«Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда парламент дипломатиясининг ўрни» мавзусида ўтган мазкур ялпи сессияда Ўзбекистон парламентининг минтақавий ва халқаро муносабатларни кенгайтиришда муҳим ташаббусларни илгари суриш ва халқаро тадбирларни ташкил этишдаги фаол роли алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси жорий йил 5–9 апрель кунлари Марказий Осиё тарихида илк бора Тошкент шаҳрида ўтказилиши ҳам бунинг ёрқин намунаси эканлиги эътироф этилди.
Сессияда юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва қонунларни қабул қилиш бўйича тажриба алмашишда парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш масалаларига урғу берилди.
Муҳокама жараёнида делегациямиз аъзолари томонидан минтақамизда экологик хавфсизлик ва иқлим ўзгаришига оид масалаларни самарали ҳал этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга доир таклифлар билдирилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар парламент ресурсларидан самарали фойдаланишда ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришнинг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.









