. Демак, агар сизнинг меҳнат дафтарчангиз иш жойингиздан қайтариб берилмаса, билингки, ўша ташкилот ҳолига вой.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 108-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини бериши шарт. Йўқса, мазкур кодекснинг 275-моддаси билан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлайди. Худди Кармана туман фавқулодда вазиятлар бўлими сингари...
Ширинбек Очилов,
Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси