Мажлисда «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янгича ёндашувлар асосида такомиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тузилмасида Болалар билан ишлаш бошқармаси ташкил этилди. Бундан ташқари, мазкур Бошқармага ички ишлар органларидан вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари штати ўтказилди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шу жумладан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик, жамоат жойларида тамаки ёки алкогол маҳсулотини истеъмол қилганлик, шунингдек вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик бўйича ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатларини мустаҳкамловчи ўзгартиришлар киритиляпти.
Бундан ташқари, Қўмита мажлисида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги Қонун ҳам муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгалиги, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги Фармонида янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида белгиланган мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлаш мақсадида «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиши лозимлиги белгиланган.
Шу боис Ички ишлар вазирлиги томонидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қонун қабул қилинди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари ҳамда уларни яшаш ва турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар белгиланади.
Муҳокама якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.