Хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити – меҳнат соҳасидаги асосий тамойил ва ҳуқуқ

    28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни

    Меҳнат ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, ҳар биримиз унга нафақат муносиб ҳақ тўланишини, балки имкон қадар хавфсиз ва қулай бўлишини истаймиз.

    Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни, бу – хавфсиз, соғлом ва муносиб меҳнат шароитларини тарғиб қилишга қаратилган йиллик халқаро кампаниядир. Ушбу кун бутун дунёда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга ҳисса қўшишга қаратилган бўлиб, у иш жойларидаги хавфсизлик ва шароитларни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳамда иш жойларидаги соғлиқни сақлашнинг сиёсий аҳамиятини қандай тарғиб қилиш ҳақида хабардорликни оширишнинг муҳим воситасидир.

    1919 йилда Версал тинчлик шартномаси асосида ўша даврдаги Миллатлар лигаси таркибий бўлинмаси сифатида ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) тузилган бўлиб, ҳозирги кундаги нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. У 1946 йилдан бошлаб БМТнинг биринчи ихтисослашган агентлигига айланди. Ташкилот тузилган вақтда унга 42 давлат аъзо бўлган, ҳозирги кунга келиб аъзо давлатлар сони 187 тага етди.

    ХМТ асосий фаолияти хавфсиз ва соғлом меҳнат концепциясига асосланган бўлиб, меҳнатни муҳофаза қилиш ушбу ташкилотни тузишнинг асосий сабабларидан бири саналади. Ҳозирги кунда ҳам бу масала ташкилот фаолиятида асосий ўринни эгалламоқда.

    ХМТ тузилганидан буён меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари билан боғлиқ 40 дан ортиқ халқаро меҳнат нормасини қабул қилди. Ушбу ҳужжатлар касбий хавф-хатарларни назорат қилиш ва бошқаришни таъминлашнинг минимал стандартларини белгилайди, шунингдек, касблар бўйича ишчиларни турли хил меҳнат шароитида ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

    Шулардан баъзилари, ҳозирги кунда ХМТнинг устувор конвенцияларидан бири ҳисобланган 1981 йилдаги “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 155-сонли ҳамда 2006 йилги “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенциялари бир-бирини тўлдириб, хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳитини таъминлаш учун тегишли тамойиллар, мажбуриятлар ва ҳуқуқларни акс эттирган асосий халқаро ҳужжатдир.

    ХМТга 1996 йил Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунини таъсис этиш бўйича юборилган расмий таклиф 2003 йилдан бошлаб қўллаб-қувватланган ва 28 апрель санаси танланган.

    Шунингдек, бу кун хавфли, носоғлом ва оғир меҳнат шароитлари туфайли ҳалок бўлган, жароҳатланган ёки касб касалликларига учраган ишчиларни хотирлашга бағишланган халқаро сана ҳамдир. Бу кунга бағишлаб 1996 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилотида (Нью-Йорк шаҳрида) бўлиб ўтган биринчи халқаро маросимдан буён Халқаро хотира кунини нишонлаш ташаббуси бутун дунё касаба уюшмалари ҳаракатини қамраб олди.

    Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан ҳар йили дунёнинг турли бурчакларида кенг нишонлаб келинаётган ва анъанага айланган кун бу йил Хавфсиз ва соғлом меҳнат муҳити – меҳнат соҳасидаги асосий тамойил ва ҳуқуқ” шиори остида ўтмоқда.

    Тадбирдан кўзланган асосий мақсад дунё ҳамжамиятини иш жойларида содир бўлаётган енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ходисаларнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига диққат-эътиборини кучайтиришдир.

    Бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари кўпчилик ҳолларда ходимлар билим даражасининг етарли эмаслиги, ёнғин хавфсизлиги, меҳнатнинг хавфсиз усул ва услубларига ўқитилмагани сабабли юзага келмоқда.

    Иш берувчилар ишчиларнинг меҳнат хавфсизлиги ва соғлиғи учун жавобгардир. Шунингдек, ҳар бир ходим иш жойидаги жароҳатлар ва бахтсиз ҳодисаларга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Ишчилар хавфсизлик қоидаларига риоя қилиши, ўзини ва ҳамкасбларини асоссиз хавф-хатарларга дучор қилмаслиги, ўз ҳуқуқларини билиши ва профилактика чораларини амалга оширишда фаол иштирок этиши керак.

    COVID-19 пандемияси кучли соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик тизимига эга бўлиш меҳнат муҳитини ҳимоя қилиш ҳамда ишчиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш учун жуда муҳим эканини кўрсатди.

    Иш жойларида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хавфсизлик чораларини қўллаш, касаллик тарқалишининг олдини олишда ҳамда ишчилар ва умуман жамиятни ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини исботлади.

    Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан дунёнинг аксарият мамлакатлари қатори, Ўзбекистонда ҳам меҳнат муҳофазаси масалаларига бағишланган тадбирлар анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда.

    Ушбу тадбирларда асосий эътибор аҳолига муносиб меҳнат шароитлари яратиш, меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси борасида олиб борилаётган ишларни янада кучайтиришга, хусусан иш жойларида содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилгандир.

    Хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил этишнинг асосини меҳнат муносабатлари соҳасидаги давлат сиёсати ташкил этади. Ўзбекистон Республикасида иш жойларидаги хавфсизлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш, фуқаролар соғлиғини таъминлаш масалалари давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

    Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари Конституция, Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

    “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга киритилган сўнги ўзгартиш ва қўшимчалар, меҳнат муҳофазаси соҳасида иш берувчилар ва ходимлар масъулиятини оширишга ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини изчил равишда ривожлантиришга, айниқса қурилиш соҳасида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги меъёрларини такомиллаштириш юзасидан зарур чораларни кўришга қаратилгандир.

    Шунингдек, мамлакатимизда барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда касб касалликларига чалиниш, коронавирус инфекцияси, инфекцион ҳамда мавсумий касалликлар тарқалиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳам кўплаб профилактика ишлари самарали олиб борилмоқда.

    Юртимизда барча учун муносиб меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган етарлича механизмлар шакллантирилган бўлишига қарамасдан, ҳар бир иш берувчи иш жойидаги яратилган шароитлар авваламбор меҳнатни муҳофаза қилишнинг барча талабларига жавоб берган тақдирдагина самарали ва хавфсиз ишлаш мумкинлигини тушуниб етмоғи лозим.

    Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

    Миллий маркази бош мутахассиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates