Фуқаролар ўзларининг молиявий кўникмаларини шакллантириши керак

    Ижтимоий ҳаёт 1 декабр 2022 1684

    1-21 ноябрь кунлари давомида «Жамоатчилик фикри» Телеграм-канали орқали мессенжер фойдаланувчиларининг пул маблағларини қаерда ва қандай шаклда сақлашини билиш мақсадида сўров ўтказилди.

    Сўровда жами 1 067 киши иштирок этди. Шундан респондентларнинг 45 фоизи пул жамғариш имконияти йўқлигини, ҳаммаси рўзғорга кетишини, 35 фоизи пул йиғолмаслиги кредит тўловлари борлиги билан боғлиқлигини таъкидлаган.

    Респондентларнинг 19 фоизи маблағини уйида, миллий валютада нақд пул шаклида, 13 фоизи эса хорижий валютада сақлашини қайд этган. Сўров иштирокчиларининг атиги 9 фоизи пулини банкларда, омонат кўринишида, 6 фоизи кўчмас мулк кўринишида сақлаши маълум бўлди. Респондентларнинг 2 фоизи маблағини акция ва қимматли қоғозларга инвестиция қилади ва яна шунча фоизи криптовалютада сақлайди.

    Ушбу сўров натижаларини Moliya.uz ва «Growth Academy» ҳаммуассиси, молиявий саводхонлик бўйича эксперт Шоҳида Ибрагимова шундай шарҳлади:

    — Сўровнома натижасига кўра, респондентларнинг 80 фоизи умуман пул йиғолмайди. Бу асосан, харажатларни тўғри бошқара олмаслик, даромадни тақсимлашни билмаслик ва тўғри молиявий одатлар шаклланмагани билан боғлиқ.

    Сўралганларнинг 35 фоизи пул жамғара олмасликлари билан биргаликда, пул билан тўғри муносабат ўрнатмаганликлари натижасида қарз ва кредитларга ўралашиб қолган. Кредит олса бўладиган вазиятлар бор, олиб бўлмайдиган вазиятлар бор. Кредит олишда нотўғри қабул қилинган қарорлар одамларни қарзга ботириб қўйиши мумкин.

    Иштирокчиларнинг 45 фоизида жамғарма бор ва бу яхши. Лекин уларнинг ярми, яъни 19 фоизи маблағини уйда нақд пул шаклида ва миллий валютада сақлаши маълум бўлди. Бу унчалик тўғри усул эмас. Биринчидан, уйда турган пулни тез ишлатиб қўямиз, иккинчидан, нақд пул инфляцияга учрайди, бунинг натижасида зарар кўриш мумкин.

    Респондентларнинг 9 фоизигина маблағини банк омонатида сақлар экан, банк омонати пул сақлаш учун яхши танлов, бироқ, пассив даромад ўрнини боса олмайди.

    Пулни кўчмас мулк шаклида сақлаш ҳам яхши танлов. Бу ишончли инвестиция турларига киради. Уни ижарага бериб пассив даромадга айлантириш мумкин.

    Сўралганларнинг 4 фоизи маблағини инвестиция қилар экан. Ҳар қандай инвестиция қилишдан олдин уни пухта ўрганиш керак, бу хавф-хатарларни камайтиради.

    Сўровномадан қисқа хулоса қилиш мумкинки, фуқароларда молиявий саводхонлик даражаси, афсуски, паст. Яхшироқ натижага эришиш учун даромадни кўпайтириш йўлларини, пассив даромад манбаларини яратиш ва молиявий кўникмаларни шакллантириш керак.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates